Афғонистоннинг сўнгги 40 йили: қайси кучлар мамлакатни бугунги ҳолга солиб қўйди?
«Ал-Қоида» етакчиси Усама бин Лодиннинг одамлари 2001 йил 11 сентябрда АҚШга ҳужум уюштирган пайт Покистон разведкаси (ISI) бошлиғи генерал Маҳмуд Аҳмад Сенат ва вакиллар палатасининг разведка қўмитаси аъзолари билан Капитолий тепалигида нонушта қилаётганди. Унинг кайфияти яхши эди. У Марказий разведка бошқармаси директори Жорж Тенетни толиблар етакчиси мулла Умар ишончли шахс экани ва Усама бин Лодин билан алоқаларини узиши мумкинлигига ишонтирганди.
Эртаси куни у шошилинч қўнғироқ билан давлат департаментига борганида давлат котибининг ўринбосари Ричард Армитиж «Бугун янги тарих бошланади», дейди. Кейин эса президент Парвез Мушаррафга топширилиши керак бўлган эслатмани беради.
Ҳамма нарса амр қилинганди:
- «Ал-Қоида»ни моддий-техник қўллаб-қувватлаш тўхтатилади;
- терроризмга қарши операциялар учун ҳаво майдони очилади ва разведка маълумотлари берилади;
- «Толибон»га нефт етказиб бериш тўхтатилади;
- Афғонистон-Покистон чегараларидаги жангарилар оқими чекланади;
- башарти «Толибон» «Ал-Қоида»га бошпана беришни давом эттирса, у билан алоқалар узилади.
Кейинчалик Армитиж «Ё биз билансиз ёки йўқ. Сизни тош асрига қайтарамиз», дея Мушаррафга тўғридан тўғри таҳдид ҳам қилиши мумкин эди.
Ҳолбуки улар Афғонистондаги вакиллик урушида шерик эдилар. Бу – сафи кескин ўзгарган, узоқ ва мураккаб шерикчилик эди. Покистон бу икки тарафда кенг тарқалган «Бирлашган Паштун минтақаси»нинг идеализми ва Кобулнинг советпараст сиёсати боис 1975 йилдан бошлаб Афғонистондаги радикал кучларни қўллаш орқали вакиллик урушини бошлайди.
1979 йилдан саудияликларнинг пуллари, Марказий разведка бошқармаси координацияси ва Покистоннинг моддий-техник кўмаги билан советлар аралашувига қарши «глобал сафарбарлик» бошланади. АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Жимми Картер 1979 йил 3 июлда, яъни советлар келишидан 5 ой 21 кун олдин мухолифатни қўллаб-қувватлаш учун яширин «Циклон» операциясини тасдиқлаганди.
«Жамоати исломий»нинг етакчиси Бурҳониддин Раббоний, «Исломий иттифоқ»нинг етакчиси Абдурасул Сайяф, «Ҳизб-и Исломий»нинг етакчиси Гулбуддин Ҳикматёр ва кейинчалик Шимолий альянснинг етакчисига айланган Аҳмад Шоҳ Масъуд ушбу вакиллик урушининг олдинги сафидан жой олишди.
1979 йилдан кейинги давр
1979 йилдан бери Покистонда бошпана топган 2 миллиондан ортиқ афғон қочқинлари «мужоҳидлар ҳовузи»га айланади. Иккинчи «ҳовуз» Покистондаги 13 мингга етган мадрасалар эди. У ерга минглаб қочқин болалар жойлаштирилади.
Марказий разведка бошқармаси (CIA) 1989 йилга келиб, 35 минг нафари араб бўлган қарийб 80 минг нафар мужоҳидни тайёрлаш учун 3,2 миллиард доллар сарфлаган эди. Саудия ва Хитойнинг ҳиссаси билан ушбу кўрсаткич 6-12 миллиард долларга етади.
1989 йилда советлар чиқиб кетади, Афғонистон Демократик Республикаси яна уч йил ҳукм суради ва унинг ўрнида ташкил этилган Афғонистон Ислом давлати раҳбарлигига икки ойга Сибғатуллоҳ Мужаддид, кейинчалик эса Раббоний келтирилади.
Покистон эса Ҳикматёрнинг президентлиги учун «ўйнаганди». XVIII асрдан бери ҳокимият тепасида бўлган пуштунлар асли тожик бўлган Раббонийни «ҳазм» қила олишмайди. Ҳолбуки, Раббоний бошқаларга қараганда кўпроқ бирлаштирувчи эди. Исломобод Ҳикматёрни қўллаб-қувватлагани сабабли Раббоний ва Масъуд Покистонга қарши эди.
1994 йил мужоҳидлар ўртасида ҳокимият учун курашлар авж олган пайт талабалар ҳаракати сифатида пайдо бўлган «Толибон» ҳаракати пуштунлар кўмаги билан тез ёйилади. Деобанд мадрасалари «Толибон»га садоқат изҳор қилишади. Энди Покистон Кобулда ҳокимият тепасида кўришни истаган ҳаракат «Толибон» эди.
Мушаррафнинг эътирофига кўра, «Толибон» жангарилари Покистонда ўқитилган ва қуролланган. Толиблар Покистон ҳарбийлари ва Саудия Арабистонининг молиявий кўмаги билан 1996 йилда Кобулни эгаллаб олади. Маҳаллий манбаларга кўра, 1996-1991 йилларда «Толибон» сафига 80-100 минг нафар жангчи қўшилган. АҚШ давлат департаменти маълумотларига кўра, уларнинг 20-40 фоизи покистонликлар бўлган.
Мужоҳид раҳбарлар Аҳмад Шоҳ Масъуд 2001 йил 9 январда мамлакатдан чиқиб кетаётган пайт суиқасд билан ўлдирилгунига қадар қаршилик кўрсатади. Масъуднинг тожик қўшинларига ўзбек генерали Абдулрашид Дўстумнинг одамлари, шиа ҳазоралари ва толибларга қарши бўлган пуштунлар қўшилади. Ҳокимият учун қонли курашда 15 қатлиом қайд этилади.
Қандаҳорда бир зиёратгоҳда яширинган ва Ҳазрати Пайғамбарга тегишли, деб айтилган ҳирқани кийиб, уламонинг олдига чиққан мулла Умар «мўминлар амири» деб эълон қилинади. Таниқли ваҳобий уламолар, жумладан, Саудия Арабистони бош муфтийси Абдулазиз Абдуллоҳ ибн Баз фатво билан «Толибон» ҳокимиятини қонуний, деб эълон қилишади.
«Толибон» ҳукуматини тан олган учта мамлакат бор эди: Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Покистон. Агар толиблар Бомиян шаҳридаги IV ва V асрлардан қолган Будда ҳайкалларини портлатмаганда, Хитой ҳам уларни тан олиши мумкин эди.
«Толибон»даги ўзгариш
«Толибон»нинг эпицентри Қандаҳор эди. «Толибон» расмий Кобулга қарши қишлоқларнинг ғазаби эди. Уларнинг наздида Кобул коррупция, бузуқлик ва гуноҳлар шаҳри эди. Покистонда ўқиган мулла Умар ўзининг етти йиллик ҳукмронлиги даврида Кобулда икки марта бўлади, у ерда «Толибон» ўз қамчиси билан гаплашади. Аммо унинг шафқатсизлиги ҳаётга қувонч келтирадиган ҳар қандай нарсага душман бўлиб қолди.
«Толибон» қизлар мактабларини ёпади, ишлаётган аёлларни уйга қамаб қўяди, аёлларга маҳрамларсиз кўчага чиқиш тақиқланади. Хотин-қизлар бурқа кийишлари, эркаклар соқол ўстириши ва дўкон эгалари азон чақирилганда дўконларини ёпиши шарт эди. Кобул радиосининг номи ҳам энди Шариат радиоси бўлади.
Мусиқий эшиттиришларга барҳам берилади. Салафий оқимлар сингари «Толибон» ҳам шиаларга душманлик қилади. Суннийликка ўтиш мажбурияти остида қолган ҳазоралар қирғин қилинади. 400 нафар аёл жория сифатида ўғирлаб кетилади. Афюнга чеклов йўқ эди, спиртли ичимликлар эса тақиқланади.
«Толибон»нинг шариати афюн етиштиришга имкон берадиган даражада прагматик эди. У кўкнордан ушр (10 фоиз солиқ) оларди. Унинг фатвосига кўра, кўкнор ишлаб чиқариш ҳалол, ундан гиёҳвандлик воситаси сифатида фойдаланиш эса ҳаром эди.
Масалан, «Ҳизб-и Исломий» Қундузда ўз героин лабораторияларига эга эди.
«Толибон» тузуми қаршисида баъзилар Афғонистоннинг Нақши, Қодирий ва Чишти урф-одатларидан озиқланган сўфий ўтмишни, баъзилар 1928 йилда Туркияга ташриф буюрганидан сўнг ўз мамлакатини замонавий йўлга солиш учун курашган Омонуллоҳ Хоннинг ислоҳотчиларини, баъзилар қиз талабалар учун Кобул университети эшикларини очган 1947 йилни, баъзилар эса аёллар ва эркаклар тенглигини кафолатлаган 1964 йилги конституцияни ёдга олади. Қишлоқ ва шаҳарлар ўртасидаги тафовутлар ўтмишдан то ҳозирги кунгача сақланиб қолган бўлса-да, урушдан олдин аёллар жамоат соҳасида кўпроқ кўриниб турарди.
Покистон омили
Толиблар дастлаб ноқулай «Ал-Қоида» билан иттифоқчига айланади, шу тариқа, Америка ва Покистоннинг Афғонистон бўйича уйғунлиги ҳам бузилади. АҚШ давлат департаментининг махфий ёзишмаларига кўра, Покистон разведкаси 1996 йилда Кобулда ҳокимиятни қўлга киритгандан сўнг «Толибон»га ўқ-дорилар, ёнилғи ва озиқ-овқат етказиб беришни давом эттиради.
Покистон 1997 ва 1998 йилларда толибларга давлат хизматчиларининг иш ҳақини тўлаш борасида ёрдам беради. Гарчи АҚШ ушбу ҳолатга эътибор қаратган бўлса-да, безовталанмайди. Аксинча, 1997 йилда АҚШ давлат департаменти расмийлари толиблар билан урушни давом эттираётган Масъудга «Энди воз кеч», дейди. Масъуд ўша пайтлар мамлакатнинг 10 фоизини назорат қилаётганди. Бироқ 1998 йилда «Ал-Қоида» Африкадаги элчихоналарга ҳужум уюштира бошлагач, АҚШ Покистонга босим ўтказа бошлайди.
АҚШ давлат департаментининг 2000 йил 26 сентябрдаги махфий ёзишмаларига кўра, Исломобод ҳануз толибларни қўллаб-қувватлашда давом этаётганди. Америкаликлар бир томондан бин Лодинни қўлга олиш учун Исломободга босим ўтказар, бошқа томондан эса толиблар билан музокаралар олиб борарди. Ушбу даврда Саудия разведкаси бошлиғи шаҳзода Турки ал-Фейсал бин Лодинни олиш учун икки марта Қандаҳорга парвоз қилади. Аммо мулла Умар билан савдолашиш иш бермагач, қуруқ қўл билан қайтади.
Кейинчалик Буш маъмурияти агар Лодиндан воз кечмаса, толибларни ағдариш учун Масъудни қўллаб-қувватлашга қарор қилади. Масъуд 2001 йил 11 сентябр ҳужумларидан бир неча ой олдин Европа парламентида «Уруш Америка тупроғига келяпти», деб огоҳлантиради, аммо унга ҳеч ким жиддий эътибор қаратмайди. Толиблар 11 сентябрь воқеаларидан кейин ҳам Лодинни топширишни хоҳламайди. Уларнинг жавоби қуйидагича эди: «Агар аниқ далиллар мавжуд бўлса, Лодин исломий мамлакатда шариат маҳкамасида суд қилинади».
Шундай қилиб, Афғонистонда 20 йил давом этган уруш бошланади. 2001 йил 7 октябрда АҚШ ва Буюк Британия абадий озодлик ҳаракати билан Афғонистонга уруш эълон қилади. Улар Шимолий альянсни майдон элементи сифатида ўз ёнига олади.
2001 йил декабрь ойида Кобулни қўлдан чиқарган «Толибон» ва «Ал-Қоида» Покистоннинг Тора Бора ва Вазиристон минтақаларига чекинади. АҚШ босими остида Покистон афғон урушида қатнашган ўз ҳарбийларига қарши уруш эълон қилишга мажбур бўлади. Аммо бу курашда кўплаб «қора туйнук»лар мавжуд эди.
Охир-оқибат, америкаликлар 10 йилдан сўнг Лодинни Абботтабад шаҳридан топишади. Лодин Покистон томонидан қўллаб-қувватланаётганди. 2001 йил 9 январда Ислом уламолари жамияти йиғилишида Лодин «буюк исломий жангчи» сифатида тақдирланганди. Ўшанда иштирокчилар орасида ИШИДнинг собиқ бошлиғи, мужоҳидларни ёллаш дастури асосчиси Ҳамид Гул ва собиқ бош штаб бошлиғи, генерал Мирза Аслам Бек ҳам бор эди. Афғонистон расмийларининг фикрига кўра, Покистон бугунги кунда ҳам «дуэт» ижро этмоқда ва вакиллик урушини тўхтатмаяпти.
Трамп маъмурияти
АҚШ ўз жанговар ҳаракатларини 11 мамлакат билан ҳамкорликда амалга оширади. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қарори билан 2001 йилда ташкил этилган Халқаро хавфсизликка кўмаклашиш кучлари (ISAF) таркибига 34 давлат аъзо бўлади. Афғонистон босқини Хитой, Россия ва Эрон томонидан ҳам қўллаб-қувватланади. 2006 йилдан бошлаб операция НАТО «соябони» остида олиб борилади. Бонн конференциясининг 2001 йил декабрдаги қарорлари асосида 2002 йилда анъанавий афғон ассамблеяси - Лоя Жирға йиғилиб, Ҳамид Карзай бошчилигидаги ўтиш даври ҳукуматини тузади.
Карзай 2004 йилда давлат раҳбари этиб сайланади. У 2009 йилда қайта сайланади. 2014 йилдан бери мамлакатга Ашраф Ғани раҳбарлик қилмоқда. Ўтган вақт давомида уруш раҳнамоларининг монополиясини бузиб бўлмади, мамлакат миллий даъво атрофида бирлаштирилмади. Афғонистоннинг бўҳронлар ўлкасига айланиб қолиш хавфи аримади.
Қайта кучга тўлган «Толибон»нинг ҳаракатларига чет эл кучлари сонини кўпайтириш орқали жавоб берилади. 2010 йилга келиб бу кучлар сони 150 мингдан ошади. Уларнинг 100 минг нафари америкаликлар эди. 2012 йилда Обама маъмурияти чекинишни кун тартибига қўяди, аммо Афғонистон ҳукуматининг «Толибон» билан музокара олиб боришга бўлган уриниши муваффақиятсиз якунланади.
Шунга қарамай, ҳақиқий уруш 2014 йилда расмий равишда тугалланади. Масъулият афғон кучлари зиммасига юклатилган бўлса-да, ISAF’нинг ўрнини эгаллаган НАТО’нинг қатъиятли қўллаб-қувватлаш амалиёти 12 минг 500 аскар билан ўз миссиясини давом эттирди.
Толибларнинг очиқ душманлигидан ташқари, «Ҳизб-и Исломий» ҳам ҳукуматга қўшилгунча тиниб-тинчимайди. Бундан ташқари, Ҳаққоний гуруҳи каби муросасиз тузилмалар пайдо бўлади. 2015 йилда эса ҳатто «Толибон»га ҳам таҳдид қилувчи ИШИД катта саҳнага чиқади. Америка маъмуриятининг маълумоти бўйича, 2019 йил январ ҳолатига кўра, Афғонистон ҳукумати мамлакатнинг 53,8 фоизини бошқарган, шу билан бирга, ерларнинг 33,9 фоизини назорат қилиш зиддиятларни келтириб чиқарган. Толиблар эгаллаб турган ҳудудларнинг улуши 12,3 фоизга ўсган.
Ушбу муҳитда Трамп маъмурияти «абадий урушларни тугатиш» ваъдаси доирасида толиблар билан 2020 йил 29 февралда келишувга эришади. Унга кўра, маҳбуслар озод этилиши, террор ҳаракатлари тўхтатилиши, «Толибон» ва ҳукумат ўртасида тинчлик музокаралари бошланиб, чет эл кучлари 2021 йил 1 майгача Афғонистон ҳудудидан чиқиб кетиши керак эди.
Трамп кетишдан олдин аскарлар сонини 2 минг 500 кишига камайтиради. Бундан ташқари, шартнома бўйича 7 минг 800 қўриқчи ҳам ишлайди. Янги президент Жо Байден 13 апрель куни чиқиб кетиш муддатини узайтиради - рамзий равишда Нью-Йорк терактларига 20 йил тўладиган 11 сентябрь санаси танланади.
Келишувга қарамай, ҳукумат кучларига катта талафот етказган «Толибон» Доҳадаги музокаралардан четлашибгина қолмай, ўз таъсир доирасини ҳам кенгайтирди.
Сўнгги икки ой ичида вилоят марказлари ҳукумат қўлида бўлган бўлса-да, толиблар 133та туманни ўз назоратига олди. Амалдаги жадвалга кўра, 407та тумандан 190таси «Толибон» қўлида. «Толибон» эса ерларнинг 80 фоизини ўз қўлига олганини даъво қилмоқда. У Туркиянинг Кобул аэропортини муҳофаза қилиш ҳақидаги таклифига қарши ўлароқ «Барча босқинчи кучлар чекиниши керак»лигини айтмоқда.
20 йиллик урушда 170 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган
АҚШ чиқиб кетаётган бир пайтда «Толибон» қайтмоқда. Воқеалар ривожига диққат билан боқилса, фуқаролик уруши шароитлари яна бир бор пишиб етилаётганини пайқаш қийин эмас.
Афғонистонликлар бу нуқтага жуда катта йўқотишлар билан келганди ва энди уларнинг келажаги яна қораймоқда. Браун университети тадқиқотига кўра, 20 йиллик уруш 171-174 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган. Уларнинг 47 минг 245 нафари тинч аҳоли вакиллари, 66-69 минги полициячилар ва аскарлар, 51 минги эса мухолиф жангчилардир. Америка томонидан ҳам 2 минг 442 аскар ҳалок бўлди, 20 минг 666 аскар жароҳат олди.
НАТОдаги бошқа иттифоқчиларнинг йўқотишлари – 1 минг 144 нафар. Ҳисоб-китобларга кўра, уруш ва янги тартиб учун 2 триллион доллар сарфланган. Шундан 978 миллиард доллар америкаликларнинг ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, кузатиб бўлмайдиган маблағлар ҳам мавжуд. АҚШ Конгрессининг ҳисоботига кўра, 2009-2019 йилларда қайта қуриш учун ажратилган бюджетнинг 19 миллиард доллари йўқолган.
Мамлакатнинг қочқинлар билан боғлиқ манзараси ҳануз оғир. БМТ маълумотларига кўра, 5,7 миллион қочқин «Толибон» қулаганидан кейин мамлакатга қайтиб келган, 2,7 миллион қочқин эса Покистон ва Эрон каби давлатларда қолмоқда. 4 миллион ички муҳожир ҳамон ўз уйларидан узоқда.
«Афғонистонга эркинлик ва демократия» даъвоси
Афғонистон босқинининг иддаоли томони бор эди: «Афғонистонга эркинлик ва демократия келади». Уруш раҳнамоларини яратувчилар яна ўша кучлар билан тартиб ўрнатишга ҳаракат қилишди. 2009 йилда ёзувчи, фаол ва депутат Малалай Жойя бош кўтаради.
«Бундан 8 йил олдин АҚШ ва НАТО аёллар ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқлари ва демократия байроғи остида мамлакатимизга бостириб кирди ва бизни товадан оловга отди. Карзайнинг бузуқ мафия тизимини билиш учун саккиз йил кифоя. Халқим икки кучли душман ўртасида эзилди.... Ишғол ҳеч қачон озодлик келтирмайди, демократияга уруш орқали эришиб бўлмайди», дейди у.
Унинг ғазабини жўштирувчи яна кўп воқеалар рўй берди. Сон-саноқсиз жиноятлар содир этилди. Эркинлик учун кураш афғонлар учун жуда катта умидсизликдир. Афғонистон 2009 йилда Transparency International индексида коррупция даражаси бўйича иккинчи ўринни эгаллайди.
Энг кўп таъкидланаётган масала – бу аёллар курашидир. 2004 йил конституцияси билан парламентдаги 250 ўриндан 27 фоизи аёллар учун ажратилган эди. Бундан ташқари, аёллар маҳрамсиз юрмаслиги, мактабларда, бозорларда ва идораларда чет эллик эркаклар билан аралашмасликлари тўғрисида қарор қабул қилинади. Натижада, қурилган режимнинг номи «Исломий давлат» бўлди. Аёллар оғир бадал тўлаган ҳолда йўлни босиб ўтишга ҳаракат қилишди.
Қўлга киритилган муваффақиятлардан бири #WhereIsMyName (#МенингИсмимҚаерда?) деб номланган кампания ортидан болаларнинг шахсий гувоҳномаларида оналар исмининг ёзилиши бўлди. 2001 йилдан кейинги «биринчи аёл губернатор», «биринчи аёл полициячи», «биринчи аёл учувчи», «биринчи аёл элчи» каби янгиликлар умид уйғотаётганди. Бироқ қонуний кафолатлар етишмасди.
UNICEF’нинг 2018 йилги ҳисоботига кўра, барча саъй-ҳаракатларга қарамай, афғон болаларининг 44 фоизи мактабда эмас. Қизларнинг 60 фоизи мактабга бормайди. Ушбу кўрсаткич Қандаҳор ва Ҳелманд каби вилоятларда 85 фоизгача кўтарилади.
Анъанага тўсиқ бўлиш баробарида «Толибон» ҳужумлари ўқув жараёнларига ҳам путур eтказмоқда. Толиблар ҳокимиятдан четлатилганидан кейин ҳам қизлар мактабини ёқишда ва аёл ўқитувчиларни ўлдиришда давом этди.
«Фуқаролар уруши» хавотири
Гарчи коалиция томонидан ўқитилган маҳаллий хавфсизлик кучлари сони 170 мингга етган бўлса-да, улар «Толибон» қаршисида «миллий армия» ёки «миллий полиция» каби тура олмаяпти. Ҳамма жойда коррупция ва порахўрлик. Мансаблар сотилмоқда. Аскарлар ва полицияга ажратилган маошлар қўмондонларнинг чўнтагига кетмоқда. Материаллар ва қуроллар ўғирланмоқда.
Афғонистон Вакиллар палатаси спикери Мир Раҳмон Раҳмоний 13 апрель куни «Афғонистон фуқаролар уруши кунларига қайтиши, яна халқаро терроризм ўчоғига айланиши ва гиёҳванд моддалар савдоси билан молиялаштириладиган урушлар бошланиши»ни таъкидлади.
Афғонистоннинг дунё бўйлаб афюн ишлаб чиқаришдаги улуши толиблар даврида 70 фоиз атрофида эди, Америка ҳарбий кампанияси даврида эса бу кўрсаткич 90 фоизга етди. Эҳтимолий фуқаролар урушини молиялаштирадиган манба ҳам афюндир.
Афғонистон ҳукумати шаҳар марказларининг қулаш хавфига қарши мужоҳидларни яна сафарбар бўлишга чорламоқда. Агар Афғонистон мўъжизавий ярашув билан келиша олмаса, унинг бошига 40 йиллик лаънат қайтиб келади. Бир вақтнинг ўзида 2-3 минг кишини қатл этган ташкилотларнинг қайтиши эса оптимизмга ўрин қолдирмайди.
Мавзуга оид
17:13 / 25.12.2024
Ўзбекистон Афғонистон аҳолисига инсонпарварлик ёрдами ва «Саломатлик» поездини жўнатди
17:10 / 25.12.2024
Покистон Афғонистондаги нишонларга ҳаводан зарба берди
18:20 / 18.12.2024
Ўзбекистон 2025 йилда ҳам Афғонистонга электр энергиясини етказиб беради
17:52 / 07.12.2024