Жамият | 19:01 / 16.06.2021
5069
2 дақиқада ўқилади

Навоийда уч киши машина олиб қочди. Улар орасида 17 ёшли қиз ҳам бор

Навоий вилояти Конимех туманида уч киши машина олиб қочган. Улар орасида 17 ёшли қиз ҳам бўлган. Бу ҳақда вилоят ИИВ ЙҲХББ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 12 июнь куни фуқаролардан бири Конимех тумани ИИБ навбатчилик қисмига туман ҳудудида жойлашган АЁҚШда турган «Нексия-3» машинасини номаълум шахслар олиб қочиб кетгани ҳақида хабар берган. Туман ИИБ ЙҲХБ ва жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида машина олиб қочганликда гумонланган шахслар Қизилтепа туманида ушланган.

Суриштирувларда аниқланишича уч нафар гумонланувчи Тошкентдан Навоий шаҳрига бориш учун Самарқанд шаҳридан такси чақирган ва нархини келишиб «Нексия-3» машинасига ўтиришган Улар Конимех туманига етганида ҳайдовчи АГҚШлардан бирига ёқилғи қуйиш учун кирган. Ҳайдовчининг ҳожатхонага кирганидан фойдаланиб, уч йўловчи машинани миниб қочиб кетишган. Қизилтепа тумани ҳудудига етишганда машинанинг ёқилғиси тугаб, тўхтаб қолган. Икки йигит машинани ташлаб, қочиб кетишган. Қиз машина олдида қолган.

Машина олиб қочганларнинг энг каттаси 19 ёшда бўлиб, у аввал ҳам ўғирлик жиноятини содир этиб жазоланган шахс бўлиб чиққан.

Таъкидланишича, ушбу уч нафар шахсга нисбатан Жиноят кодекси 267-моддасининг тегишли бандлари билан жиноий иш қўзғатилган. Ҳозир дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Мавзуга оид