Словения: Икки асрдан бери шаҳарлашиш жараёнидан ҳимоя қилинаётган парк (фото)
Любляна – яшил шаҳар. UzbekLife учун мазкур мақола орқали шаҳарнинг ўзига хослиги, хусусан яшил табиати ҳақида маълумот бермоқчиман.
Словениянинг пойтахти бўлган ушбу шаҳарда деярли барча кўчалар четида дарахтлар тизилиб туради, шаҳардаги аксарият деворлар, бинолар ва уйларни ҳам манзарали ўсимликлар қоплаганини кўриш мумкин.
Шунингдек, инсонлар табиатдан баҳра олиши учун шаҳар марказида Тиволи парк бунёд этилган (1813 йил).
Паркнинг ҳудуди 5 километр квадратдан ортиқроқ. Любляна каби кичик шаҳар учун (163,8 километр квадрат) бу анча катта парк ҳисобланади. 1984 йилда ушбу паркни шаҳарлашишдан сақлаш, ундаги биохилма-хилликни асраш мақсадида шаҳар ҳокимияти уни «Алоҳида эътибордаги табиий объект» сифатида эълон қилади ва шу тарзда ҳукумат ҳимоясига олинади. 2015 йилда эса шаҳар ҳокимияти парк, ундаги бир қанча табиий қадриятлар, ҳайвонларни асрашга қаратилган янги тартиб-қоидаларни тузиб чиқади.
Паркда нималар қилиш мумкин?
Паркка кириш бепул бўлиб, унда кўплаб машғулотлар билан шуғулланишингиз мумкин. Қуйида уларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз.
1. Пикник. Паркда кенг майсазорлар мавжуд. У ерда оилангиз ёки дўстларингиз билан пикник қилишингиз мумкин.
2. Дарс қилиш. Паркда махсус парталар ҳам жойлаштирилган. Кўпинча талабалар компьютерларини олиб келиб, шу парталарда дарс қилиб ўтиради. Майсазорлар устида ҳам китоб ўқиб ўтирган ёшларни тез-тез учратиш мумкин.
3. Пиёда сайр. Парк пиёда сайр қилишга мўлжалланган йўлаклар, шунингдек, ўрмонзор ҳудудга эга. Йўлаклар ёки ўрмонзор бўйлаб сайр қилишингиз, дарахтлар, ўсимликлар, қушлар ҳамда ҳайвонларни томоша қилишингиз мумкин.
4. Велосипедда учиш. Паркда велосипедда учиш учун махсус йўлаклар қурилган. Мазкур махсус йўлаклардан ташқари ўрмон ичида ҳам велосипедда сайр қилиб юрганларни учратишингиз мумкин.
5. Болалар майдончаси. Паркда турли кўнгилочар шароитларга эга болалар майдончаси бор. Болали оилалар фарзандларини майдончага олиб келишлари учун шароитлар яратилган.
6. Тамадди қилиш. Парк ичида бир қанча тамаддихоналар ҳам бор. Истасангиз, танишларингиз билан келиб тамадди қилишингиз мумкин. Бундан ташқари парк ичида бир нечта музқаймоқхоналар ҳам мавжуд.
7. Теннис ўйнаш. Парк 12 та теннис кортига эга. Кортларда махсус мураббийлар теннисдан сабоқ ҳам беради.
8. Шу билан бирга, паркда югуриш ва бошқа эркин машқлар билан шуғулланиш учун ташриф буюрувчилар ҳам кўп.
9. Бундан ташқари парк ҳудудида жойлашган бир қанча тарихий бинолар (Тиволи қасри – XVII аср, Секин саройи – XVII аср, Тиволи-ҳолл –XX аср) ҳайкаллар, объектларни ҳам томоша қилсангиз бўлади.
Биз Люблянада яшаган вақтимиз уйимиз шундоққина парк ёнида эди, парккача 7-8 дақиқалик йўл эди. Деярли ҳар ҳафта паркка айлангани чиқар, ҳар сафар турли йўллардан юрар ва турли объектларни кўрардик.
Паркдаги баҳайбат, йўғон дарахтларни кўриб Тошкентда аёвсиз чопиб ташланаётган дарахтлар хаёлимдан ўтарди…
Мақсуд Саломов,
UzbekLife колумнисти
Мавзуга оид
09:20 / 22.10.2024
Словенияда Иккинчи жаҳон урушидан қолган йирик бомба зарарсизлантирилди
09:47 / 02.08.2024
Озарбойжон Словенияга газ етказиб беришни бошлади
22:30 / 31.07.2024
Словенияда россиялик икки жосусга ҳукм ўқилди
22:18 / 21.06.2024