Ўзбекистон | 19:59 / 15.06.2021
13127
3 дақиқада ўқилади

«Хотин-қизларни ўқитиш – ёрқин келажак калити» — Саида Мирзиёева

Марказий Осиёнинг бешта давлати ва Афғонистонда фаолият юритувчи юздан ортиқ раҳбар ва тадбиркор аёллар 15 июнь куни халқаро онлайн бизнес-форумга йиғилди.

Анжуманда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, олти мамлакатдаги тадбиркор аёлларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Форум маркази Тошкентда, Халқаро Вестминстер университетида ташкил этилди. Унда, хусусан, Республика Гендер комиссияси аъзоси Саида Мирзиёва ҳам сўзга чиқди.

«Ҳурматли ҳотин-қизлар, cиз ўз мисолингизда қандай қилиб маҳорат орқали муваффақиятга эришишни исботлай олгансиз. Ҳаётни яхши томонга ўзгартиряпсиз, ёрқин келажак ҳақида ўйлайсиз. Энг муҳими, мамлакат тараққиёти учун масъулман, деб ҳисоблайсиз. Ҳаёт йўлидаги тўсиқлардан чўчимайсиз. Ҳақиқий аёллар айнан шундай бўлиши керак. Биз ҳаммамиз бир куч эканлигимизни англаймиз.

Бизнинг мақсадимиз битта: одамлар бахтли ва фаровон яшасин. Бугунги учрашувимизда кўплаб муҳим масалалар муҳокама қилинади. Булар – хотин-қизларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-сотиқни қувватлаш, ижтимоий ҳимоя, болалар таълим-тарбияси каби мавзулардир.

Бу ерга йиғилганимиздан энг катта мақсад – ўзаро тажриба алмашиш, янги билимларни ўзлаштириш ва бир-биримизга ёрдам беришдир.

Икки қизнинг отаси, тўрт неваранинг бобоси бўлган президент Шавкат Мирзиёев жамиятда хотин-қизларни қийнаётган муаммолардан яхши хабардор ва шунга монанд уларни қўллаб-қувватламоқда. Давлат раҳбари лавозимига киришганидаёқ жамиятда гендер тенгликни таъминлашни асосий мақсадга қўйди. Бугунги кунда жуда муҳим масалалар, жумладан, аёлларнинг тенг меҳнат муносабатларини таъминлаш, таълим олиш ҳуқуқини кафолатлаш кўриб чиқилмоқда. Умуман олганда, хотин-қизлар таълими – ёрқин келажак калитидир.

Хотин-қизларнинг иштирокисиз бирор соҳа ривожланганини кузатмадим. Ўз соҳасининг етакчи аёллари фарзандларининг фаровон яшаши ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим асос ярата олишади. Болалар ҳуқуқлари таъминланган жойда эса келажакка умид бор. Биз тенг ҳуқуқ ва имкониятлар учун курашишга тайёрмиз. Энг муҳими, ортга йўл йўқ. Бизнинг ортимизда фарзандларимиз, бутун мамлакат, бутун инсоният турибди», – деди Саида Мирзиёева.

Тадбирда ушбу форум Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти доирасида ўтказилаётган энг муҳим тадбир дея таъкидланди.

Форум иштирокчилари Марказий Осиё аёллари ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик қилиш бўйича йўл харитасини қабул қилади. Лойиҳа ҳужжатлари қатнашаётган мамлакат раҳбарлари билан келишилган ва форумда айтилган таклифларни инобатга олган ҳолда қабул қилинади.

Мавзуга оид