Ўзбекистон | 13:49 / 06.07.2021
3174
2 дақиқада ўқилади

Устюртда водород станцияси ишга туширилди 

«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан Устюрт газ-кимё мажмуаси негизида водород тўлдириш станцияси қурилиши амалга ошириляпти.

Лойиҳани амалга ошириш бошқарув бўлими ва марказий завод лабораторияси анализаторлари учун ишлатиладиган юқори тозаликдаги водород (99,999%) импорт ўрнини босишга имкон беради.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунга қадар Устюрт газ-кимё мажмуасида йилига 950 баллон водородга эҳтиёж бўлиб, ҳар бир баллон учун ўртача 209 доллар миқдоридаги маблағлар сарфланар эди. Водород Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси ва бошқа давлатлардан импорт қилиняпти.

Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши импорт ўрнини босиш ва юқори тозаликдаги водород билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш туфайли комплекснинг онлайн анализаторлари узлуксиз фаолият юритишини таъминлаш имконини беради.

Лойиҳанинг қиймати 150 минг долларга тенг бўлиб, у корхонанинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштириляпти. Лойиҳа «Еаст-Wест Энгинееринг» МЧЖнинг лойиҳа институти томонидан тайёрланган ишчи ҳужжатларга мувофиқ амалга ошириляпти.

Заводнинг йиллик қуввати 15 000 куб/метр водород газини ташкил этади. Бу қувват юқори тозаликдаги водороднинг ортиқча ҳажмини (йилига тахминан 9 000 куб/метр) олиш ва уни Ўзбекистон Республикаси ички бозорида сотиш имконини беради. Лойиҳани амалга ошириш натижасида йилига 200 минг долларга яқин валюта маблағлари тежалишига эришилади.

Айни пайтда мазкур лойиҳа доирасида водород қуйиш станцияси тўлиқ қуриб битказилди ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқариш бошлаб юборилди, деб хабар беради  «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати.

Мавзуга оид