Ўзбекистон | 07:55 / 18.06.2021
43928
2 дақиқада ўқилади

Андижон жоме масжидининг янги биноси очилди

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти Бош жоме масжидини бориб кўрди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, бу жойда илк масжид 1870 йилда тикланган. Ҳозирги масжид қурилиши 2018 йилда бошланиб, шу йил май ойида якунланди.

Янги бино қадимий чор айвон ва чор дарвоза услубида барпо этилган. Унинг икки четида баландлиги 54 метрлик миноралар, асосий бинонинг тепа қисмида диаметри 18 метрли гумбаз қурилган.

Илгари масжид сиғими 5 минг кишини ташкил қилган бўлса, энди бино 15 мингдан ортиқ намозхонни ўз ичига сиғдира олади.

Қуръон оятларидан тиловат этилиб, дуо қилинди.

 - Бу даргоҳни барпо этишга ҳисса қўшган муҳандислар, қурувчи ва безакчилар, ҳомийларга миннатдорчилик билдираман. Масжид Андижон халқига муборак бўлсин, узоқ йиллар халқимизга хизмат қилсин, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда уламо ва имом-хатиблар билан мулоқот бўлди.

- Ҳамма жойларда муқаддас зиёратгоҳларни обод қилиш, янги масжид ва маърифат марказлари қуришга эътибор қаратяпмиз. Бундай хайрли ишларни давом эттирамиз. Мўмин-мусулмонлар бу ерга келиб, ибодатларни эмин-эркин бажариб, шукроналик билан халқимизни дуолар қилса, нур устига нур, - деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид