Комил Алламжонов — шов-шув кўтарган китоби, Саида Мирзиёева билан тандеми ва сиёсий амбициялари йўқлиги ҳақида
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов BBC'га берган интервьюсида яқинда нашрда чиққан китоби, “сиёсий иштаҳа” ва одамлар Саида Мирзиёевани Гулнора Каримовага қиёслашлари ҳақидаги саволларга жавоб берди.
— “Алламжонов айбдор” китобини нима учун айнан ҳозир нашр қилдирмоқдасиз?
— Бу китобни ёзишни аслида 1,5 йил олдин бошланганман. Айнан пандемия даврида, ҳаммамиз уйда ўтирган пайтимизда бу китобни бошлаш фикри пайдо бўлган ва уни ёзишни бошлаганман.
Нима учун айнан ҳозир деганда, биринчидан, бу йил ёшлар йили. Ёшларимизга, ўз ҳаёт йўлини танлаш ҳақида фикр юритаётганларга айни дамда ҳозир шу фойдали бўлади, деб ўйладим.
Бундан ташқари, ҳозир – ёз фасли. Ёз фаслида, хабарингиз бор, кўпчилик мактаб битирувчилари турли олий таълим йўналишларига киришади, ҳаётга энди илк қадамни қўйишади. Айнан шу пайтда бу китобни ўқиган ҳолда менинг ҳаётимда, бошимдан кечирган ўша воқеалар, ҳолатлар ва турли яхши ёки оғир кунларни кўрган ҳолда, ўзларига озгина бўлса-да тажриба, озгина бўлса-да йўналиш олишларига ёрдам беради, деган мақсадда айнан шу йили ва айнан ёз фаслида буни чиқардик.
— Бу китоб ёшларга мотивация беришдан кўра, мамлакат сиёсий саҳнасидаги ўз таъсирини янада кенгайтириш истагида бўлган инсоннинг ёзганларига ўхшайди, деган қарашлар бор. Ҳақиқатан бу китобнинг нашр қилиниши билан Комил Алламжоновда сиёсий иштаҳа пайдо бўлди, деб айта оламизми?
— Бу китобдан сиёсат қидириш керак эмас. Бу китобда ҳеч қандай сиёсий мотив йўқ. Бу китоб, яна бир марта айтиб ўтдим, мемуар ҳам эмас. Бу китоб – мотивация. Чунки жудаям кўп ёшларимиз ўз ҳаёт йўлини танлашда қийналишади; мана, ўзимиз ҳам бошимиздан ўтказганмиз, айнан мактабни битиргандан кейин ҳаёт йўлини танлашга кўпчилик қийналади. Қайси йўлга кирсам экан, олий таълим йўналишида билим олиб, бир соҳани эгаллайми, ҳунар эгаллайми, ёки бўлмасам, бир соҳанинг бошини ушлайми? Ёки бўлмаса, умуман таг-туги билан Ўзбекистондан бошқа давлатга бориб, яшаб, ана шу ерда ишлаб, фаолият олиб борайми, деган иккиланишлар бўлади.
Кўп йўлларни танлашда, очиғини айтамиз, бугунги кунда барибир Ўзбекистонда, менинг шахсий фикрим, шундай китобларга эҳтиёж бор. Ана шу ерда ўсиб, ана шу юртда турли даражаларга етиш мумкинлигини кўрсатмоқчи бўлдим. Ҳеч қандай ёрдамсиз, ҳеч қандай бир кўмаксиз ёки бўлмаса, далдасиз инсонда хоҳиш бўлса, ирода бўлса, мақсад аниқ бўлса ва тинимсиз меҳнат бўлса, бу ерда ҳам катта ютуқларга эришиш мумкинлигини кўрсатмоқчи бўлдим.
Бу ерда ҳеч қандай сиёсий мотив, ҳеч қандай бир сиёсатга, сиёсий майдонда ўзимни таъсир кучимни ошириш учун бир иштиёқ ёки бир ҳаракат, деган гапларнинг ҳаммаси булар нотўғри гаплар.
— Китобингизда ёзгансиз, биринчи президент давлат бошқарув тизимида “бўлиб ташла, ҳукмронлик қил” услубини қўллаган ва бу усулга ўзингиз ҳам профессионал фаолиятингизда дуч келгансиз. Айтингчи, иккинчи ҳукумат даврида бу сиёсий бошқарув усулига бутунлай барҳам берилдими ёки бу сиёсий мероснинг асоратлари қайсидир даражада сақланиб қолмоқдами?
— Энди олдинги давр билан ҳозирги даврни солиштирса, ер билан осмончалик фарқ бор. Жудаям баланд фарқ. Ҳозир бутунлай бошқача тизим. Ҳозир кўпроқ жамоа бўлиб ишлаш, аҳилликда ишлаш, бир ёқадан бош чиқариш, деган тўғри бошқарув сиёсати кетяпти.
Мен у даврни суягим қотган давр, деб ҳисоблайман. Кўрганман-да, мисол учун. Ҳозир бунақа ҳолатлар йўқ. Буни “командаси” ёки бу буни “командаси” деган нарсани мен кўрмадим. Лекин бу дегани муаммолар йўқ, дегани эмас. Бу эндигина 4 йиллик бир ўзгариш. Катта бир машинани 4 йил ичида тубдан ўзгартириб юбориш бу жуда қийин масала. Чунки ўзимиз айтиб келамиз, ҳар доим кадрлар сони ёки бўлмаса, билимлилар сони етарли даражада эмас, деган бир пайт. Буни фақат билимлилар, илмлилар қила олиши мумкин.
— Масс-медиа фонди очилгунга қадар юқори ҳокимиятга яқинроқ бўлиб ишлаган пайтларингиз саройнинг баъзи бир нозикликлари, баъзи бир муаммолари ҳақида ёзгансиз китобингизда. Ўша нозик муаммолар ичида сиз дуч келганингиз энг каттаси қайси эди ва энг муҳими?
— Энди, биласизми, бу сарой, даргоҳ – бир оиладек гап-да. Ҳар бир оилада ўзига яраша баланд-пастлари бўлади. Яхши жиҳатлари, ёки бўлмаса, нозик жиҳатлари, ёки бўлмаса, бошқа бир салбий томонлари. Энди бу – оилавий масала. Оилавий масалани мен кўчага олиб чиқмаган бўлардим.
— Президент қизи Саида Мирзиёева ва Комил Алламжонов тандемини ижтимоий-сиёсий ҳаётда бирга кўришга Ўзбекистондаги жамоатчилик аллақачон кўникиб бўлди. Айтингчи, ҳозирги вақтга келгунингизгача, Саида Мирзиёева сизга қандайдир қалқон вазифасини ўтадими? Ҳар ҳолда у – президент қизи.
— Албатта, Саида Мирзиёевани бизга, матбуотчиларга, шу йўналишга келиши бу – президентимизнинг матбуотга ва журналистларга бўлган эътиборининг белгиси, деб ҳисоблайман.
Саида Мирзиёева билан биз тандемдагина шу бугунги кунга эришган ютуқларимизга эриша олдик. Матбуотни 4-ҳокимият даражасига олиб келишга ҳаракат қилдик. Вазирлик-идораларда матбуот хизматларининг жорий қилиниши, матбуотнинг ҳимояланиши, матбуотнинг муаммоларини зудлик билан раҳбариятга етказишда ва уни ҳал қилишда уларнинг роли катта.
— Суҳбатимизнинг бошида сиёсий иштаҳа ҳақида гаплашдик. Мана яқинда Саида Мирзиёева билан биргаликда “Заковат” интеллектуал клубини қайтадан жонлантирдинглар. Яъни қайтадан шакллантирдинглар, десак ҳам бўлади. Лекин ҳозир жамоатчиликда: “Саида Мирзиёева ва Комил Алламжонов “Заковат” клуби орқали ўзининг тарафдорлари қатламини шакллантиришга уринмоқда” деган бир қарашлар юрибди. Бу қарашларга қандай муносабат билдирасиз?
— Биласизми, “заковатчилар”, интеллектуал ёшлар Комил Алламжонов ёки Саида Мирзиёева учун бу ерда тўпланмайди. Уларни бирлаштирувчи куч бу – илмга бўлган интилиш, унга бўлган қизиқиш.
Ҳар битта шундай ҳаракатларда сиёсий мақсадларни кўзлайверсак, унда эртага бозорга чиқиб писта сотсак, бундан ҳам сиёсат кўриш мумкин. Мана ҳаммага ширин писта сотиб, ўзининг тарафдорларини эгаллаяпти, деб. Мен бунақа фикрлардан қочган бўлардим. Бизнинг асосий мақсадимиз – ёшларни, илмга ташна бўлган ёшларни бирлаштириш, уларни юзага чиқишини таъминлаш. Уларни, умуман илмни трендга чиқариш – асосий мақсад шу ва биз буни “Заковат” платформасида қилганмиз.
“Заковат” ўзи бу – янги лойиҳа эмас, бу 20 йилдан ошиқ бор лойиҳа. Бизнинг “Миллий” телеканалимизда “Заковат” кўрсатуви эфирга кетиб турган бўлган ва қайсидир сабабларга кўра рейтинглари пасайиб кетгани учунми, кўрсатувни эфирдан олишди. Эфирдан олишганда “Заковат” клубининг таъсисчилари менга мурожаат қилишди, қандай қилиб буни эфирга қўйсак бўлади, деган таклиф билан чиқишди.
Улар билан суҳбатгача мен бу клуб, кўрсатув билан 15-20 тача одам шуғулланади, деб ўйлаган эканман. Билсам, “Заковат”ни Тошкент шаҳрининг ўзида ҳар ҳафта минглаб ёшлар турли кафеларда ўзлари пул ташлашиб, ўзлари тўпланишиб, шу ўйинларни ўйнашар экан. Ҳудди шунақа вилоятларда ҳам. Бундан ташқари, қарасам, рус лигаси бор экан, рус лигада ҳам икки мингга яқин одам доимий кўришиб, ўйнаб туришар экан. Лекин уларни бирлаштирадиган, уларни доимий янаям қизиқтирадиган бир ҳомий ёки йўлбошчи бўлмаган.
Шундан кейин шу фикр пайдо бўлдики, келинглар агар шу потенциали катта лойиҳа бўлса, илмга ташна ёшларимиз шунчалик бўлса, уларни юзага чиқарайлик, сонини оширайлик, илмга бўлган қизиқишни ёшларда кучайтирайлик, деб биз бу ишга қўл урганмиз.
Бу ерда бир тарафдорларимизни шакллантириш ёки бўлмасам бошқа ҳеч қанақа ортиқча мақсад йўқ.
— Охирги пайтларда Саида Мирзиёеванинг ижтимоий-сиёсий соҳада олиб бораётган кўп ҳаракатлари олқишланаётган бир пайтда, унинг айрим масалаларда илгари сураётган ташаббусларини Гулнора Каримованикига ўхшатишлар кўпайиб бормоқда.
— Биласизми, биз бундай танқидларга жудаям кўп дуч келамиз. Энди, Гулнора Каримованинг ҳам қилмаган иши қолмаган экан-да. Нима ишга қўл урсак, ўша ишда албатта Гулнора Каримова ўтиб кетган бўлади, из қолдириб кетган бўлади.
Бироқ биз Гулнора Каримова бу ишни қилган экан деб, янги лойиҳа ва ғоялар пайдо бўлса, ўзимизни тиймаймиз. У давр ўзининг даври эди, бу давр ўзининг даври. У пайтдаги хатолар бизга кўпроқ бу йўлда хато қилмасликка ундайди. Уларнинг қилган хатолари бизга бир кўргазма, аслида. Биз шу-шу хатоларни қилсак, шу лойиҳаларни шу хатоликлар билан қилсак, қандай оқибатларга олиб келишини кўрганмиз, бу бизга сабоқ бўлди. Лекин йўлимизни қайтаришга ёки бирон бир яхши, чиройли, фойдали, одамлар учун, жамият учун фойдали лойиҳалар чиққанда, “Вой, шуни бир пайтлар Гулнора Каримова қилган экан”, деб ундан тўхтамаймиз.
— Ўзингизнинг таъбирингиз билан айтганда, Комил Алламжоновни президент бўлишга мақсад қилиш ёки ҳеч бўлмаганда орзу қилишда айблай оламизми?
— Йўқ, менда сиёсий амбициялар йўқ. Ҳар битта китоб ёзган одам, ҳар битта янги лойиҳаларни амалга оширган одам, албатта, президентликни орзу қилиб қилмайди бу ишни. Ҳамманинг ўз мақсади бор. Масалан, менинг бош мақсадим – ҳозирда ёшларни илмга жалб қилиш.
Бугун жамиятимиз ривожланиши учун ёшларимиз ё билимли бўлиши керак, ё ҳунарли бўлиши керак. Ҳар битта китоб ёзган одам ёки ҳар битта “Заковат”га ўхшаган катта лойиҳани қилаётган одам сиёсий амбиция билан яшайдиган бўлса, биласизми, ҳамманинг дунёқараши, ҳамманинг хоҳиши ҳар хил, ҳамманинг мақсади ҳар хил. Менда ундай амбиция йўқ.
Мавзуга оид
02:08 / 24.12.2024
Саида Мирзиёева: «Келгуси йил учун белгиланган вазифалар кўлами жуда кенг»
15:00 / 21.12.2024
Kun.uz'нинг YouTube'даги обуначилари сони 3 миллиондан ошди
16:28 / 20.12.2024
Ўзбекистон Интерпол орқали Расаев ва Темирхановни халқаро қидирувга берди
20:49 / 19.12.2024