Отабек Сатторийга оид жиноят ишини апелляция инстанциясида кўриб чиқиш бўйича биринчи очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди
Бугун, 29 июнь куни соат 11:00 да Сурхондарё вилоят суди биносида Отабек Сатторийга оид жиноят ишини апелляция инстанциясида кўриб чиқиш бўйича биринчи очиқ суд мажлиси бўлиб ўтган. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, судга раислик қилувчи Самарқанд вилоят суди судьяси И. Ҳамидов томонидан суд таркиби эълон қилиниб, ҳозир бўлган суд иштирокчиларига уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тушунтирилган. Шундан сўнг, тарафларда судлов ҳайъати таркибини рад қилишга оид арзлар ёки илтимослар бор ёхуд йўқлигига аниқлик киритилган. Судланувчи О. Сатторий прокурор ва судлов ҳайъати таркибига раддия билдирган. Унинг раддияси тарафларнинг фикри ўрганилган ҳолда ҳал этилиб, қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Шунингдек, судланувчи О. Сатторий ва унинг ҳимоячиси Ш. Холмуродов судга илтимоснома киритиб, судланувчи О. Сатторийнинг отаси А. Сатторийни ҳимоячи сифатида иштирок этишга рухсат берилишини сўраган. Ушбу илтимоснома Жиноят-процессуал кодексининг 423-моддаси (суд мажлисида ажрим чиқариш тартиби) тартибида ҳал этилиб, қаноатлантирилган ҳамда А. Сатторий ҳимоячи сифатида ишда иштирок этишга жалб қилинган. Унга Жиноят-процессуал кодексининг 53-моддаси (ҳимоячининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари) да назарда тутилган ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари тушунтирилган.
Қайд этилишича, суд муҳокамасининг тайёрлов қисмида жабрланувчи Т. Шопўлатов ва Ў.Турдиевнинг ҳимоячиси С. Маматқулованинг соғлиги ёмонлашганлиги боис суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисидаги, судланувчининг ҳимоячиси Ш. Холмуродов ишга янгидан киришганлиги сабабли жиноят иши ҳужжатлари билан танишиш, суд муҳокамасига тайёргарлик кўриш учун зарур вақт берилишига оид илтимослари кўриб чиқилган. Таъкидланишича, илтимосномалар асосли эканлиги инобатга олиниб, кейинги суд мажлиси 2021 йил 30 июнь куни соат 10:00 га қолдирилган.
Суд муҳокамаси очиқ мажлисда ҳамда ошкора кўрилганлиги сабабли ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар ёки бошқа шахсларнинг суд мажлисига киришига монелик қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2021 йил 10 майдаги ҳукмига кўра, О. Сатторий Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми «а», «г» бандлари ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланиб, 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) га асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Мавзуга оид
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024
Фарғонада танишини ўлдириб, уйига ўт қўйган аёлга ҳукм ўқилди
08:48 / 09.11.2024
Кўп квартирали уйларни бошқариш органи қарзни судда ундиришда олдиндан давлат божини тўлашдан озод қилинди
19:12 / 31.10.2024