Ўзбекистон | 23:14 / 18.06.2021
33430
4 дақиқада ўқилади

Қобилжон Обидов: “Президент кўнглига тугиб қўйган орзуларини амалга оширяпти”

Шавкат Мирзиёев ҳокимлигида ҳам, бош вазир бўлган пайтида ҳам амалга оширишга имкон топа олмаган режаларини бугун ҳаётга татбиқ қиляпти, дейди Андижон вилоятининг собиқ ҳокими Қобилжон Обидов Янги Андижон шаҳри қурилиши олдидан.

17 июн куни президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташриф буюрди ва “Янги Андижон” шаҳрига тамал тоши қўйди.

Келажакда 450 минг киши яшаши режалаштирилаётган бу улкан лойиҳага старт берилиши олдидан вилоят фаоллари иштирокида шу ернинг ўзида учрашув бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбири Андижон вилоятининг собиқ ҳокими, айни пайтда вилоят ўрмон хўжалиги раиси Қобилжон Обидов билан суҳбатда бўлди.

– Қобилжон ака, катта лойиҳа ишга тушиши олдидан сиз билан суҳбатлашяпмиз, дастлаб таассуротларингизни сўзлаб берсангиз.

– Андижонга хуш келибсизлар. Мана шу кунлар, мана шу онлар тарихда қолади. Сабаби, Андижоннинг энг катта муаммосига ечим топиладиган, бошқа вилоятларга ўрнак бўладиган, нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни давлатларда ҳам ўхшаши йўқ яхлит бир шаҳар қурилиши бошланишига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Бир вақтлар Туркияга борганимизда тоғлар орасида барпо қилинаётган улкан турар жой комплексларини кўриб ҳавас қилгандим. Мана, ўзимиз ҳам шу ишларни амалга оширяпмиз.

– Бир неча йиллар олдин ҳозиргидек имкониятлар бўлмагани ҳақида кўп эсланади. Сиз ҳам айни ўша даврларда ҳоким бўлгансиз. Бу борадаги фикрларингиз биз учун қизиқ.

– Президентимиз Шавкат Миромонович билан бир пайтда ҳокимлик қилганмиз. Чиндан ҳам ўша пайтларда ҳозиргидек имкониятларимиз бўлмаган. Ер муаммоси, аҳоли учун уй-жой масаласи ўша пайт ҳам долзарб эди. Ечими тўғрисида бош қотирганмиз, лекин ҳаммаси маблағ масаласига тақалиб қолаверарди.

Эътибор беринг, (рақамларда балки озроқ адашишим мумкин), бундан 20 йиллар олдин Андижонда 1 км/кв майдонга 530 киши тўғри келган, ўша пайтда Қорақалпоғистонда бу майдонга 3 киши тўғри келган. Бугунги кунга келиб Андижонда бу кўрсаткич 630-650 кишига етди.

Биласиз, аҳолимиз жуда зич, еримиз эса чекланган. Уй қурсак, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказа олмаймиз. Хўш, муттасил ўсиб бораётган аҳолини уй-жой билан қандай таъминлаймиз?

Ўша пайтларда 100та хат келса, 90таси уй сўраб ариза бўларди, биз уларнинг деярли барчасига рад жавобини берардик. Чунки қурилишнинг ўзи йўқ эди-да. Мана ҳозир эҳтиёжмандларга қанча имкониятлар бериляпти.

Шавкат Миромонович ҳокимлигида ҳам, бош вазир бўлган пайтида ҳам амалга оширишга имкон топа олмаган режаларини бугун ҳаётга татбиқ қиляпти.

– 450 минг бу жуда катта рақам, кўпчилик узоқ йиллик шаҳарларда ҳам бунча аҳоли йўқ. “Янги Андижон” тез орада кўзланган мақомга эришишига ишонасизми?

– Мен бунга аминман. Юқорида уй-жой масаласи Андижон халқи учун нақадар муҳимлигини айтдим. Бундан ташқари, Янги Андижон шунчаки қатор уйларнинг ўзи эмас, инфратузилма, коммуникация, транспорт, ижтимоий объектлари, иш ўринлари каби энг муҳим жиҳатларни ўзида жамлаган мукаммал лойиҳа. Бундай лойиҳа эса азалдан ҳаётий зарурат эди.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид