Ўзбекистон | 16:17 / 18.06.2021
9673
2 дақиқада ўқилади

Енгил автомобиль ишлаб чиқариш 32 мингдан ошиқроққа камайган

Жорий йилнинг январь-май ойларида автомобиль ишлаб чиқариш 32 минг 131 донага, ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш миқдори 4,5 минг тоннага камайган. Автомобиль бензини ишлаб чиқариш эса, 14,9 минг тоннага кўпайган.

Фото: Sputnik

2021 йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистонда 160 трлн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.

Статқўм маълумотларига кўра, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан саноат ишлаб чиқаришнинг ҳажми 8,2 фоизга ошган.

2021 йилнинг январь-май ойларида 85 минг 794 дона енгил автомобиль ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг мос даври билан таққосланганда 32 минг 131 донага камроқ.

Кўриб чиқилаётган даврда тозаланган ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш миқдори 4,5 минг тоннага камайган. 2020 йилнинг январь-май ойларида 81,1 минг тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг мос даврида 76,6 минг тоннани ташкил этган.

Шу билан бир қаторда, жорий йилнинг дастлабки беш ойи давомида автомобиль бензини ишлаб чиқариш 14,9 минг тоннага кўпайган. 2020 йилнинг январь-май ойларида 441,3 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган бўлса, 2021 йилнинг мос даврида бу рақамлар 456,2 минг тоннага етган.

Аввалроқ, ўтган беш ой ичида автомобиль ишлаб чиқариш саноатида энг кўп «Соbalt» автомобили ишлаб чиқарилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид