Ўзбекистон | 12:30 / 28.06.2021
2655
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланган яширин цех эгасига жиноий иш қўзғатилди

Жиззах шаҳрида табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланган яширин цех фаолияти фош этилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, Жиззах шаҳрида яшовчи фуқаро Ж.Р. ўзининг яшаш хонадонида яширин цех ташкил қилиб, ўзбошимчалик билан табиий газ тармоғига улангани аниқланган. У қўлбола усулда тайёрланган оҳак пишириш печида 12 дона газ горелкасини ўрнатиб, ноқонуний оҳак ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланган. Оқибатда, ҳудудий газ таъминоти корхонаси манфаатларига 76,3 миллион сўм зарар етказилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид