Сирдарё тумани ҳокими ўринбосари интернетда тарқалган эски видео туфайли ишдан кетди. У лавозимга тайинланганига бир ой бўлганди
Ярим яланғоч раққосаларга пул қистирган Сирдарё тумани ҳокими ўринбосари ва яна бир мутасадди ишдан бўшатилди.
Сирдарё тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Нурали Мирзаев лавозимидан озод этилди. Kun.uz манбаси маълумотига кўра, 14 июнь куни у билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Сирдарё тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Нозим Муратов ҳам ўз аризасига асосан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Бу истеъфолар ижтимоий тармоқларда Сирдарё тумани ҳокими ўринбосари ва бошқа масъуллар ресторанлардан бирида ярим яланғоч ҳолда ўйнаётган раққосаларга пул қистираётгани акс этган видео тарқалиши ортидан рўй берди.
13 июнь куни Сирдарё тумани ҳокимлиги ахборот хизмати мазкур ҳодиса юзасидан муносабат билдирганди.
Унда айтилишича, видеолавҳада акс этган жараён 2020 йил октябрь ойи ўрталарида Сирдарё туманидаги ресторанлардан бирида рўй берган.
Видеода раққосаларга пул қистираётган масъуллар –ўша вақтда туман ҳокими ёрдамчиси бўлган Нурали Мирзаев, туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Нозим Муратов, туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Сирдарё тумани инспекцияси бош мутахассис-давлат инспектори, «Сувоқова» давлат унитар корхонаси раҳбари ҳамда Сирдарё тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарлари бўлган.
«Мазкур шахслар ишдан ташқари вақтда бошқа фуқаролар сингари ресторанга овқатланиш учун борган. Улар ўтирган хонага ресторанда хизмат кўрсатаётган раққоса қизлари кириб келган. Раққосаларнинг кутилмаганда кириб келиши уларга маъқул келмаган. Шу сабабли раққосаларга пул берилган ва хонани тарк этиши сўралган. Натижада видеодаги ҳолат юзага келган.
Ҳолат юзасидан ресторан маъмурияти билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Масъул ходимларга жамиятда юриш-туриш қоидаларига амал қилган ҳолда давлат хизматчиси сифатида намуна кўрсатишлари лозимлиги эслатиб ўтилди. Шунингдек, лавозимдан озод этиш каби қатъий чора қўлланилиши белгиланди», дейилганди муносабатда.
Бу ҳодисанинг бошқа иштирокчиларига қандай чоралар кўрилгани маълум эмас.
Маълумот учун, Нурали Мирзаев Сирдарё тумани ҳокими Ботиржон Мирзақуловнинг ўринбосари лавозимига 2021 йил май ойи бошида тайинланганди.