Жамият | 14:30 / 26.06.2021
6816
5 дақиқада ўқилади

“Касаллик олдида имконсиз қолдик” – оққондан диллари сиёҳ бўлганлар

Дунёда инсонни изтиробга соладиган вазиятлар кўп: булар орасида яқин инсонингни йўқотишдан қўрқиб яшаш энг даҳшатлиси бўлса ажаб эмас. Оққонга чалинган беморларнинг яқинлари ҳар лаҳзада буни ҳис қилишади. Шу сабабдан уларнинг сўзларини эътиборсиз тинглаб бўлмайди.

“Қўлидан ҳеч нарса келмаса эркак киши учун оғир бўлар экан”

2 фарзанднинг отаси Умрбек “Тез тиббий ёрдам”да беморларга тезкор ёрдам кўрсатиш учун шифокорларни элтар эди. Афсуски, бугун унинг ўзи шундай беморлар сафида яхшилардан мадад кутмоқда. Бир неча йилдан бери оққон билан курашиб келаётган йигитнинг соғайиши учун шифокорлар имкон борича ўз маҳоратларини ишга солишди. Ҳозир унга илик кўчириш операцияси ёрдам бериши мумкинлигини айтишган. Касаллик сабаб айни пайтда ишсиз бўлган оилада эса бунга шароит йўқ.

Умрбек Маткаримовга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0904 2884 4490 бемор Умрбек Маткаримов номида

Сбербанк: 4216 6600 3020 5744 қариндоши Жасурбек Отажонов номида

Телефон: +998339136045 (бемор)

Етимлар бошини силаётган оилани қийнаётган дард

Санобар ва Муножат бир-бирига овсин бўлишган. Тақдир тақозоси билан Муножатнинг етим қолган фарзандларини ҳам ўз фарзандларига қўшиб тарбиялаётган оила бошига иккинчи катта ташвиш тушди. Санобарда оққон касали аниқланди. Опаси Муножат гематология шифохонасида фаррошлик қилгани сабаб бу касалнинг одамзотга етказадиган зарарини яхши англайди: “Синглим билан битта уйда яшаймиз, мениям болаларимни шуни турмуш ўртоғи боқиб турганди. Синглимни даволатиш учун мол-ҳол – ҳаммасини сотдик, ҳеч нарса қолмади, қарзгаям ботди. Ҳар сафар кимётерапияларни олганида қўрқиб кетаман” дея қайғуради жигари учун.

Санобар Султонбоевага оид маълумотлар:

Агробанк: 8600 0417 5590 9349 турмуш ўртоғи Асрор Султонбоев номида

Сбербанк: 4817 7602 1266 2567 қариндоши Бахтиёр Мирзахолов номида

Телефон: +998993279091 (турмуш ўртоғи)

Сирти бутун, ичи тутун бўлган оналар...

Қувондиқ ҳозир 29 ёшда. У 24 йилдан буён машъум касалликнинг чангалида азоб чекади. Гемофилия оқибатида емирилган оёқ суягини операция қилдириш учун бундан 8 йил аввал уйларини ҳам сотишган. “Ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз... Дадам раҳматли менинг дардим билан ўтиб кетди. Ҳозирда онам иккимизнинг 800 минг атрофидаги нафақамизга кун кечиряпмиз. Ишлашни хоҳлайман, лекин соғлигим йўл қўймайди: бир челак сув кўтаролмайман. 10 йилдан бери ижарадамиз, уйда ёлғиз эркак киши бўлсам-да қўлимдан иш келмаслиги алам қилади” ўксинади йигит. Онаси Чиннигул опа ёлғиз фарзандининг дардига бир умр шерик бўлган. Ўзининг таъбири билан айтганда: “Сирти бутун бўлса-да, ичи тутун”.

Қувондиқ Жузбоевга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0610 1173 8993 Қувондиқ Жузбоев номида                                                                                                                                                                           
Ҳумо: 9860 0301 4509 0962 қариндоши Сеитбек Одилбеков номида

Телефон: +998939859892 (бемор)

“Бир ўғлим энди тузалганида иккинчиси дардга чалинди”

Азизбек улғайганида шифокор бўлишни ният қилган – ўзига ўхшаган бемор болаларни даволамоқчи. Бир эмас, икки ўғли хасталикка чалинган Фотима болаларининг дардини аритиш учун ҳаракат қилади: “Аллоҳ дард берсин-у фарзанд билан синамасин экан. Катта ўғлим 1-синфда ўқиётганида инсульт бўлиб қўл-оёғи ишламай, тилдан ҳам қолди. 5 йил уни парваришлаб, энди оёққа турғазганимда соппа-соғ юрган бу ўғлим оққонга дучор бўлди” дейди у.

Азизбек Давроновга оид маълумотлар:

Ўзкард: 9860 0301 0149 2723 онаси Фотима Каримова номида

Сбербанк: 5469 3800 3958 0021 қариндоши Суннат Норқулов номида

Телефон: +998942570979 (онаси)

“Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғ” дейишади. Бугунги беморларимиз ўша қоронғу кунларни бошдан кечиришмоқда. Улар ҳозир нафақат моддий ёрдамга, балки ширинсўзга, далдага, дуога ҳам муҳтождирлар. Бундай пайтда кимнинг нимага имкони бўлса ва ўша билан кўмак берса, ортиғи билан олгусидир.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади
Тасвирчи Шерзод Эгамбердиев

Мавзуга оид