Ўзбекистон | 22:01 / 10.07.2021
27308
6 дақиқада ўқилади

“Улар Ўзбекистонни яна қора рўйхатга киритишни хоҳлайди” — Акмал Саидов диний эркинлик ва халқаро ташкилотлар ҳақида

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Акмал Саидов янги таҳрирда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга нисбатан халқаро ташкилотларнинг танқидларига жавоб берди.

Янги таҳрирдаги қонун 5 июл куни президент томонидан имзоланди. Ундан аввал қонун лойиҳаси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Венеция комиссияси ва АҚШнинг диний эркинлик масалалари бўйича комиссияси томонидан салбий қарши олинганди.

Акмал Саидов 10 июл кунги матбуот анжуманида, хусусан, АҚШ комиссиясининг нияти холис эмас деб ҳисоблашини билдирди.

“АҚШнинг диний масалалар бўйича комиссияси берган тавсияларни мен ҳам ўқиганман.

“11та мажлисда улар эътироз билдирган барча масалалар бўйича эътироз билдирганман. Мен келтирган далилларимга битта ҳам жавоб беролмаган. Масалан, улар айтишдики, диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказмасин. Мен айтдимки, Америкада кўп динли жамият – динларнинг рақобати, диний даъватлар, яъни миссионерлик асосида шаклланган. Улар бир-бири билан росмана уришган. Улар ҳаммаси ўз динини сингдиришга ҳаракат қилишган. Бизда эса тинч-тотувлик асосида шаклланган. Бу динлараро тотувликни таъминлаш – давлатнинг вазифаси.

Шу сабабли уларга айтганман, сизларнинг ёшдашувингиз билан бизники фарқ қилади. Масалан, АҚШда қуролини ёстиғи тагига қўйиб ётиш – фуқароларнинг фундаментал ҳуқуқи ҳисобланади. Чунки жамият шу тушунча билан шаклланган. Биз эса ҳуқуқий давлатда ҳар қандай ташкилот рўйхатдан ўтиши керак, деб ҳисоблаймиз. Бу динийми, нодавлат-нотижорат ташкилотми ёки тадбиркорлик субъектими, барчаси рўйхатдан ўтиши керак.

Иккинчидан, 18 ёшгача бўлган ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг асосий вазифаси – дунёвий таълим олиш. Ўзбекистонда ўрта умумий таълим мажбурий ва бепул. Лекин шу билан бирга болалар таҳорат олиши, намоз ўқиши, Қуръон ёки ҳадис ёдлашини ҳеч ким тақиқлаётгани йўқ. Тақиқлаётгани йўқ. Лекин диний таълим, бевосита хусусий диний таълим профессионал фаолият сифатида, тегишли талабларга жавоб берса, ҳеч ким тўсқинлик қилаётгани йўқ”, – таъкидлади Акмал Саидов.

Акмал Саидов

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ раҳбарига кўра, қонун лойиҳаси диний соҳадаги ҳамкор халқаро ташкилотларнинг барчасига парламентда 1-ўқишдан ўтганидан кейин юборилган. Аммо улар 2-ўқишдан кейин ҳам юборишларини сўраган, Ўзбекистон эса буни рад этган.

“Мен айтдим: “Кечирасиз, АҚШ Конгресси қонун қабул қилаётган бўлса, улардан мен сўрасам, нима ишинг бор бизнинг қонун билан, дейишади”. Биз биринчи ўқишдан кейин бердик.

Менинг ҳисобим бўйича, уларнинг 80 фоизга яқин таклифини инобатга олганмиз. [БМТнинг диний эркинлик бўйича махсус маърузачиси] Аҳмед Шаҳид берган 52 та тавсиянинг барчасини бажардик. Охиргиси шу қонунни янгилаш эди.

Бу ташкилотлар хоҳлайдики, бизни яна қайта қора рўйхатга киритса-да, яна ўша рўйхатда ушлаб турса. Бу – икки томонлама муносабатларни ва инсон ҳуқуқларини сиёсийлаштириш, деб биламан. Ўзбекистон ҳеч қачон инсон ҳуқуқларини сиёсийлаштиришга ҳам, иккиёқлама ёндашувга ҳам, алоҳида ажратиб олиб қарашга ҳам рози бўлмайди”, – деди депутат Акмал Саидов.

Матбуот анжуманида қатнашган адлия вазири Русланбек Давлетовга кўра, халқаро ташкилотларнинг танқидий хулоса беришига сабаблардан бири – диний фаолият ва диний ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтиши шартлиги ҳақидаги норма халқаро меъёрларга зид эмас.

Русланбек Давлетов

“Диний ташкилотларни давлат рўйхатига олиш мумкин эмас, деб қайси халқаро ҳужжатда ёзилган? Ўзбекистондаги диний ташкилотларни рўйхатга олиш халқаро талабларга юз фоиз мос. Биз ўзимиз қабул қилган халқаро ҳужжатлар бўйича тўлиқ масъулиятимизни ҳис қиламиз”, – деди вазир.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон расмийларининг илтимосига кўра, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ва Европа кенгашининг Венеция комиссияси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ўрганиб чиқиб, қўшма хулоса берган.

Хулосада лойиҳадаги айрим ижобий янгиликлар эътироф этилган, бироқ ҳукумат дин ва диний эркинлик устидан “қатъий ва кескин чоралар кўриши мумкинлиги” белгилангани салбий қарши олинган.

«Қонун лойиҳаси инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга ва ЕХҲТ олдида инсон ҳуқуқлари борасида олинган мажбуриятларга тўла мос келиши учун жиддий қайта кўриб чиқилиши керак», дея таъкидланган ЕХҲТ ва Венеция комиссиясининг қўшма хулосасида.

Халқаро ташкилотлар қонун лойиҳасида диний фаолият ва диний ташкилотлар мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказилиши, давлат рўйхатидан ўтказиш учун ортиқча талаблар борлиги, диний материалларга цензура сақланиб қолаётгани, давлат амалдорларининг диний соҳада ҳаддан зиёд эркинлиги ва диний ташкилотнинг автономия ҳуқуқига аралашув борлигини танқид қилган.

Шунингдек, янги таҳрирдаги қонунда ҳам хусусий диний таълимга қўйилган чекловлар жамоатчилик фаоллари ва диний уламолар томонидан норозиликка сабаб бўлган эди.

Шу йил апрел ойида диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси АҚШ Давлат департаментига Ўзбекистонни “махсус кузатув остидаги давлатлар” рўйхатига қайтаришни тавсия қилди. АҚШ Давлат департаменти 2020 йил декабрда Ўзбекистонни бу рўйхатдан чиқарган эди.

Мавзуга оид