Жамият | 14:06 / 05.07.2021
27891
6 дақиқада ўқилади

Вилоятларда ёзда ҳам «свет» ўчяпти. Расмийлар эса иссиқда уйдан ташқарига чиқмасликни сўрашган

Ўзбекистонда одатда электр энергиясидаги узилишлар билан боғлиқ муаммолар йилнинг совуқ фасли келиши билан бошланади. Бироқ, бу йил водий вилоятларида июнь ойининг охирги ҳафтасида ҳам электр таъминотида муаммолар юзага келди. Аҳоли, айниқса тадбиркорлар ёзнинг жазирамасида кунига 3-4 марталаб ток ўчаётгани ҳақида мурожаат йўллай бошлашди.

«Биз яшайдиган Булоқбоши тумани ўтган қишни деярли «свет»сиз, газсиз ўтказдик. Совуқ пайтлар электр тармоқлари чеклов сабаб электрни ўчиришаётганини айтишарди. Лекин Булоқбошида ёзнинг жазирама кунларида ҳам «свет» ўчяпти.

2 июль куни ҳам туман марказида кундузи 3 соатга электр таъминоти тўхтатилди. Муаммоли ҳолат иссиқ кунларда, айниқса тадбиркорларни қийнамоқда. Маҳсулотлари айниб қоляпти, иш тўхтаяпти.

Туман ҳудудий электр тармоқларига алоқага чиқсак, вилоятдан ўчиришаётгани, чеклов борлигини айтиб изоҳ беришади. Энди ёз кунлари ҳам электрга чеклов қўйиляптими?» дейилади шундай мурожаатлардан бирида.

Худди шу каби хатлар Фарғона вилоятининг Учкўприк, Наманган вилоятининг Янгиқўрғон, Андижон вилоятининг Андижон шаҳри ва Олтинкўл туманларидан ҳам келган.

Айни пайтда Ўзбекистонда аномал даражада иссиқ об-ҳаво ўз ҳукмини ўтказяпти. Бундай пайтда уйларни совитиш, маҳсулотларни сақлаш учун электр ҳар доимгидан кўра зарурроқ.

Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари «Ҳудудий электр тармоқлари» корхоналари мутасаддиларидан муаммоли ҳолат юзасидан изоҳ сўрадик.

Фарғона «Ҳудудий электр тармоқлари» жамияти раҳбари Азизбек Сайдалиев:

«Ҳозирги кунда Фарғона вилояти ҳудудида электр энергияси таъминотида ҳеч қандай чеклов йўқ. Муаммо шундаки, ҳаво кескин исиб кетиши оқибатида трансформаторлар қизиб кетмоқда. Айниқса, катта подстанцияларда ишлаб турган трансформаторларда юклама ортиши туфайли қизиш ҳолати юзага келмоқда.

Трансформаторлар ичидаги ўрамни совитиб турувчи ёғ қайнаб кетаётгани сабаб, икки-уч соатга ўчириб совитишга тўғри келяпти. Трансформаторларда мавжуд совитиш тизими ва қўшимча «обдув» ҳам иссиқ ҳаво ҳароратини кўтара олмаяпти. Узилишлар сутканинг фақат кундузги соатларида қуёш қаттиқ қиздирган пайтга тўғри келиб, тунги соатларда муаммо йўқ.

Қайси ҳудудга бириктирилган трансформаторда қизиш юзага келса ўша ҳудуд ўчирилади. 3 июль куни Фарғона шаҳрининг айрим ҳудудлари ҳам ўчирилди. Мунтазам электр энергияси етказиб берилишини назоратга олиш учун навбатчилик ташкил қилганмиз.

Бундан ташқари, режали равишда таъмирлаш ишлари олиб борилаётган линияларда электр таъминоти ишлар якунлангунича берилмайди», дейди А.Сайдалиев.

Андижон «Ҳудудий электр тармоқлари» жамияти бош муҳандиси Сардорбек Юсупов:

«Республикамиз ҳудудида кузатилаётган иссиқ об-ҳаво оқими истеъмолчилар томонидан электр энергиясига бўлган талабни оширмоқда. Бу бир қатор электр қурилмаларида, ҳаво тармоқларида юклама ортишига, зўриқиб ишлашига, электр симларидаги юклама миқдори ортиб симлар солқиланишига, трансформатор пунктлари қизиб кетишига олиб келмоқда.

Трансформатор пунктларидаги қизишнинг олдини олиш учун совитиш тизимлари ўрнатилиши ишлари ҳам режалаштирилган бўлиб, ушбу ишларни амалга ошириш жараёнида электр таъминотида узилишлар бўлмоқда.

Вилоят ҳудудида 1-2 июль кунлари рўй берган узилишларнинг сабаби – Иссиқлик электр станцияларига табиий газни етказиб берувчи Қашқадарё вилоятида жойлашган «Шўртангаз» комплексида юқори босимдаги газ қувурида фавқулодда носозлик юзага келгани сабаб бўлди. Электр станцияларига етарли даражада табиий газ босими етиб келмаслиги – станцияларда тўлақонли электр энергия ишлаб чиқарилишига салбий таъсир етказди.

2 июль куни ушбу тақчиллик «Янги Ангрен» ИЭСга ўз таъсирини кўрсатиб, юқори қувватдаги электр энергия ишлаб чиқарувчи блок ишдан чиқишига ва фаолияти тўхташига олиб келди. Вилоятнинг Андижон, Асака, Шаҳрихон, Олтинкўл, Бўстон, Балиқчи, Марҳамат, Булоқбоши, Жалақудуқ, Пахтаобод, Улуғнор туманларида ва Чинобод ҳудудида қисқа муддатли чекловлар амалга оширилди», дейди Сардорбек Юсупов.

«Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» жамияти раҳбари Жаҳонгир Ризаев ҳамда корхона диспетчерлик хизмати бўлими бошлиғи Муҳаммадали Ирисқулов:

Мутасаддилар 1 ва 2 июль кунлари Иссиқлик электр станцияларида газ таъминотида юзага келган муаммолар туфайли вилоят ҳудудида чекловлар бўлгани, айни пайтда электр энергияси таъминотида узилишлар деярли бўлмаётганини билдиришди.

«Айни пайтда вилоят бўйича 12 млн. кВт соат энергия истеъмолчиларга етказиб берилмоқда. Трансформаторларнинг қизиш ҳолатлари кузатилаётган бўлса-да, имкон борича уларнинг ишлашини назорат қилиб турибмиз. Трансформаторларнинг совитиш тизими линиядаги зўриқиш оқибатида совита олмаса, қўшимча вентиляторлар қўйиш масаласини ҳам ҳал қиляпмиз», дейди М.Ирисқулов.

Совуқ фаслда совуқдан газ бўлмаса ўт ёқиб ёки бошқа энергия ресурси орқали қутилиш мумкин.  Лекин, иссиқ ва жазирама билан курашиш унданда қийин. Аҳоли кондиционер ва вентиляторлар билан «жон сақлаши» керак.

Шу кунларда ҳаво ҳарорати янада исиши маълум қилинмоқда, расмийлар зарурат бўлмаганда уйдан ташқарига чиқмасликни, сурункали касаллиги бўлган, диспансер назоратида турувчи беморлар, ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва кексаларни ҳимоялашни сўрашмоқда. Ҳудудлардан келаётган мурожаатларда эса электр энергиясида узилишлар туфайли уйларни иссиқдан сақлашда муаммолар юзага келаётганини айтишяпти. Демак, энерготизимда яна муаммолар юзага келиши мумкин. Фикримизча, энергетиклар мазкур муаммоларнинг замонавий ва илмий ечимини топиш йўлини қидиришлари даркор.

Элмурод Эрматов

Мавзуга оид