Жамият | 15:39 / 24.06.2021
3697
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда сомон ортган «ЗИЛ» ағдарилиб кетди ва М39 халқаро автомобиль йўлида қатновни тўсиб қўйди

Жиззах вилоятида сомон ортган «ЗИЛ» ағдарилиб кетди ва М39 халқаро автомобиль йўлида қатновни тўсиб қўйган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 23 июнь куни соат тахминан 19:00ларда М39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобиль йўлининг Жиззах вилояти ҳудудидан ўтган 970-километрида «ЗИЛ» юк машинаси ағдарилиб кетган. Унинг устига юкланган сомон тойлар йўлнинг қарама-қарши томонига тўкилиб, йўлни тўсиб қўйган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, мазкур йўл-транспорти ҳодисасининг содир бўлишига «ЗИЛ» ҳайдовчиси томонидан йўл ҳаракати қоидаларининг юк ташиш талабларини қўпол равишда бузилиши сабаб бўлган. У транспорт воситасига белгиланган меъёрдан ортиқча юк ортиб ҳаракатланиши давомида руль бошқарувини йўқотган, сўнг, йўлни иккига ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилиб ағдарилиб кетган.

Қайд этилишича, мазкур йўл-транспорт ҳодисасида тан жароҳатлари олган ҳайдовчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Бундан ташқари, «ЗИЛ» ағдарилиши оқибатида юк автомашинаси жиддий шикастланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 4 июнь куни Жиззах вилоятида белгиланган меъёрдан ортиқча юк ортиб ҳаракатланган юк машиналарига ЙПХ инспекторлари томонидан чора кўрилиши давомида уларнинг ҳайдовчилари норозилик билдириб, М39 халқаро автомобиль йўлини ёпишга уринишганди.

Мавзуга оид