АҚШнинг сўнгги ҳарбийлари Багромдаги авиабазани тарк этди. Бу нима учун муҳим ва нимаси билан хавфли?
Афғонистоннинг Багром шаҳридаги йирик ҳарбий базасини АҚШ ва НАТОнинг сўнгги ҳарбийлари тарк этди. Айнан шу база орқали 20 йил мобайнида толиблар ва ИШИДга қарши энг асосий амалиётлар ўтказиб келинаётганди, у ердан ғарбликлар контингенти бутунлай кетиши эса Афғонистон учун жиддий оқибатлар келтириб чиқаради.
Америкалик ҳарбийларни Афғонистондан бутунлай олиб чиқиш тўғрисида толиблар ва АҚШ ўртасида Дональд Трамп президентлиги даврида келишувга эришилганди. Ҳозирги президент Жо Байден Афғонистондаги америкалик ҳарбийлар олиб чиқилишининг сўнгги муддатини белгилади: жараён 11 сентябргача якунланиши керак - шу куни америкаликлар Афғонистонга бостириб киришига сабаб бўлган Нью-Йорк терактларига 20 йил тўлади.
Америкаликларнинг Багромдан кетиши барча соҳаларга таъсир кўрсатиши мумкин - миллий хавфсизликдан тортиб оддий афғонларнинг кундалик турмуш тарзигача.
Масалан, энди Кобулдаги аэропортни ким қўриқлаши ҳозирча маълум эмас. Бу аэропорт халқаро дипломатик миссиялар фаолияти ва стратегик юкларни етказиб беришда муҳим аҳамиятга эга.
Аэропорт муҳофазасини кўп йиллар давомида америкалик ҳарбийлар таъминлаб келишганди. Айрим маълумотларга кўра, улар сентябрга қадар ҳам Кобулда қолишади, Вашингтон ҳозирда бу функцияни ўз зиммасига олиши мумкин бўлган ҳамкорни қидирмоқда. Хабар қилинишича, бу масала яқинда АҚШ ва Туркия президентлари ўртасида муҳокама қилинган, аммо ҳозирча муайян келишувга эришилмаган.
Багром - 80 минг киши яшайдиган шаҳардир. BBC корреспонденти Лиз Дюсетнинг ёзишича, шаҳар аҳолиси энди ўз хавфсизлигидан хавотирга тушган. Хусусан, шаҳардаги қизлар мактабига олиб борувчи йўл ҳарбий база ёнидан ўтади.
База ҳудуди афғон хавфсизлик кучлари назоратига ўтди, аммо маҳаллий аҳоли улар узоқ вақт толиблар ҳужумига бардош бериб туришига ишонишмаяпти. «Толибон» ҳаракати жангарилари америкалик ҳарбийларнинг Багромдан кетишини хурсандчилик билан қаршилашди, кўпларнинг фикрича, улар энди бу базани эгаллаш учун ҳужум бошлайди.
Авиабаза замонавий, яхши жиҳозланган ҳарбий иншоот бўлиб, толиблар уни эгаллаб олишга уриниши табиий. Бундан ташқари, унинг ҳудудида америкаликлар терроризмда гумонлаган шахслар сақлаб келинган қамоқхона жойлашган. Айни вақтда у ерда қанча маҳбус борлиги маълум эмас, аммо маҳаллий аҳолини шундай савол ўйлантирмоқда - агар толиблар маҳбусларни чиқариб юборса, улар қаерга кетади ёки улар шаҳарда қоладими?
Багромдаги авиабазанинг қандай ўзига хосликлари бор?
База 1980-йилларда совет ҳарбийлари томонидан барпо этилган, Кобулдан 40 км шимолда жойлашган.
АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари ушбу базани 2001 йил декабрида эгаллашган ва уни 10 минггача ҳарбий жойлаштириш мумкин бўлган улкан ҳарбий объектга айлантиришган.
База ҳудудида иккита учиш-қўниш йўлаги бор, улардан бирининг узунлиги 3,6 км.ни ташкил этиб, ундан юк самолётлари ва бомбардимончи самолётлар ҳаракатида фойдаланилган.
Ангар 110та ҳарбий ва фуқаролик самолётлари учун мўлжалланган, портловчи моддалардан ҳимояланган деворлар билан ўраб олинган.
Авиабаза сув таъминоти ва электроэнергия тизими жиҳатидан мутлақо мустақил яшаган. Унинг ҳудудида 50 ўринли ҳарбий госпитал, жароҳатлардан кейинги синдромлар терапияси бўлими, энг замонавий аппаратлар билан жиҳозланган стоматология клиникаси ва учта жарроҳлик хонаси жойлашган.
Америкаликлар нега кетмоқда?
АҚШ Афғонистонга 2001 йил 11 сентябрида Нью-Йорк ва Пентагонда амалга оширилган, 3 мингдан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетган терактлар ортидан бостириб кирганди.
Америка ҳарбийлари 20 йил давомида ушбу мамлакатда бўлиб туриши мамлакат армияси тарихидаги энг узоқ давом этган халқаро ҳарбий кампанияга айланди.
Толибларга қарши урушнинг пик даврида - 2009 йилда америкаликларнинг Афғонистондаги контингенти (НАТОнинг бошқа кучларини ҳисобга олмаган тақдирда) 100 минг кишидан ошар эди.
Турли вақтларда АҚШ президентлари Барак Обама ва Дональд Трамп асосий ҳарбийларни олиб чиқишни бошлаш ва у ерда кичик ҳарбий контингент қолдирилиши ҳақида баёнотлар беришган, аммо ҳар сафар «Толибон» ҳаракати жангариларининг ҳужумга ўтиши оқибатида муҳлат сурилган.
Ҳозирда толибларнинг нияти ўзгарганига ишониш соддалик бўлади. Аксинча, улар сўнгги вақтларда мамлакатнинг турли қисмларида янада фаоллашишди. Аммо АҚШ ичкарисида, Америка жамоатчилигида «бегона уруш»ни якунлаш бўйича талаблар кучайди. Америкаликларнинг катта қисмининг фикрича, АҚШ 11 сентябр фожиаларидан кейин ўз кучини намойиш этиб, миллий хавфсизликни таъминлаш доирасида етарлича иш бажариб қўйди. Аммо энди америкалик аскарларни уйга қайтариш вақти келди, улар бошқа мамлакатлар ички муаммоларини ҳал қилишга уриниб, бегона юртларда ҳалок бўлмасликлари керак.
2020 йилнинг 20 февралида бир неча ой давом этган музокаралардан кейин Дональд Трамп маъмурияти толиблар билан келишувга эришди, ҳаракат америкалик ҳарбийлар ҳеч қандай тўсқинликсиз мамлакатдан чиқиб кетишига кафолат берди.
Афғонистонда номаълум муддатгача АҚШнинг атиги 1000 нафар ҳарбий хизматчиси қолади.
Буёғига нима бўлади?
Таҳлилчилар ва минтақа бўйича билимдонларнинг аксар қисми пессимистик кайфиятда. Албатта, Афғонистон энди америкаликлар келишидан олдинги пароканда мамлакат эмас.
Ўтган вақт мобайнида сезиларли сиёсий ўзгаришлар рўй берди. Мамлакат хавфсизлик кучлари америкалик инструкторлар томонидан ўқитилди ва жанговар ҳаракатлар учун тайёрланди. Оддий афғонларнинг кўпчилиги ҳам мавжуд легитим режим тарафдори ва радикалларни ёқламайдилар.
Аммо экспертларнинг ишончи комилки, афғонистонликларнинг ўзи шаҳар ва қишлоқларни бирин-кетин эгаллаб келаётган толибларга қарши туришга қодир эмас. Ҳукумат ҳарбийлари эса НАТО кучларининг авиация кўмагисиз бутун мамлакат бўйлаб хавфсизликни таъминлай олмайди.
Мавзуга оид
17:13 / 25.12.2024
Ўзбекистон Афғонистон аҳолисига инсонпарварлик ёрдами ва «Саломатлик» поездини жўнатди
17:10 / 25.12.2024
Покистон Афғонистондаги нишонларга ҳаводан зарба берди
18:20 / 18.12.2024
Ўзбекистон 2025 йилда ҳам Афғонистонга электр энергиясини етказиб беради
17:52 / 07.12.2024