Жамият | 19:42 / 10.07.2021
45742
3 дақиқада ўқилади

73 яшар эркакка куч ишлатган ИИБ ходимларига суд ҳукми ўқилди

Тошкент шаҳар ИИББ Пост-патруль хизмати ходимлари суд томонидан 73 ёшли кишига қарши куч ишлатганликда айбдор деб топилди. Уларга нисбатан 2 йил муддатга ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

“Ёшлар” телеканали репортажида маълум қилинишича, ҳодиса 2020 йил 5 декабрь куни содир бўлган. Хизмат вазифасини ўтаётган ППХ ходимлари уч нафар фуқарони “маст бўлса керак” деган гумонда тўхтатади. Бироқ, таъкидланишича, бу фуқаролар атрофдагилар ҳаёти ёки хавфсизлиги учун хавф солувчи ҳеч қандай хатти-ҳаракат содир этишмаган.

Шунга қарамай, ИИБ ходимлари улар билан қўпол муносабатда бўлишган. Гўёки, туман ИИБда тиббиёт ходимлари борлиги ҳақида ёлғон гапириб, уларни туман ИИБ биносига олиб бормоқчи бўлишган. Бироқ 73 ёшли фуқаро ходимларга қаршилик кўрсатган. ИИБ ходимлари қасддан куч ишлатиб, фуқарони автомашинага ўтказмоқчи бўлишганида, унга оғир тан жароҳати етказишган.

“Рация орқали ППХ ходимларига светофор олдида маст ҳолатдаги номаълум фуқаролар тургани ҳақида хабар келган. Шундан сўнг ходимлар айтилган жойга бориб, ушбу фуқароларни ёнларига чақириб гаплашишган. Ўртада баҳс келиб чиққан. 73 ёшдаги фуқаро машинага суяниб турган вақтда ички ишлар ходимларидан бири келиб, унинг оёғидан кўтариб, машинага ўтирғизмоқчи бўлганда мижозим боши билан машинага қаттиқ зарб билан урилиб, тан жароҳати олган”, – дейди жабрланувчининг адвокати Нигора Тожибоева.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди томонидан ушбу жараёнда иштирок этган ИИБ ходимларини Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисмининг «к» банди (Бир гуруҳ шахслар томонидан қасддан баданга оғир шикаст етказиш) ва 206-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) бўйича айбдор деб топилди.

Айбдорларга Жиноят кодексининг 45-моддасини (Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўллаган ҳолда, 9-моддаси (Айб учун жавобгарлик принципи) тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан, 2 йил муддатга ички ишлар органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 5 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, 11 июнь куни Каттақўрғонда туман ДСИ бошлиғи ўринбосари ички ишлар ходимлари билан бўлган зиддият вақтида вафот этган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон тумани прокуратураси томонидан ЖКнинг 206-моддаси 1-қисми (Мансаб ваколатидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, 19 июнь куни Урганч тумани Юқорибоғ қишлоғида яшовчи Ислом Ражабов хонадонида сақланаётган 30 тонна буғдойни рейдерлик йўли билан тортиб олиб кетган, бу жараёнда фуқароларга нисбатан куч ишлатган ИИБ ходимлари хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Урганч тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

Мавзуга оид