“Ўзбекистонда ишламоқчи бўлса, қонунларимизга риоя қилсин” — масъуллар ижтимоий тармоқларга оид қонун ҳақида
Ўзкомназорат бошлиғи Ғолибшер Зиёев ва бошқа масъуллар ижтимоий тармоқлар блокланиши эҳтимолини юзага келтирган қонун масаласида Kun.uz'га изоҳ берди.
Бугун, 29 июнь куни Миллий гвардия ихтисослаштирилган ўқув марказида Ахборот хавфсизлиги бўйича МДҲ халқаро экспертлар форуми бўлиб ўтди.
Kun.uz форум доирасида масъуллардан “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга қўшилган 27-1 модда борасида изоҳ сўради. Бу моддага асосан, ижтимоий тармоқлар олдига Ўзбекистон фуқароларининг шахсига оид маълумотларни жисман Ўзбекистон ҳудудида сақлаш талаби қўйилмоқда.
“Шахсий ёзишмаларни Ўзбекистонга кўчириш шарт эмас”
Ғолибшер Зиёев, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси (Ўзкомназорат) бошлиғи:
— Албатта, қабул қилинган ҳар бир қонуннинг ижроси таъминланиши лозим. Бу қонун Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларини ҳимоя қилишга қаратилган. Бугунги кунда бунга ҳам техник, ҳам қонуний асослар тўлиқ яратилган ва имкониятлар мавжуд.
Сервер дейилганда кўз олдимизга жуда катта комплекслар келади ва шу орқали буни жуда бўрттириб, муаммодек кўрамиз. Бироқ бугунги кунда ахборот технологияларини ривожлантириш йўналишида ваколатли органлар техник шароитлар яратиб беришга тайёр.
— Шахсга доир маълумотларга шахсий ёзишмалар ҳам кирадими ёки рўйхатдан ўтиш учун киритилган маълумотларми?
— Шахсга доир маълумотларга нималар кириши қонун билан белгиланган. Ёзишмалар – бошқа нарса.
“Фуқароларимизнинг ҳуқуқларини конституцион таъминлашга ҳаракат қиляпмиз”
Темур Аҳмедов, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи:
— Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик нормалари бизда 2019 йилдан пайдо бўла бошлади, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Агар бу йўналишда ишлар давом эттириладиган бўлса, биз ташқаридан эмас, ички назоратни кучайтириш орқали фуқаролар ҳуқуқларини конституциявий кафолатлашимиз мумкин. Агар ташқарида бўлса, буни таъминлай олмаслигимиз эҳтимоли кўпроқ.
Facebook, Yahoo каби компанияларга ҳакерлар ҳужум қилиб, битта маълумот чиқариши ўша компания учун 10-100 миллионлаб доллар харажатга тушади. Сабаби – бу уларнинг имижи, репутациясига таъсир қилади. Шунинг учун биз мамлакатимиз фуқароларининг шахсга доир маълумотларини Ўзбекистонга олиб келишга, шу орқали уларнинг ҳуқуқларини конституцион таъминлашга ҳаракат қиляпмиз.
— Ўзимизга олиб келинса, бу маълумотлар дахлсизлиги кафолатланадими?
— Айтяпман-ку, Ўзбекистонда бу маълумотлар [дахлсизлиги] Конституция билан кафолатланган. Дейлик, бирон маълумот чиқарилса, судга мурожаат қилишимиз мумкин. Халқаро суддан кўра, Ўзбекистондаги судда иш осон ва тез муддатда кўрилади. Халқаро судлардаги баъзи ишлар 10 йиллаб чўзилиши ҳолатлари кузатилади.
“Интернет-компаниялар Ўзбекистонда ишламоқчи бўлса, Ўзбекистон қонунларига риоя қилиши керак”
Элдор Туляков, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори:
— Ахборотлашган жамиятда кўплаб хизматлар, хусусан тўлов хизматлари электрон тарзда тақдим этиляпти. Бу жараёнда шахсга доир маълумотларнинг кўлами сезиларли равишда ошди, яъни кўплаб аҳолимиз ахборот майдонида шахсий маълумотларини беришига тўғри келяпти. Шу жараёнда ҳар бир мамлакат ўз фуқароларининг шахсга доир маълумотларини ҳимоя қилишга, бу борада тегишли талабларни илгари суришга ҳақли.
Бу – фуқароларнинг ҳам шахсий, ҳам бевосита иқтисодий ҳолатига таъсир қиладиган маълумотлар. Оддий ҳолатда мисол келтираман, фуқаролар банк картасидаги маълумотларни бериши натижасида ҳисоб рақамидаги маблағлар йўқолиб қолаётгани, электрон олди-сотдида алданиб қолаётгани учраб турибди. Шу каби ножўя ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида давлат фуқароларини ҳимоя қилмоқчи.
Мазкур масала амалиётда қай тарзда ишлайди дейилса, буни вақт кўрсатади. Ҳозирги жараёнда бу талабнинг илгари сурилаётгани электрон майдонда хизмат кўрсатадиган катта-катта корпорацияларнинг Ўзбекистон қонунига бўйсуниш-бўйсунмаслигини уларнинг ўзи ҳал қилади.
Бўйсунмайдиган бўлса, давлат идоралари томонидан бу компаниялар фаолиятини маълум даражада чегаралаш керак бўлади. Ўзбекистоннинг қонуни Ўзбекистонда ҳамма учун баробар. Албатта, улар Ўзбекистонда фаолият олиб бормоқчими, шу давлат қонунига риоя қилиши керак. Қонун эса ҳозир уларнинг серверлари Ўзбекистонда жойлашишини талаб қиляпти.
Ҳозир шу нормани киритишнинг мавриди эдими, деган масалага келсак, қонунчилик органи бу масалани ҳозирги пайтда долзарб деб билди.
Эслатиб ўтамиз, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга қўшилган 27-1 модда 2021 йил 16 апрелдан кучга кирди.
Шу асосда йирик интернет компаниялар ва ижтимоий тармоқлардан Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотларни жисмонан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган серверларда сақлаш талаб этилмоқда.
Kun.uz қонунга киритилган мазкур қўшимча юзасидан тафсилотларни ёритиб, шунингдек, мавзу юзасидан жамоатчилик фаолларининг фикри ва таҳлилий мақолалар бериб келмоқда.
Мавзуга оид
19:46 / 25.08.2021
Ижтимоий тармоқлар руҳий саломатлигингизга қандай таъсир ўтказади: экспертлар фикри
22:03 / 24.08.2021
“Ўзбекистонда қонун бор, қонун ишлаши керак” — “Ўзкомназорат” расмийси ижтимоий тармоқлар чекланаётгани ҳақида
17:26 / 19.08.2021
Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш бўйича давлат хизматчилари учун қўлланма ишлаб чиқилади
21:00 / 26.07.2021