Ўзбекистон | 12:22 / 12.07.2021
2865
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи шахс ушланди

Термиз шаҳрида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи шахс ушланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Иллюстратив фото/РИА Новости

Маълум қилинишича, ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Сурхондарё вилояти бўйича бўлимининг тезкор маълумотига асосан, вилоят ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда, 2021 йилнинг 9 июль куни соат 9:00 лар чамасида Термиз шаҳри Дўстлик маҳалласи ҳудудида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида, ушбу маҳаллада вақтинча яшаб келаётган А.Рустамнинг яшаш уйи кўздан кечирилганда, ҳожатхонадан 2 дона целлофан пакетга ўралган жами 138.55 грамм бўлган ўткир ҳидли гиёҳванд моддага ўхшаш модда топилган. Ҳолат холислар иштирокида тегишли тартибда расмийлаштирилиб, ушбу модданинг таркибини аниқлаш юзасидан кимёвий экспертиза тайинланган.

Қайд этилишича, вилоят ИИБ Эксперт-криминалистика бўлимининг 2021 йил 9 июль куни берган хулосасига кўра, А.Рустамнинг яшаш уйидан олинган модда, соф вазни 78,18 грамм бўлган гашиш ҳамда 58,10 грамм опий гиёҳванд моддалари экани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда, Термиз шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан 10 июль куни А.Рустамга нисбатан Жиноят кодексининг 25 ҳамда 273-моддаси 5-қисми билан жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид