Жамият | 13:46 / 10.07.2021
5064
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда кластер раҳбари сув учун талашиб фуқароларни безориларга урдиргани айтилган ҳодиса текширилмоқда

Ижтимоий тармоқларда 1 июль куни Сурхондарё вилояти Ангор туманида фуқаролар билан кластер фермер хўжалиги ходимлари ўртасида жанжал рўй бергани ҳақида видео тарқалган. Вилоят ИИБ мазкур ҳодиса Ангор тумани ИИБ томонидан ўрганилаётгани ҳақида маълум қилди.

Қайд этилишича, жорий йил 1 июль куни Ангор туманининг Чинобод маҳалласида бир гуруҳ фуқаролар билан кластер хўжалиги раҳбари бошчилигида унинг ишчилари ўртасида сув учун можаро юзага келган. Можародан сўнг фуқаролар ижтимоий тармоқлар орқали туман ИИБга видеомурожаат йўллаган. Мурожаатда билдирилишича, жорий йил 1 июль куни Ангор тумани Чинобод маҳалласида шу ерлик фуқаролар билан кластер фермер хўжалиги ходимлари ўртасида жанжал рўй берган. Жанжалга кластер раҳбари фуқароларга сув очишга қўймагани сабаб бўлган.

Шундан сўнг кластер раҳбари «кўча безорилари»ни чақирган. Жанжал чиқарганлар маст ҳолатда бўлган. Жанжал пайтида калтак еган фуқаролар Ангор тумани прокуратураси ва ИИБдан ҳолатни ўрганиб, айбдорларга қонуний чора кўришларини сўраган.

Вилоят ИИБ муносабатида билдирилишича, ҳозирги кунда Ангор тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика инспектори томонидан дастлабки терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Келгусида мазкур иш якуни билан қўшимча маълумотлар тақдим қилинади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда ёғингарчилик кам бўлгани учун турли ҳудудларда сув муаммо бўляпти. Бунинг ортидан айрим жойларда сув учун жанжаллар келиб чиқмоқда.

Мавзуга оид