Ўзбекистон | 14:17 / 14.07.2021
5169
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов ШҲТ давлатлари ТИВ раҳбарлари кенгашининг Душанбедаги йиғилишида қатнашди

«13-14 июль кунлари Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида иштирок этди.

Ҳиндистон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Хитой, Тожикистон ва Ўзбекистон ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари ШҲТ бош котиби ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори иштирокида ташкилотнинг бўлажак юбилей саммитига тайёргарлик жараёнини муҳокама қилишди.

Вазирлар ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилиши кун тартиби лойиҳасини ва мажлисида имзолаш учун таклиф қилинган ҳужжатларни кўриб чиқишди», дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.

Сўнгги 20 йил ичида ШҲТ нуфузли халқаро тузилишга айланиб, замонавий давлатлараро алоқалар тизимини мустаҳкамлашда муносиб иштирок этаётгани алоҳида таъкидланган.

Ташкилот фаолиятини, шу жумладан, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмасини янада кенгайтириш ва ривожлантириш бўйича фикр алмашилган.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий характердаги долзарб масалалар муҳокама қилинган.

Делегациялар раҳбарларини Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам қабул қилди.

Учрашувда жорий йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтадиган ШҲТнинг Душанбе саммити якунлари бўйича ташкилотга раислик Ўзбекистон томонига ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши номидан нутқ сўзлади.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари Тожикистоннинг ташкилотга раислик қилган давридаги самарали ишларини юқори баҳолади.

Комилов ўз нутқида ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб жиҳатларини, ШҲТга аъзо давлатларнинг кўп томонлама ҳамда икки томонлама шаклдаги ҳамкорлик ва шериклик жараёнида эришилган улкан ижобий ютуқларни қайд этди.

Мавзуга оид