Ўзбекистон | 20:30 / 03.07.2021
22181
3 дақиқада ўқилади

“ОАВ ишига аралашиб, у нотўғри, бу тўғри дейиш давлатнинг иши эмас” — Танзила Норбоева

“Журналистлар фаолиятига аралашишга, сизларга кўрсатма, йўналиш беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, – деди Сенат раиси журналистлар билан учрашувда. Танзила Норбоеванинг сўзларига кўра, оммавий ахборот воситалари соҳасига доир янги ҳужжат устида ишлар бошланган.

Бугун, 3 июл куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ОАВ вакиллари билан учрашди. Унда юқори палатанинг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги, парламентнинг очиқлиги масалалари муҳокама қилинди.

Журналистларни 27 июн кунги касб байрами билан табриклаган Сенат раиси ОАВ фаолиятининг эркинлиги борасида ҳам тўхталиб ўтди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

“Сизлар билан ҳамкорлигимиз кундан кунга яхшиланиб боряпти. Айни пайтда фаолият юритаётган биномизга (Президент Администрацияси — таҳр.) ҳаммангизни ҳам ҳар доим таклиф қила олмаймиз, коронавирус туфайли ҳам имкониятларимиз чекланиб қолди. Лекин Олий Мажлис Сенати учун алоҳида бино – Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ биноси тўла таъмирлаб берилаётганидан хабарингиз бор. Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрамидан кейин насиб қилса, кўчиб ўтамиз. Мен бу бино бизга ажратилганидаёқ ОАВ билан учрашувлар учун алоҳида заллар бўлиши зарурлигига эътибор қаратдим. Ўйлайманки, янги биномизда янада самарали ишлаймиз.

Мен фаолиятимнинг бошидан Сенатдаги иш жараёни очиқлигига эътибор қаратганман. Ялпи мажлисларимизда бемалол қатнашасизлар, нафақат ОАВ вакиллари, балки истаган киши интернет орқали кузатиб бориши мумкин.

ОАВ фаолияти ҳақида сўз кетганда, ҳозир биз бир ҳужжат лойиҳаси устида иш бошладик. Журналистлар фаолиятига аралашишга, сизларга кўрсатма, йўналиш беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мен ҳар доим давлатнинг вазифаси биринчи навбатда шарт-шароит яратиб бериш, қўллаб-қувватлаш дейман. Лекин ОАВ ишига аралашиб, уларга бунақа ёз, унақа ёз, у нотўғри, бу тўғри дейиш давлатнинг иши эмас. Чунки сўз эркинлиги, ошкоралик – ҳаётимизда танлаб олган асосий тамойилларимиздан бири”, – деди Сенат раиси.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда президент Шавкат Мирзиёев матбуот ва ОАВ ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида журналистларга тўсқинлик учун жазони кучайтиришни таклиф қилганди.

“Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан ОАВ ижодий фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва зарур техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарликни назарда тутадиган моддаларни кучайтириш лозим”, – деганди давлат раҳбари.

Мавзуга оид