Жаҳон | 12:13 / 01.07.2021
17860
3 дақиқада ўқилади

Дональд Рамсфельд вафот этди. У «террорга қарши уруш» меъмори бўлганди

Пентагоннинг собиқ раҳбари, президент кичик-Жорж Буш маъмурияти Афғонистон ва Ироқда уруш бошлашида муҳим ролни ўйнаган Дональд Рамсфельд Нью-Мексико штатининг Таос шаҳрида 88 ёшида вафот этди.

Фото: Getty Images

Рамсфельднинг яқинлари унинг твиттердаги саҳифасида шу ҳақда маълум қилишди. Оила вакиллари ўлимга хавфли ўсманинг бир тури бўлган миелома касаллиги сабаб бўлганини билдиришган.

Рамсфельд тарихга кетма-кет эмас, кўп йиллик фарқ билан ҳукуматда бўлган икки президент маъмуриятида АҚШ мудофаа вазири сифатида ишлаган ягона шахс сифатида тарихга кирган. Турли президентлар даврида бу лавозимда ишлаган бошқа вазирлар эса Оқ уйда жамоа алмашганда ҳам лавозимини сақлаб қолганлардир.

Никсондан кичик-Бушгача
Рамсфельд Вашингтондаги фаолияти Конгрессда бошлаган, у 1963-1969 йилларда Иллинойс штатининг 13-округидан вакил бўлган. 1970 йилда ёш конгрессмен президента Ричард Никсоннинг маслаҳатчисига айланади.

Доналд Рамсфелд, Генри Киссинжер ва Ричард Никсон, 1974 йил

Кўп ўтмай уни НАТОдаги элчи сифатида тайинлашади, аммо Брюсселга сафар Уотергейт можароси ва Никсоннинг истеъфоси туфайли амалга ошмай қолади. Рамсфельд янги президент Жералд Форд маъмурияти раҳбарига айланади.

1975-1977 йилларда Рамсфельд Форд маъмуриятида мудофаа вазири бўлган, 43 ёшида бу лавозимни эгаллаган энг ёш вазирга айланган.

У Қўшма Штатлар фуқаролари учун жорий этилган энг олий мукофот - Президент озодлик медали билан тақдирланган ва ҳукуматни тарк этиб, ўн йиллар мобайнида хусусий секторда ишлаган.

2001 йилда президент кичик Жорж Буш Рамсфельдни мудофаа вазири этиб тайинлаганида у энди бу лавозимни эгаллаган энг кекса вазир бўлади - у лавозимининг охирги йилида 74 ёшда эди.

Бу лавозимда Рамсфельд Ироқда кампания бошлаш ташаббускорларидан бири бўлади. У Саддам Ҳусайн режими ихтиёридаги оммавий қирғин қуроллари бутун инсониятга таҳдид солаётганини айтади. Кейинроқ Ироқ бундай қуролларга эгалик қилганига далиллар бўлмагани маълум бўлади.

«Террорга қарши уруш» меъмори
Бушнинг маъмуриятини ўшанда Конгресснинг кўплаб аъзолари (нафақат Республикачилар партияси, балки Демократик партия вакиллари ҳам) қўллаб-қувватлайди. Ҳозирги президент, ўша вақтда нуфузли сенаторлардан бўлган Жо Байден ҳам Ироқда ҳарбий амалиёт бошлаш учун овоз беради.

Аммо вақт ўтиб «террорга қарши уруш» - хориждаги ҳарбий ҳаракатлар АҚШни ўз ҳудудидаги терактлардан асраши ҳақидаги концепция - Америка ташқи сиёсатидаги энг муваффақиятсиз саҳифалардан бирига айланди ва уни ҳозирда икки партия ҳам танқид қилади.

Бу уруш меъмори бўлган Рамсфельд эса Американинг энг мунозарали сиёсатчиларидан бири бўлиб қолади. Тинчликпарварлар ва сўл фаоллар ҳужжатли фильмлар ишловчи режиссёр Майкл Мурга эргашиб, уни ҳарбий жиноятчи деб атай бошлашади.

Аммо Рамсфельд охиригача ўзининг ҳақлигини айтиб келади, унинг 2011 йилда чиққан «Маълум ва номаълум» номли мемуарларида Буш маъмуриятининг Ироқда уруш бошлаш ҳақидаги қарорини ҳимоя қилган.

Доналд Рамсфелд ва Ислом Каримов, 2001 йил

Мавзуга оид