Йил бошидан буён ЙТҲларда 770 киши ҳалок бўлди
Ўзбекистонда 2021 йилнинг беш ойида 2960та ЙТҲ қайд этилган, бу авариялар оқибатида 2365 киши жароҳатланган, 770 киши вафот этган.
30 июн куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ҳамда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда ИИВ ЙҲХБ мутасаддилари, масъул вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида автотранспорт воситаларини бошқаришда йўлларда белгиланган тезликка риоя этилишининг радарлар, шунингдек, стационар ва кўчма махсус техника воситаларидан фойдаланган ҳолда назорати бўйича ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.
ИИВ ЙҲХБ бошлиқ ўринбосари Эрали Бозоров ЙПХнинг нопок ходимлари, кадрлар масаласи ва радарларнинг қандай ишлаши борасида маълумот бериб ўтди.
«Бизнинг ходимлар орасида ҳам нопок ходимлар бор. Буни тан оламиз. Бу борада ўзимиз ҳам иш олиб боряпмиз. Ходимларнинг иш фаолиятини назорат қилиш учун бодикамера жорий қилинган. Қўлдаги планшетлар ҳам онлайн назорат қилиш базасига уланган.
5 ой ичида 978та ҳолат аниқлаб, интизомий жазога тортдик. Бундан ташқари, ЙПХ ходимларини тўлиқ аттестациядан ўтказиб, 200дан ортиғини лавозимидан озод қилдик. Лекин бу билан йўл-транспорт ҳодисаларининг олди олинмаяпти.
5 ой давомида 2960та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. ЙТҲларда 770 нафар фуқаро ҳалок бўлди. Бу 770та оила дегани. Шунча оила боқувчисиз қолди дегани. ЙТҲларнинг 31 фоизи тезликни ошириш натижасида келиб чиққан.
Олдинлари ЙТҲларни яширар эдик, ОAВга бермас эдик. Буни тан оламиз. Лекин кейинги 4 йилда статистик маълумотлар, ЙТҲлар, фоторадарлар ҳақида маълумот беряпмиз. Ҳеч қайсини яширганимиз йўқ.
Бугунги кунда асосий мақсадимиз инсон омилини чеклаш. Бугунги кунда 271та фоторадар мосламамиз бор. Ҳаммаси онлайн тарзда марказга боғланган. Инспектор фоторадарни қўриқлаб туради, холос. Чунки шундай ҳолатлар бўлди. Фоторадар мосламаси қўйиб кетилганидан сўнг безорилар томонидан давлат мулкига зиён етказиш ҳолатлари кузатилди. Шу сабабли унинг олдига ходим қўйганмиз, у протокол қилмайди», деди Эрали Бозоров.
Aввалроқ ХДП депутатлари томонидан ўрганиш олиб борилиб, радарларга тушаётган юз минглаб юртдошларимиз асоссиз равишда жарима тўлаб юрган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот берилган эди.