Абдулазиз Комилов — АҚШ ҳарбийлари Афғонистонни тарк этиши ва “Толибон” нимани хоҳлаши ҳақида
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов америкалик журналистга берган интервьюсида Ўзбекистон “Толибон” билан тўғридан тўғри алоқа ўрнатган биринчи мамлакат экани, бунинг учун Тошкентни танқид қилишгани, бироқ шахсан ўзи “Толибон”ни террорчи ташкилот деб ҳисобламаслигини айтди. У, шунингдек, Афғонистондаги урушнинг ечими борасида Ўзбекистоннинг позицияси ҳақида айтиб ўтди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов “This Is America TV” телевизион лойиҳасининг Ўзбекистонга келган муаллифи Деннис Вулига интервью берди.
Америкалик журналист билан суҳбатнинг катта қисмида Афғонистон муаммоси ҳақида сўз боради. Kun.uz суҳбатнинг ушбу қисмини ўзбек тилига ўгирди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Афғонистондаги қуролли мухолифат ва расмий ҳукумат муросага келиши осон кечмайди. Комиловнинг фикрича, халқаро ҳамжамият улар келишувга эриша олиши учун фақат расмий ҳукуматни қўллаб-қувватламасдан, ҳар иккала тарафга ҳам ёрдамлашиши керак.
— Сизлар Афғонистон билан чегарадошсизлар. Бу ниҳоятда муҳим мавзу. Келинг, шу ҳақда гаплашайлик. АҚШ 11 сентябргача ўз аскарларини олиб чиқиб кетмоқчи. Бу ҳақда ўйлаганда нимани ҳис қиляпсиз?
— Бизнинг минтақа борасидаги нуқтайи назаримиз фарқ қилади. Бу ҳақда гапиришдан олдин шуни айтишни истардимки, биринчидан, Афғонистондаги муаммони ҳарбий йўл билан ечиб бўлмайди. Иккинчи муҳим жиҳат, Афғонистон Марказий Осиёнинг уйғунлашган бир бўлаги бўлиши керак. Бу – ягона ва яхлит минтақа.
Учинчидан, Афғонистонда тинчликка эришиш масаласига минтақавий ва халқаро миқёсдаги умумий ёндашув зарур. Шунинг учун биз – у Доҳада бўладими, Туркиядами ёки бошқа жойдами – музокараларнинг барча форматларини қўллаб-қувватлаймиз.
Ўзбекистон “Толибон” вакиллари билан тўғридан тўғри алоқалар ўрнатган биринчи мамлакат бўлди. Очиғини айтганда, ўша вақтда бу “Толибон”ни тан олиш деб ҳисоблаб, бизни танқид қилишди. Ваҳоланки, бу [“Толибон”] – реал оппозиция.
Масала шундаки, Афғонистонда сиёсий тизим қандай бўлади? Албатта, биз 90-йилларда юзага келган Афғонистон Ислом Амирлигини қабул қила олмаймиз. Шу билан бирга, биз бу муаммо амалдаги ҳукумат ва қуролли мухолифат – “Толибон” ва бошқалар ўртасидаги ўзаро муроса орқали ҳал қилиниши керак, деб ҳисоблаймиз.
Бу нимани англатади? Бу шуни англатадики, айрим жиддий исломий қоидалар албатта бўлиши керак. Бу исломий давлат бўлади, чунки аҳолининг катта қисми – мусулмонлар. Айни пайтда, биз охирги 9 йилда эришилган демократик ютуқларни ҳам инкор қила олмаймиз. Масалан, амалдаги ҳокимият, сайловлар, қуролли кучлар, хавфсизлик кучлари, аёллар ҳуқуқлари, қизлар ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти ва бошқалар. Шулар билан бир вақтда, биз исломий қадриятларни ҳам ҳурмат қилишимиз лозим.
— “Толибон” нимани хоҳлаяпти?
— “Толибон” аввало [АҚШ аскарларининг] чиқиб кетишини хоҳлайди.
— АҚШ чиқиб кетгач, улар ким билан курашади? Душман қолмайди-ку.
— Душман қолмайди, лекин Афғонистондаги зиддият – бу фуқаролик уруши. Бу зиддият АҚШ ҳарбийларига қарши бўлаётган курашдангина иборат эмас. Бу зиддият фуқаролик урушидан бошланган, жамиятда бўлиниш рўй берганди.
— Демак, АҚШ чиқиб кетса, улар бир-бири билан кураш олиб борадими?
— Ҳа. Қуролли мухолифат ва ҳукумат муросага кела олиши осон кечади, деган иллюзиядан йироқмиз. Бироқ халқаро ҳамжамият муросага келишлари учун иккала тарафга ҳам ёрдамлашиши зарур.
Биз Афғонистондаги вазият жиддийлигини инкор қила олмаймиз. Биз миллий ярашув бўлиши керак, деган фикримизда қатъиймиз.
— Сиз нафақат “Толибон”, балки бошқа душманлар ҳам борлигини айтингиз. Бу “бошқалар” кимлар?
— Мен уларни “душманлар” деб аташни истамаган бўлардим. Уларнинг барчаси – афғон жамиятининг қисмлари.
— Улар ҳам қуролли мухолифатми?
— Улар фақат қуролли мухолифатдангина иборат эмас. Мазкур жараёнларда фаол қатнашмаётган кўплаб бошқа тарафлар ҳам бор. Масалан, айрим сиёсий партиялар лидерлари, анъанавий етакчилар, диний етакчилар, баъзи регионларнинг раҳбарлари ва ҳоказо.
Шу боис “Толибон”дан ташқари улар ҳам тинчликка эришиш жараёнида иштирок этишлари лозим.
— “Толибон”нинг хоҳиши қудратга эришишми ёки тинчликка эришиш?
— “Толибон”га адвокатлик қилмоқчи эмасман, бироқ сизга, Деннис, Афғонистон Ислом Амирлигининг сайтига жойланган публикацияга бир назар ташлашни тавсия қиламан. Бу мақолада толиблар қанақа мамлакат хоҳлаётгани ҳақида сўз борган.
Жуда қизиқарли мақола. Уни сизга юбораман. Мақолада улар айтади: “Биз ташқаридан аралашувлар бўлмайдиган мустақил ва суверен мамлакат хоҳлаймиз. Ҳудудимиз хорижлик қуролли кучлар томонидан оккупация қилинишини хоҳламаймиз. Биз аёллар, қизлар ва бошқаларнинг ҳуқуқларини таъминлашни истаймиз. Аёллар таълим, тиббиёт ва бошқа соҳаларда ишлай олишлари керак. Биз қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқалар ўрнатишни хоҳлаймиз...” Ва ҳоказо.
Шу сабабли ҳам, фикримча, ҳукумат ва мухолифатнинг умумий манфаатлари бирлашадиган майдон бор. Улар афғон халқи манфаати учун мана шу майдонни кенгайтиришлари, келишувга эришишлари керак.
Бундан ташқари, “Агар афғон халқи президентлик республикасини танласа, биз бунга рози бўламиз”, дегувчи мухолифатчилар ҳам йўқ эмас.
— Минтақа халқларида Афғонистон масаласида умид ва оптимизм борми?
— Биласизми, Деннис, бизда бироз оптимизм йўқ эмас, чунки вазият ўзгарган. Масалан, 2 йил олдинги вазият қандай эди. Қанақа ижобий ўзгаришлар рўй берди: биринчидан, иккала тараф ҳам [расмий афғон ҳукумати ва “Толибон”] тўғридан тўғри алоқалар ўрнатди, бу – охирги 40 йил ичида биринчи марта. Улар ўз кун тартибига эга. Афғонистонга тинчлик ва барқарорлик олиб келиш бўйича халқаро ҳамжамиятнинг ҳам фаоллиги ошган. Тўғридан тўғри музокараларни, келишувга эришишни “Толибон” ҳам хоҳлаяпти.
Биласизми, баъзида одамлар: “Толибон” ҳаракати? Террористик ташкилот!” дейишади. Албатта, эҳтимол уларнинг турли экстремистик ташкилотлар билан баъзи алоқалари бўлгандир. Бироқ сиз менга “Толибон” охирги 40 йил давомида Афғонистоннинг миллий чегараларидан ташқарида террористик ҳужумлар уюштирганига бирорта ҳам мисол келтира олмайсиз. На Марказий Осиёда, на Европада ва на бошқа жойда.
“Толибон” лидери Мулла Бародар билан Доҳада учрашганимда, бизнинг журналистлар ундан сўрашганди: “Қўшни мамлакатлар билан алоқаларингизни қандай қурмоқчисиз?” У Ўзбекистон ҳақида гапириб, шундай жавоб берганди: “Биз Афғонистондаги ҳеч бир ташкилотга Ўзбекистонга қарши бирор ҳаракат қилишига ҳеч қачон йўл қўймаймиз”.
— Афғонистон мавзусидаги охирги саволим. Сиз “Толибон”ни террористик ташкилот деб ҳисоблайсизми ёки йўқ?
— Менинг шахсий фикримми?
— Ҳа.
— Ундай деб ўйламайман. Агар шундай бўлганида, АҚШ “Толибон” билан музокара ўтказиб, улар билан шартнома имзолармиди? Ахир АҚШнинг принципи аниқ: сизлар террористлар билан ҳеч қачон тўғридан тўғри музокара ўтказмагансизлар ва ўтказмайсизлар ҳам.
***
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил бошида АҚШнинг собиқ маъмурияти давлат котиби Майкл Помпео Ўзбекистонга ташриф буюрган, ташриф якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Абдулазиз Комилов АҚШнинг Афғонистондаги ҳаракатларига юқори баҳо берганди. “Барчасини тўғри қилмоқда”, деганди ўзбек дипломатияси раҳбари.
АҚШнинг янги президенти Жо Байден маъмурияти эса Афғонистондаги ҳарбийларни 2021 йил 11 сентябргача олиб чиқиб кетишга қарор қилган. Ўтган ҳафта Афғонистон президенти Ашраф Ғани Вашингтонга ташриф буюрганида ҳам Байден бу фикридан қайтмаслигини билдирган.
Вашингтоннинг бу қарорига расмий Тошкентнинг муносабати маълум эмас. Юқоридаги интервьюда Комилов шу ҳақдаги саволга: “Бизнинг минтақа борасидаги нуқтайи назаримиз фарқ қилади”, дея жавоб берган.
Айни пайтда Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси АҚШда бўлиб турибди. 27 июндан 4 июлгача давом этадиган ташриф давомида ўзбек дипломатлари Американинг янги ҳукумати билан дастлабки йирик музокараларни олиб бормоқда.
Сўнгги ҳафталарда эса Афғонистонда “Толибон”нинг фаоллиги ошган; ҳаракат мамлакат бўйлаб ўз назоратидаги ҳудудлар сонини кўпайтира бормоқда. Ўзбекистон ТИВ юзга яқин афғонистонлик ҳарбий Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтгани, сўнг улар ортига қайтарилганини маълум қилган.
Мавзуга оид
22:47 / 25.12.2024
Путин яна “тарихий ҳудудлар” ҳақида гапирди. У қаерларни айтяпти?
17:13 / 25.12.2024
Ўзбекистон Афғонистон аҳолисига инсонпарварлик ёрдами ва «Саломатлик» поездини жўнатди
17:10 / 25.12.2024
Покистон Афғонистондаги нишонларга ҳаводан зарба берди
18:20 / 18.12.2024