Ўзбекистон | 15:32 / 12.06.2021
2328
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда бир йилда 15 марта қоидаларни бузган ҳайдовчи одам ўлимига сабаб бўлган ЙТҲ содир этди

Сурхондарё вилояти Денов туманида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Бир йил давомида 15 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчи одам уриб юбориб, унинг вафот этишига сабабчи бўлган.

Маълум қилинишича, жорий йил 10 июнь куни давлат аҳамиятига эга бўлган 4Р-107 автомобиль йўлининг Денов тумани Себзор маҳалласидан ўтган 2-километрида инсон ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган. Дамас машинаси ҳайдовчиси қувиб ўтиш ва тезлик қоидаларини бузган ҳолда ҳаракатланиб, бошқарувни йўқотган. Сўнг, йўлнинг чап томонида ўзининг яшаш ҳовлиси эшиги олдида турган 2004 йилда туғилган фуқарони уриб юборган. Оқибатда фуқаро оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонада вафот этган.

Суриштирувларда, мазкур ҳайдовчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олганига 1 йил бўлгани, шу муддат давомида у 15 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузгани аниқланган. Шунингдек, у икки марта ЙПХ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан қочиб кетган, иккинчисида қарама-қарши йўналишда машина бошқариб тегишли жазо олган.

Қайд этилишича, мазкур ҳодиса юзасидан ҳайдовчига нисбатан қонунларда белгиланган тартибда жиноий иш очилган.

Мавзуга оид