Ўзбекистон | 17:14 / 08.07.2021
10599
4 дақиқада ўқилади

«Халқимиз сув муаммосини тушуниши ва шунга яраша чоралар кўриши керак» — олим фермер ва томорқачилар ўртасидаги сув жанжаллари ҳақида

Қишлоқ хўжалиги ва ичимлик учун сув етишмовчилиги, қурғоқчилик ҳамда сувга алоқадор бошқа муаммолар ўзбекистонликларни йилдан-йилга кўпроқ безовта қиляпти. Мамлакатда сувни тежаб ишлатиш борасидаги ишлар эса жуда суст кетмоқда. Масалан, Ўзбекистоннинг асосий қишлоқ хўжалиги майдонларини суғоришда ҳозир ҳам 1970-80 йиллардаги каби бостирма суғоришдан фойдаланилади...

Kun.uz мухбири бу борада мамлакатни кутаётган қийинчиликлар, соҳага янги технологияларни жалб қилиш ва умуман, сув муаммоларига мослашиш жараёнлари борасида қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Усмон Норқулов билан интервью уюштирди.

Интервьюнинг биринчи ва иккинчи қисмлари аввалроқ эълон қилиниб, матнлаштирилган ҳолда тақдим этилган эди. Қуйида суҳбатнинг учинчи қисми матни жузъий қисқартиришлар билан эълон қилинмоқда.

— Ўзбекистонда сув етишмовчилиги йилдан-йилга жиддий муаммога айланар экан, томорқачилар, фермер ва кластер эгалари ўртасида келишмовчиликлар, қонли жанжаллар ҳам кўпаймоқда. Афсуски, шу каби вазиятларнинг кўпида қўлида кучи бор одамгина сув ололяпти.

Хўш, қонунчилик бўйича томорқачи, фермер ёки кластер эгаси мавсум давомида қанча сув олиши керак?

— Бизда сув бўйича доим муаммолар бўлган. Шуларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонда 1993 йили «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинганди.

Фикримча, муаммо қонунчиликда эмас, унинг ижросида. Бунда кластердан тортиб, деҳқон, томорқа хўжаликларигача амалдаги қонунга амал қилиши керак.

Иккинчидан, биз ҳар йилги мавжуд сув ресурсларини олдиндан тахмин қилиб, ишни шунга қараб ташкил қилишимиз керак. Сувдан фойдаланиш режаларимиз керак бўлса, ҳар бир экин туригача аниқ бўлиши керак. Бусиз иложи йўқ, сув етишмовчилиги бизда катта муаммо эканлиги сир эмас.

Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Усмон Норқулов

— Ҳозирги сув етишмовчилиги шароитида энг кўп жабрни томорқачилар кўряпти. Улар аслида томорқаси учун доимий тарзда сув олиб туриши керак эмасми?

— Ҳа, бу қонунчиликда ҳам бор. Унга кўра, аҳоли томорқасига доимий тарзда сув оқиб туриши керак. Чунки уларда турли хил экинлар, иссиқхоналар, чорва ва парранда ҳам бор. Уларга эса доимий сув керак. Бу оқимни эса жойларда масъуллар, маҳалладагилар назорат қилиши керак.

Халқимиз сув муаммосини тушуниши ва шунга яраша чоралар кўриши керак. Улар ҳам сувни тежаб ишлатиши, шунингдек, томорқасида сув сақлайдиган бетон ҳовузлар қуриши керак.

Ҳозир сув тежовчи технологияларнинг нархи ҳам арзонлашиб боряпти, одамлар бу технологияларни мустақил ҳам ўрната олади.

Улар ўз томорқаларини сув сақлайдиган ҳовузлардан ва янги технологиялардан фойдаланиб суғоришни ўрганишлари керак. Булар ҳаммаси оддий одам қилиши мумкин бўлган ишлар. Мана шунда улар сув деб талашиб, тортишиб юриши шарт бўлмайди.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Шерзод Эгамбердиев.

Мавзуга оид