Жаҳон | 12:01 / 01.07.2021
43900
11 дақиқада ўқилади

АҚШ визасини олишда тартиб ва талаблар қандай?

UzbekLife колумнистлари хорижий мамлакатлар визалари мавзусидаги туркум мақолаларни тайёрлашда давом этади. Ушбу мақолада энг кўп мигрантларни қабул қиладиган мамлакат – АҚШ тақдим этадиган виза турлари, уларни қандай олиш ҳақида маълумотлар келтирилган.

Одатда, хорижий давлатлар фуқаролари, АҚШ ҳудудига кириб келишдан олдин вақтинчалик яшаш учун ноиммиграция визаси ёки доимий яшаш учун иммиграция визасини олишлари керак. Ташриф визалари тадбиркорлик (В-1 тоифадаги виза), туризм, дам олиш ва вақтинчалик яшаш (В-2 тоифадаги виза) мақсадида ёки мазкур мақсадларнинг барчаси учун АҚШ ҳудудига муваққат муддатга киришни хоҳловчи шахслар учун ноиммиграция визалардир (В-1/В-2).

Визага ҳужжат топширган шахс суҳбат давомида Консулга АҚШга сафари мақсадларини тушунтириб бериши ва сафар харажатларини тўлай олишга етарли маблағи борлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этиши лозим. Шунингдек, мурожаат қилувчилар АҚШга сафардан кейин Ўзбекистонга қайтиб келиш ниятларини намойиш этувчи Ўзбекистонга кучли ва доимий боғлиқликлари мавжудлигига Консулни ишонтиришлари ҳам зарур. Ўзбекистонда сўнгги 6 ой ичида истиқомат қилмаган номзодлар ўзларининг доимий истиқомат қиладиган мамлакатларида мурожаат этишлари тавсия қилинади.

Бизнес (иш сафари) ва туризм тоифасидаги визалар (В1-В2)

Ноиммиграцион визаларга мурожаат қилувчи Ўзбекистон фуқаролари бир йиллик кўп маротабалик визага эга бўлади. Ушбу турдаги визага мурожаат қилувчиларнинг асосий қисми бизнес (B1) ёки туризм (B2) мақсади билан АҚШга сафар қилади. “Бизнес” сафари ишлаш ҳуқуқини бермайди, лекин шу мақсад билан визага мурожаат этувчиларнинг сафари бир қатор иш ҳақи берилмайдиган иш билан боғлиқ тадбирлардан иборат бўлиши мумкин (учрашувлар, малака ошириш, музокаралар). Бундан ташқари, бу турдаги визага мурожаат этувчилар тиббий муолажа олиш учун ёки уй хизматчиси сифатида АҚШга сафар қилишлари мумкин.

Мурожаат этувчиларнинг ноиммиграцион виза суҳбатида шахсан қатнашишлари ҳақида

14 ёш ва ундан юқори бўлган барча мурожаат этувчилар ноиммиграцион виза учун суҳбатга шахсан келишлари шарт. 14 ёшдан 16 ёшгача бўлган мурожаат этувчилар ота-оналаридан бири ёки расмий вакиллари билан келишлари мумкин. Ҳамроҳ бўлиб кираётган шахслар ўзлари визага мурожаат этмаётган бўлсалар ҳам, рўйхатга ёзилишлари талаб этилади. Ҳамроҳ бўлиб кираётган катта киши, агар ўзи ҳам визага мурожаат этаётган бўлмаса, анкета тўлдириши шарт эмас. Суҳбат учун рўйхатга ёзилишда ушбу ҳамроҳ бўлиб кираётган катталар электрон почта орқали ConsularTashkent@state.gov манзилига хат ёзишлари керак.

16 ёшдан катта бўлган мурожаат этувчилар билан манфаатдор томонлар, жумладан, бевосита оила аъзолари, америкалик дўстлар, адвокатлар ва бошқалар суҳбатга бирга киришлари тақиқланади.

Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари

Аксарият ҳолларда, Консуллик бўлими ходимлари суҳбатнинг охирида ўз қарорларини қабул қилиб, мурожаат этувчига айтади. Агар виза маъқулланса, мурожаат этувчилар ичига виза ёрлиғи қўйилган паспортларини кейинги иш куни соат 15:30да олиб кетишлари мумкин бўлади. Улар ўзлари билан маъмурий тўловни тўлаганларини тасдиқловчи квитанцияларини ҳам олиб келишлари керак.

Бироқ баъзи ҳолларда, Консуллик бўлими ходими қўшимча ҳужжатлар ёки маълумот тақдим этишни сўрайди. Бошқа ҳолларда эса якуний қарор қабул қилиш учун қўшимча маъмурий жараёнлар ўтказиш талаб этилиши мумкин. Бундай жараёнларни ўтказишга вақт керак бўлади. Шу сабабли Консуллик бўлими визаларга имкон даражасида вақтлироқ мурожаат этишни маслаҳат беради. Шу йўл билан сафарга оз вақт қолганда ҳар қандай кечикишларнинг олдини олиш мумкин бўлади. Виза қўлингизда бўлмагунча чипта сотиб олиш ёки буюртма қилиб қўйиш мақсадга мувофиқ эмас.

Вақтинча ишлаш визалари (H, L, P ва O визалари)

АҚШда вақтинча ишлаш учун аниқ бир турдаги визалар талаб қилинади. Шу турдаги визаларнинг аксарият қисми иш берувчи ёки агентлик визага мурожаат этувчи учун петицияни олдиндан тайёрлаши кераклигини талаб қилади. Петиция АҚШ Иммиграция ва фуқаролик хизмати (USCIS) томонидан визага мурожаат қилишдан аввал маъқулланиши керак. Петициялар ҳақида тўлиқ маълумотни USCIS сайтидаги вақтинча ишлаш ҳамда чет эл фуқароларини қисқа муддатга ишга олиш саҳифаларида топишингиз мумкин.

Вақтинча ишлаш тоифасидаги визаларга мурожаат этиш учун қуйидаги ҳужжатларни топшириш талаб этилади:

1. DS-160 электрон анкета. Бу анкета https://ceac.state.gov/genniv манзилида электрон равишда тўлдирилиши керак. Бу анкета, шунингдек, суҳбатга ёзилиш учун ҳам зарур бўлади. Анкетанинг тасдиқлов варағини принтерда чоп этиб, суҳбатингизга олиб келинг.

2. Хорижий сафарлар учун яроқли бўлган паспорт.

3. Сўнгги 6 ой мобайнида олинган фотосурат (фотосуратлар 5х5 см ҳажмда ва оқ фонда бўлиши керак). Фақат асл фотосуратлар қабул қилинади. Бирор усул билан ўзгартирилган (нусхаси олинган, сканер орқали тайёрланган, ўзгартирилган ва ҳоказо) фотосуратлар қабул қилинмайди. Қўшимча маълумотлар учун фотосуратларга талабларни кўринг. DS-160 анкетаси фотосуратни анкетага Интернет орқали бириктириш имконини беради. Консуллик бўлими фотосурат анкетага бириктирилган тақдирда ҳам асл фотосуратни суҳбатга олиб келишни тавсия этади. Бу анкета тўлдирилгандан кейин техник носозликлар олдини олиш учун қилинади.

4. Петиция – I-129 шакли ёки I-797 қарор хабарномаси. Бу ҳужжат Давлат хавфсизлиги департаментида мурожаат этувчининг бўлажак иш берувчиси томонидан расмийлаштирилади.

Агар юқорида кўрсатилган икки шакл бўлмаса, мурожаат этувчилар Консуллик бўлими билан электрон почта орқали боғланиб, петициянинг рақамини тақдим этишлари керак. Петиция маълумотлари Консуллик бўлимига ички маълумот алмашув тизими орқали етказилган бўлса, Консуллик бўлими мурожаат этувчини бундан хабардор этади. Петиция маълумотлари Консуллик бўлими ихтиёрида бўлганда, I-129 ёки I-797 шаклларини топшириш шарт бўлмайди.

Талаба визаси

Талабалар визаси (F-1/M-1) талабларга жавоб берадиган номзодлар учун Қўшма Штатларда аккредитация қилинган олий ўқув юртида таҳсил олиш имконини беради.

Талабалик визаларига мурожаат этувчилар (академик F-1 ва ноакадемик M-1 визалари) АҚШ элчихонасига шахсан мурожаат этишлари лозим. Суҳбат куни ва вақтини белгилаш учун Интернет орқали суҳбат вақтини белгилаш тизимига кириш керак бўлади.

Талаба визасига мурожаат этиш учун юқорида санаб ўтилган ҳужжатларни топшириш талаб этилади.

Шунингдек, талаба визаси учун ота-она ёки ҳомийнинг бутун ўқиш давомида зарур бўлган ўқиш ва яшаш харажатларини қоплашига етарли маблағ мавжудлигини исботловчи молиявий ҳужжатлар сўралади. Талаба билан биргаликда визага мурожаат этувчи оила аъзолари (турмуш ўртоқлар ёки фарзандлар) учун қариндошлик ришталари борлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар, мисол учун турмуш қурганлик тўғрисидаги ёки туғилганлик ҳақида гувоҳномалар.

Алмашинув дастурлари

Иммиграция ва Фуқаролик Акти Америка Қўшма Штатларида алмашув дастурларида қатнашиш учун танланган шахсларга махсус Алмашув дастури қатнашчиси визалари (J) категориясини белгилаб берган. Демак, АҚШ Элчихонаси ёки Консуллигида J визасига мурожаат этишдан аввал, сиз бирорта таълим алмашув дастури талабларига мувофиқ бўлиб, шу дастур ҳомийси томонидан қатнашчи сифатида қабул қилинган бўлишингиз керак. Агар сиз таълим алмашуви дастури қатнашчиси сифатида танланган бўлсангиз, дастур ҳомийси АҚШга сафарингиз учун J визасига мурожаат этишда керак бўладиган ҳужжатлар ва маълумотларни сизга етказади.

“Ёзги таътилда иш ва саёҳат” дастури (Summer Work and Travel program)

«Ёзги таътилда иш ва саёҳат» (ЁТИС) дастури хорижий талабаларга коллеж ёки университетдаги ёзги таътиллари давомида Қўшма Штатларда яшаш ва ишлаш имкониятини беради. Энг муҳими, мазкур алмашув дастури иштирокчиларга Америка халқи билан ўзаро алоқа қилиш ҳамда Америка маданияти билан танишиш имкониятини яратади.

“Work and Travel” дастури иштирокчилари:

- Фақат инглиз тилида сўзлашадиган муҳитда муваффақият қозониш учун инглиз тилида етарли даражада яхши сўзлаша олишлари;

- АҚШ ҳудудидан ташқаридаги олий ўқув юртида бакалавр ёки магистр даражасини олиш учун, ёки аккредитация қилинган аудиторияли олий таълим муассасасида бошқа кундузги ўқиш шаклида таҳсил олишлари;

- Олий ўқув муассасасидаги ҳеч бўлмаганда бир семестрни ёки унга тенг ўқув муддатини муваффақиятли тамомлаган бўлишлари;

- Виза олиш учун суҳбатдан ўтишдан аввал тегишли ишга жойлашишлари керак.

Шунингдек, “Work and Travel” дастурининг истиқболдаги қатнашчиларига турли хил америкалик ҳомийларнинг ҳар бири билан боғланиш тавсия қилинади.

Суҳбатдан ўтишдан аввал ваколатларни тақсимлаш ва одам савдоси қурбонларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Уильям Уилберфорс Қонуни ёзилган рисолани ўқишлари ва тушуниб олишлари зарур.

Эътибор беринг, мурожаатчи дастурни тўрт ой давомида якунлаб, янги семестр бошланишига қадар қайтиб келиш имкониятига эга бўлиши лозим.

“Work and Travel” дастурида иштирок этиш учун бирор машғулотингизни ўтказиб юбормаслигингиз керак. Сизда тўрт ой ичида «Ёзги таътилда иш ва саёҳат» дастурини тамомлаб, янги семестр бошланишидан аввал қайтиб келиш имконияти бўлиши керак.

Жисмоний шахслар DS-160 сўровномасини тўлдириш ва онлайн тарзда суҳбатга ёзилиш орқали визага ариза топширишнинг одатий тартибида мурожаат қилишлари мумкин.

“Ёзги таътилда иш ва саёҳат” дастурида иштирок этиш учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

- DS-160 сўровномасининг электрон шакли. Виза тури алмашув дастури бўйича, яъни ИСҚ дастури учун танланади ва сизнинг визангиз тури J1 бўлади;

- Хорижга чиқиш учун ҳақиқий бўлган паспорт;

- Сўнгги 6 ой ичида олинган фотосурат (фотосурат рангли, 5х5см ҳажмда ва оқ фонда бўлиши керак);

- Алмашув дастури бўйича виза олиш учун DS-2019 шакли. Мазкур шакл ҳомийлик қилувчи ташкилот томонидан берилади;

- АҚШда сизга таклиф этилаётган иш ҳақида маълумот;

- SEVIS (Student and Exchange Visitor Information System – Талабалар ва алмашув дастурлари қатнашчилари тўғрисидаги маълумот тизими) тўловини тасдиқловчи I-901 ёки I-797 шакли;

Талабалик мақомини тасдиқловчи ҳужжатлар, масалан, талабалик гувоҳномаси, рейтинг дафтарчаси ва ҳ.к.

Зиёдахон Ғуломова,

UzbekLife колумнисти

Мавзуга оид