Жаҳон | 10:01 / 08.07.2021
12999
3 дақиқада ўқилади

Ҳаити президентининг эҳтимолий қотиллари қўлга олинди

Фото: AP

Ҳаити миллий полицияси 7 июлга ўтар кечаси ўз қароргоҳида ўлдирилган мамлакат президенти Жовенел Моизнинг эҳтимолий қотилларини қўлга олди. Бу ҳақда мамлакат бош котиби Франц Экзантюс маълум қилди.

Маълумотларга кўра, қотиллар 7 июл соат 18:00да ушланган. Уларни қўлга олиш вақтида 4 нафари бартараф этилган, 2 нафари ҳибсга олинган. Ҳозирда жиноятчилар сўроқ қилинмоқда. Шунингдек, улар томонидан гаровга олинган 3 полициячи озод қилинган.  

Мамлакат бош вазири вазифасини бажарувчи Клод Жозефнинг France24 ахборот агентлигига маълум қилишича, Моиз қароргоҳига ҳужум қилган гуруҳ хорижий фуқаролардан ташкил топган. Улар ўзаро инглиз ва испан тилида сўзлашган.

Ўз навбатида, Ҳаитининг АҚШдаги элчиси Эдмон Бокши ҳукуматдаги мавжуд видеоёзувга таяниб, президент қароргоҳига ҳужум қилганлар ўзларини АҚШнинг гиёҳванд моддаларга қарши курашиш бошқармаси (DEA) агентлари деб таништирганини маълум қилган. Бироқ Бокши бу версияга ишонмаслигини таъкидлаб ўтган.

Кейинроқ АҚШ давлат департаменти матбуот хизмати бошлиғи Нед Прайс DEA агентлари Моизнинг ўлдирилишига алоқадор бўлиши мумкинлигини рад этган.

Бу орада Diario Libre нашрининг хабар беришича, қўшни Доминикана ҳукумати билдираётган версиялардан бирига кўра, Моизга суиқасдни Ҳаитида гиёҳванд моддалар савдоси ва одамларни ўғирлаш билан шуғулланувчи катта таъсирга эга шахслар билан боғланган колумбиялик ва венесуэлалик фуқаролар содир этган. Бу версияга кўра, Ҳаити полициясининг юқори мансабдор ходимларидан бири ҳужумни уюштирганлар шериги бўлган ва ҳужум вақтида президент қароргоҳи қўриқланишини атайлаб кучсизлантирган бўлиши мумкин.

Ҳаити президенти Жовенел Моиз ўз қароргоҳига номаълум шахслар уюштирган ҳужум оқибатида ҳалок бўлди. Ҳужум вақтида Моизнинг рафиқаси ҳам яраланиб, шифохонага етказилган. Мамлакат бош вазири вазифасини бажарувчи Клод Жозеф воқеадан кейин аҳолини осойишталикка чақирган ва уларни вазият миллий полиция ва қуролли кучлар назорати остида эканига ишонтирган. Вазирлар кенгаши мамлакатда 15 кунга ҳарбий ҳолат киритган.

Мавзуга оид