ЖАРдаги тартибсизликлар давомида 30дан кўпроқ одам ҳалок бўлди
Жанубий Африка Республикасида бир ҳафтадан кўпроқ вақтдан буён тартибсизликлар давом этмоқда. Улар мамлакатнинг собиқ президенти Жейкоб Зумага суд ҳукми чиқарилгандан кейин бошланган. ЖАРда ҳозирга келиб зўравонлик ҳаракатлари оқибатида 32 киши ҳалок бўлган, талон-торожликлар сони кескин ошиб кетган. Намойишчилар машина ва дўконларга ўт қўймоқда.
ЖАРни 2009 йилдан 2018 йилгача бошқарган 79 ёшли Зума судга ҳурматсизлик иши бўйича 15 ойга озодликдан маҳрум этилди. Дастлаб у суд қарорини бажаришдан бош тортган, кейин эса полицияга таслим бўлиб, турмага жўнатилган. Собиқ президент суд қарори бекор қилинишини сўраб конституциявий судга мурожаат қилган, бироқ ҳозирча унинг илтимоси қондирилмаган.
Тартибсизликлар ЖАРнинг икки йирик провинцияси – мамлакатнинг аҳолиси энг кўп сонли Йоханнесбург ва де-факто пойтахти ҳисобланувчи Претория шаҳарларини қамраб олган Гаутенг ҳамда Дурбан шаҳрини ўз ичига олган Квазулу-Наталда тўхтамаяпти. Квазулу-Натал бош вазири Сихле Зикалаланинг маълум қилишича, провинцияда 26 киши ҳалок бўлган. Улар асосан одамлар кўчаларга чиққанда ва озиқ-овқат дўконлари ҳамда савдо марказларини талаганда юз берган тиқилинчларда ҳалок бўлган.
Норозилик намойишлари ортида мародёрлик ҳолатлари кўпайган. Ижтимоий тармоқларда жойланаётган видеоларда одамлар дўконларни талаётгани акс этган.
Намойишлар ЖАРнинг қолган 9та провинциясига ҳозирча тарқалмаган.
Полиция тартибсизликларни эплай олмаётгани сабабли уларни бостиришга 2,5 минг ҳарбий жалб қилинган. Кўчаларга зирҳли транспортёрлар чиқарилган, дўконлар, АЁҚШлар ва ҳукумат бинолари ёпилмоқда. Намойишчилар полициячиларга тошлар улоқтирмоқда, улар бунга жавобан резина ўқ қўлламоқда. Мамлакатда охирги воқеалар юзасидан 757 киши ҳибсга олинган.
ЖАР полицияси вазири Бхеки Селе “ҳеч кимга демократик давлатни таҳқирлашга ижозат берилмаслигини” айтган.
Мавзуга оид
11:30 / 19.10.2024
ЖАР Исроилга қарши геноцид бўйича ишни охиригача етказишга қарор қилди
14:40 / 05.08.2024
ЖАРда 90 нафар эфиопиялик мигрант одам савдоси билан шуғулланувчилардан озод қилинди
11:48 / 15.06.2024
Сирил Рамапоса ЖАР президенти этиб қайта сайланди
20:56 / 11.06.2024