Ўзбекистон «Болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳар» глобал ташаббусига расман қўшилди
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати БМТнинг Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда «Болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳар» глобал ташаббусини амалга оширади.
«Республикамиз аҳолисининг 55 фоизини ёшлар ташкил этади ва улар юртимиз келажаги ва салоҳиятидир. 20 йилдан сўнг бугунги болалар ва ёшлар Ўзбекистон тарихидаги энг катта ишчи кучига айланади. Бугун ёш авлоднинг салоҳиятини оширишга (таълим, малака, соғлиқни сақлаш) киритилаётган инвестиция эртага мева бера бошлайди, яъни айнан шу болалар ва ёшлар Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини янги босқичга олиб чиқиши мумкин.
Ҳукуматимиз томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга, ёшлар билан ишлаш сиёсатини такомиллаштиришга давлатнинг устувор йўналиши сифатида энг юқори даражада эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ёшлар уй-жойга эга бўлишига, таълим олишига, бандлигига, ижтимоий ҳимояланишига катта маблағлар ажратилмоқда. Давлат раҳбари ёшлар билан мунтазам мулоқотда бўлиш зарурлигини таъкидлайди. Бу борада «Ҳоким ва ёшлар» учрашувлари, Ёшлар парламентлари мулоқот учун майдонга айланиб улгурди. Вазирлар, Ёшлар ишлари агентлиги ва президентнинг ўзи ёшлар билан тез-тез учрашмоқда.
Ушбу ишларнинг мантиқий давоми ва ёшлар билан ишлашда тизимли ёндашувлар таклифи сифатида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати БМТнинг Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда «Болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳар» глобал ташаббусини амалга оширади. Унинг асосий ғояси шундан иборатки, ҳар бир бола ва ёш йигит-қиз улар учун хавфсиз бўлган, асосий ижтимоий хизматлардан фойдалана оладиган ҳамда уларнинг овозларига қулоқ тутиб, фикр-мулоҳазалари эътиборга олинадиган муҳитда ўсиш ва ривожланиш ҳуқуқига эга.
Ташаббус маҳаллий бошқарув тизимида болалар ҳуқуқларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратишга ҳизмат қилади, шунингдек, болаларнинг фикри ва эҳтиёжлари давлат сиёсати, дастурлари ва қарорларининг ажралмас қисми бўлган жамоатчиликни шакллантиришга ёрдам беради.
Мақсад – болалар ва ёшларнинг бевосита уларнинг ҳаётига тегишли масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда иштирок этишига ва тегишли равишда жойларда ҳаракат дастурларини ишлаб чиқиб, уларни амалга оширишга йўналтирилган тизимли ёндашувни қўллашдир», дейилади «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабарида.
«Ўзбекистон ҳукумати ёшлар имкониятларини кенгайтириш, уларнинг бошқарувдаги иштирокини ошириш масалаларини давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлантирган. ЮНИСEФнинг "Болалар ва ёшларга дўстона шаҳар" глобал ташаббуси маҳаллий даражада мавжуд ёшлар дастурларига тизимли ёндашишга, самарали амалга ошириш ва баҳолашга ёрдам беради. 2021 йил Ўзбекистонда "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" дея эълон қилинган. Мен, айнан шу йилда Ўзбекистоннинг ушбу ташаббусга қўшилаётганини маълум қилишдан жуда мамнунман», дейди ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.
Ташаббус доирасида қуйидаги йўналишлар қамраб олинади:
- ёшлар бандлиги тизимини такомиллаштириш;
- қўшимча таълим олиш имкониятларини кенгайтириш;
- ёшлар маданиятини ривожлантириш;
- хавфсизлик ва фаровон атроф-муҳитни яратиш;
- соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш.
«ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда амалга ошириладиган мазкур ташаббус муҳим бўлган яна бир масалани қамраб олади. Бу — ёшларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини ошириш, муҳим қарорлар қабул қилинишида уларнинг иштирокини кенгайтириш, ёшларнинг овозини эшитиш. Бизнинг вазифамиз бу борада тизим яратиш, тадқиқотлар ўтказиш ва энг яхши амалиётларни жорий этишга қаратилади. Ташаббусни муваффақиятли амалга оширган шаҳарларга айнан ёшлар таклифларини, муаммоларини ҳал этиш учун қўшимча молиявий кўмак ажратиш ҳам кўзда тутилган», дейди «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов.
Ўзбекистонда «Болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳар» дастлаб турли вилоятлардаги 5та шаҳарда амалга оширилади. Бунинг учун ҳамкор ташкилотлар услубий, техник ва молиявий кўмак беради. Аввало, жойларда болалар ва ёшлар учун яратилган шароитлар таҳлил қилиниб, уларни такомиллаштириш бўйича дастурлар шаҳар ҳокимлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади.
Маълумот учун: «Болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳар» глобал ташаббуси ЮНИСЕФ томонидан 1996 йилда БМТнинг аҳоли пунктларини ривожлантириш масаласи бўйича иккинчи конференцияси резолюцияси доирасида илгари сурилган. Бугунги кунда ушбу ташаббус дунё бўйлаб 3 000та шаҳар, 30 миллион нафар болалар ва ёшларни қамраб олган.
Ташаббусни амалга оширишда, шунингдек, Олий Мажлис Сенати, Ёшлар ишлари агентлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар ҳамкорлик қилади.
Мазкур ташаббусни ҳар икки йилда бир марта шаҳарлар ва туман марказлари ўртасида ҳам ўтказиш таклиф қилинди.
Мавзуга оид
18:44 / 03.07.2024
«Мактабларда ўрнатилган панелларнинг қуввати бор йўғи 2-3 та компютер ва 5-6 та ёритиш чироқларига етади» — Бобур Бекмуродов
21:13 / 28.12.2023
Сўровнома: Ўзбекистонлик экспертлар 2024 йилда қандай ўзгаришларни кутмоқда?
16:42 / 21.12.2023
«Бундай қарашлар Россиянинг тобора камайиб бораётган нуфузини янада пасайтирмоқда» — депутат Прилепиннинг сўзларига жавоб қайтарди
18:00 / 19.12.2023