Сурхондарёда ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳолда Labo’га одамларни миндириб кетаётган ўсмирга чора кўрилди
Сурхондарё вилояти Ангор туманида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳолда, қоидаларга зид равишда Labo кичик юк машинасига тенгдошларини миндириб кетаётган ўсмирга чора кўрилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, жорий йил 11 июнь куни соат 21:30ларда Сурхондарё вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан Ангор тумани марказидаги кўчалардан бирида йўл ҳаракати қоидаларига зид равишда Labo кичик юк машинаси тепасига болаларни миндириб кетаётган ҳайдовчи тўхтатилган.
Суриштирувда, ҳайдовчининг ўзи ҳам 16 ёшда бўлиб, ҳали ҳайдовчилик гувоҳномасини олмаган ўсмир экани аниқланган. Ҳайдовчи ўртоғиникида бўлаётган ҳашарга ёрдам бериш мақсадида отасига тегишли машинани сўроқсиз миниб чиққанини айтган.
Таъкидланишича, ЙҲХБ ходимлари томонидан мазкур ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, машина жарима майдончасига қўйилган.