Жаҳон | 16:30 / 11.07.2021
25785
6 дақиқада ўқилади

Ҳаити президенти қотиллиги: ҳукумат АҚШдан армия юборишни сўрамоқда

Ҳаити ҳукумати АҚШдан мамлакатдаги муҳим инфратузилма объектлари муҳофазаси учун ҳарбий ёрдам сўради. Бу ҳақда сайловлар бўйича вазир Матиас Пьер маълум қилган.

Фото: Getty Images

Ҳаити президенти Жовенел Моиз чоршанбага ўтар кечаси ўз қароргоҳида ўлдириб кетилганди. 53 ёшли Моизнинг танасидан 12та ўқ олинган. Расмий баёнотларда ҳужум қилганлар қаттиқ қўриқланувчи президент қароргоҳига қандай бостириб киришгани, уларнинг мотивлари қандай бўлгани борасида маълумот берилмаган.

Ҳаити ҳукумати БМТдан ҳам мамлакатда хавфсизликни таъминлаш учун ҳарбийлар юборишни сўраган.

Аввалроқ АҚШ ҳукумати Ҳаитига қотилликни текширишда ёрдам кўрсатишни ваъда қилганди.

Хабар қилинишича, Ҳаити ҳукумати АҚШдан инфратузилмалар, портлар, аэропортлар ва энергетика тизимларини қўриқлаш учун ҳарбийлар юборишни сўраган.

Пьернинг CNN учун интервьюсида айтилишича, Ҳаитининг бундай сўрови мамлакатдаги ҳарбий хизматчилар сони чеклангани билан боғлиқ, армияда 500 нафарга яқин аскар бор. Вазирнинг ҳисоблашича, Ҳаити учун «ёлланмалар тарафидан таҳдид бор».

Жума куни Оқ уйдагилар Ҳаитига тез орада бир неча юқори мартабали федерал терговчилар йўл олишини маълум қилди. Ҳаити полицияси қотилликда иштирок этган ёлланмаларнинг икки нафари Америка фуқаролигига эгалиги ҳақида маълум қилган.

Ҳаитининг АҚШдаги элчиси президент қотиллигидан кейин унинг ташкилотчиларига санкция қўллашни талаб қилди. «Биз Байден администрациясидан Магнит акти доирасида президент қотиллигига алоқадор барчага санкция қўлланишини сўраймиз», дейилади элчи Эдмон Бакшининг Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкенга йўллаган мактубида.

Ҳаити Сенати жума куни парламент раҳбари Жозеф Ламбертни вақтинча президент деб эълон қилди. Reuters агентлигининг ёзишича, бу қадам Ҳаитидаги сиёсий инқирозни янада чуқурлаштирди, чунки конституцияда бундай ҳолатларда бошқарувни ким ўз қўлига олиши кўрсатилмаган. Агентлик шу вақтга қадар президентлик вазифасини бош вазир Клод Жозеф бажариб келганини эслатиб ўтган.

Ёлланмалар ҳақида нималар маълум?
Президент қотиллигида иштирок этгани гумон қилинаётган гуруҳ аъзолари жума куни маҳаллий телевидение орқали намойиш этилди.

Худди шу вақтда Колумбия полицияси раҳбари Хорхе Луис Варгас президент Моиз қотиллари орасида собиқ колумбиялик ҳарбий хизматчилар борлигини тасдиқлади.

Колумбия махсус хизматлари гуруҳ аъзоларининг иккисининг ҳаракат йўналишини кузатган, Америкадаги нашрлар эса қўлга олинган АҚШ фуқаролари кимлигини аниқлашган.

Колумбиялик генерал ҳужумда иштирок этган олти киши (улардан икки нафари отишма вақти ҳалок бўлган) ўтмишда Колумбия армиясида хизмат қилганини тасдиқлади. Варгаснинг қўшимча қилишича, улар 2018 йилдан 2020 йилгача бўлган давр оралиғида истеъфога чиққан.

Ҳаити полицияси маълумотига кўра, қароргоҳга ҳужум қилган 28 кишидан 26 нафари колумбияликлар бўлган. Бу 28 кишидан 17 нафари қўлга олинган - олти нафари гуруҳ учун база вазифасини ўтаган уйда, яна 11 нафари - ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан яшириниб, Тайван элчихонасига кириб олишганида.

Яна олти гумонланувчи қидирувда. Полиция қотиллик буюртмачисини ҳам қидирмоқда, ҳужум қилувчи гуруҳнинг мотивлари ҳақида аниқ гап айтилмаяпти.

АҚШ Давлат департаменти жума куни Ҳаитида Америка фуқаролари қўлга олинганини тасдиқлади, аммо тафсилотлар келтирилмади.

Америка ва Канада нашрлари эса қўлга олинганлардан бири, 35 ёшли Жеймс Солаж Флоридада яшади ва аввалроқ Канаданинг Ҳаитидаги элчихонасида қўриқчи бўлиб ишлагани ҳақида хабар тарқатган.

Тергов судьяси Клеман Ноэлнинг Le Nouvelliste мухбирига маълум қилишича, қўлга олинган иккинчи америкалик ҳам Флоридада яшаган, унинг исми шарифи Жозеф Винсентдир. У бу одам ёлланма гуруҳда таржимон бўлиб ишлаганини айтган, унинг сўзларига кўра, таржимонни интернет орқали ёллашган.

«Уларнинг миссияси қотиллик эмас, президент Моизни гаровга олиш бўлган», деган газета манбаси.

Порт-о-Пренсдаги прокурор Бедфорд Клод жума куни терговчилар қотиллик рўй берган тунда президентнинг ёнида бўлган барча хавфсизлик хизмати ходимлари сўроқ қилинаётганини маълум қилди.

Паспортлар ва қуроллар
«Хорижликлар мамлакатимизга президентни ўлдириш учун келишган», деди жума куни Ҳаити полицияси шефи Леон Шарль. Унинг ортида кишанланган ҳолда полга ўтиргизиб қўйилган гумонланувчилар кўринади. Матбуот анжумани телевидение орқали трансляция қилинди.

Ниқобдаги полициячи гуруҳ аъзоларидан олиб қўйилган колумбияликлар паспортларини намойиш этади. Шунингдек, мусодара қилинган қуроллар - милтиқлар, дробовиклар, мачете ва катта болғалар ҳам кўрсатилган.

Le Nouvelliste нашрининг ёзишича, бундан ташқари, гумонланувчилардан АҚШ долларлари, президентнинг шахсий чеклар китобчаси ҳамда унинг қароргоҳидаги видеоёзувлар сервери мусодара қилинган.

Колумбиядаги El Tiempo газетаси маълумотига кўра, таҳририятга гумонланувчиларнинг шахсий маълумотлари бўйича ҳужжатлар келиб тушган, унга кўра, гуруҳ аъзоларидан тўрт нафари июнь ойи бошида Колумбиядан Ҳаитига қўшни бўлган Доминикан республикасига учишган. У ердан чегарани кесиб ўтишган.

Газетанинг ёзишича, Колумбия махсус хизматлари ижтимоий тармоқларда гумонланувчилар Доминикандаги сайёҳлар орасидаги машҳур курортда тушган суратларни аниқлашган.

Президентнинг ўлдирилиши Ғарбий яримшардаги энг қашшоқ мамлакат бўлмиш Ҳаити пойтахтида тартибсизликларга сабаб бўлди. Расмийлар мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этишган, Доминикан республикаси Ҳаити билан чегараларини ёпиб қўйган.

Мавзуга оид