Ўзбекистон | 12:12 / 26.06.2021
29273
4 дақиқада ўқилади

Сенат халқаро ташкилотлар қайта кўриб чиқишни тавсия этган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунни қабул қилди

Бугун Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди ва сенаторлар томонидан қабул қилинди.

Фото: Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати

Маълум қилинишича, ушбу қонун дастлабки тарзда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари аъзолари, экспертлар, мутахассислар иштирокида ўрганилган ва дастлабки тарзда кўриб чиқилган.

Юқори палата вакиллари таъкидлашича, қонуннинг мақсади виждон эркинлиги кафолатларини кучайтириш, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини таъминлашнинг қонуний механизмларини мустаҳкамлаш, шунингдек, давлатнинг дин ишлари бўйича сиёсатини такомиллаштиришдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 4 май куни Қонунчилик палатаси депутатлари «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда кўриб чиқиб, қабул қилганди.

Маълумотларга кўра, лойиҳа эълон қилинганидан буён (2020 йил август ойида) аҳоли, халқаро ташкилотлар ва маҳаллий экспертлар томонидан 700дан ортиқ таклиф келиб тушган. Лойиҳа қўмита ва партиялар фракцияларида ҳам кенг муҳокама қилинган. Депутатлар янги қонун лойиҳасида аҳолини қийнаб келаётган муаммолардан бири – фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги чекловни олиб ташлаган.

Лекин янги таҳрирдаги қонунда ҳам хусусий диний таълимга қўйилган чекловлар сақланиб қолмоқда. Бу жамоатчилик фаоллари ва диний уламолар томонидан норозиликка сабаб бўлган.

Депутат Расул Кушербаев эса қонун муҳокамасида «Миллий тикланиш» партияси диний таълимни кенгайтириш таклифига қаршилик билдирганини маълум қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон расмийларининг илтимосига кўра, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ва Европа кенгашининг Венеция комиссияси «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ўрганиб чиқиб, қўшма хулоса берган.

Хулосада лойиҳадаги айрим ижобий янгиликлар эътироф этилган, бироқ ҳукумат дин ва диний эркинлик устидан «қатъий ва кескин чоралар кўриши мумкинлиги» белгилангани салбий қарши олинган.

«Қонун лойиҳаси инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга ва ЕХҲТ олдида инсон ҳуқуқлари борасида олинган мажбуриятларга тўла мос келиши учун жиддий қайта кўриб чиқилиши керак», – дея таъкидланган ЕХҲТ ва Венеция комиссиясининг қўшма хулосасида.

Халқаро ташкилотлар қонун лойиҳасида диний фаолият ва диний ташкилотлар мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказилиши, давлат рўйхатидан ўтказиш учун ортиқча талаблар борлиги, диний материалларга цензура сақланиб қолаётгани, давлат амалдорларининг диний соҳада ҳаддан зиёд эркинлиги ва диний ташкилотнинг автономия ҳуқуқига аралашув борлигини танқид қилган.

АҚШ комиссияси докладида «таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси»га иқтибос келтирилган ҳолда айтилишича, янги таҳрирдаги қонун лойиҳасининг амалдаги қонундан деярли фарқи йўқ, чунки унда «ҳали-ҳамон давлат рухсатисиз дин эркинлигини амалга ошириш тақиқланади, давлат рухсатисиз диний таълим бериш ман этилади, ҳукумат дин ҳақидаги барча материалларни цензура қилади ва динга бошқаларни даъват этиш тақиқланади».

Мавзуга оид