Ўзбекистон | 20:39 / 25.06.2021
14219
3 дақиқада ўқилади

“Абдулла Қодирий боғи чиқиндихонага айланган” — Экопартия

Қатор танқидий мақолалар ортидан, Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент боғларидаги қуриётган дарахтлар бўйича рейд бошлади. Дастлабки рейдда шаҳар марказидаги Абдулла Қодирий боғи чиқиндихонага айлангани, инвесторларга берилган лотларда дарахтлар қуриб ётгани аниқланди ва қонуний чора кўриш талаб қилинди. Партия вакилининг Kun.uz'га билдиришича, Яшнободдаги “дарахтлар қабристони” айбдорлари ҳам бунинг учун “жавоб беради”.

Фото: Экологик партия

Ўзбекистон Экологик партияси Тошкентдаги Абдулла Қодирий боғининг инвесторларга тақсимлаб берилган қисмларида дарахтларнинг қуриб қолиши ва чиқиндилар билан тўлиб бораётгани бўйича масъуллардан қонуний чора кўришни талаб қилди.

Партия хабарига кўра, боғдаги ҳолат экология инспекторлари, Шайхонтоҳур туман депутатлари ва аҳоли вакиллари билан бирга бориб ўрганилган.

Фото: Экологик партия

Рейд давомида боғнинг қаровсиз аҳволдалиги, бу ердаги аксарият манзарали дарахт ва ўсимликлар ўз вақтида суғорилмагани оқибатида қуриб қолгани, бу жараён бошқа дарахт турларида энди бошланаётгани аниқланган.

“Янада ачинарлиси, яқин йиллар давомида ўз кўрки ва чиройи билан инсонларни ўзига жалб қилган мазкур боғ бугунга келиб, ёнғин келиб чиқиши мумкин бўлган чиқиндихонага айланган.

Боғдаги бундай ҳолатнинг янада ачинарли тус олишига яқинда ушбу ҳудуддаги автомобилларни вақтинча сақлаш майдонида содир бўлган ёнғин ҳам сабаб бўлган.

Экологик рейд натижаси бўйича шу ернинг ўзида масъуллар иштирокида баённома расмийлаштирилди”, – дейилади расмий релизда.

Фото: Экологик партия
Фото: Экологик партия
Фото: Экологик партия

“Яшиллар” баёнотига кўра, шаҳардаги маданият ва истироҳат боғларининг ҳолатини ўрганиш бўйича махсус режа тузилган ва шу асосда экологик рейдлар бошланган.

Аввалроқ Kun.uz Тошкентдаги қатор истироҳат боғлари ёпиқ ҳолда, қаровсиз ётгани ҳақида мақола эълон қилганди.

Шунингдек, бир неча кун олдин шаҳарнинг Яшнобод туманида пайдо бўлган “дарахтлар қабристони” ҳақида хабар берилди. Туманнинг Алимкент кўчасида кўчириб ўтказилган дарахтлар қуриб қолиши ачинарли манзарани юзага келтирган.

Экопартия масъул ходимининг Kun.uz'га маълум қилишича, Алимкент кўчасидаги ҳолат юзасидан протест киритилади, “бу ишни зиммасига олган ташкилот ва мутасаддилар жавоб беради”.

Афсуски, қаровсизлик оқибатида қуриб бораётган дарахтлар фақатгина боғларда эмас. Пойтахтни яшиллаштириш мақсадида 2021 йилнинг баҳор мавсумида экилган 75 минг туп кўчатларнинг 52 мингдан ортиғи аллақачон сувсизликдан қуриб қолган.

Мавзуга оид