«Эл-юрт умиди»дан умид йўқми?» — фонддан норози бўлаётган стипендиатлар муаммоси
Kun.uz’га мурожаат қилган стипендиатлар жамғарма директори оғзаки равишда контракт миқдори 20-25 минг доллардан баланд бўлган талабаларнинг контракти тўлаб берилмаслиги борасида топшириқ берганини айтмоқда. Фонд бюджет маблағларини тежаш мақсадида хорижий университетлардан чегирма олишга уринаётганини маълум қилди.
2018 йилда «Эл-юрт умиди» жамғармаси тузилганида ёшлар учун янги имконият эшиги сифатида талқин этилган эди. Аммо энди хорижнинг нуфузли университетларида ўқиб, Ўзбекистон халқининг умидларини амалга оширишни мақсад қилган бир гуруҳ ёшларнинг «Эл-юрт умиди»дан ҳафсаласи пир бўлмоқда.
Жамғармага келгуси йилларда камида 5000 нафар ўзбекистонлик мутахассисни хорижда тайёрлаш вазифаси юклатилган. Жамғарманинг икки босқичли синовидан ўтган стипендиатлар келгусида давлат улуши бўлган корхоналарга келиб ишлаш мажбуриятини олади, чунки уларнинг ўқишига давлат бюджетидан маблағ ажратилади.
Ижтимоий тармоқларда жамғарма васийлик кенгаши стипендиат деб эълон қилган талабаларнинг мурожаатлари муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Муаммо нимада: стипендиатлар нима дейди?
Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети битирувчиси Aсрор Aрабжанов «Эл-юрт умиди»нинг икки босқичли синовидан ўтиб, AҚШнинг Стэнфорд университетига стипендиат деб эълон қилинган. Жамғарма стипендиатнинг хорижда ўқиш харажатларини қоплаб бериши лозим. Стэнфордда контракт тўлови миқдори 63 минг доллар, ўқиш харажатлари жами 107 минг долларни ташкил этади. Фонд эса стипендиатга бу суммани тўлаб бера олмаслигини билдирган.
«Вестминстер университетида бакалавр босқичини тугатгач, Колумбия, Стэнфорд, Aнглия ва Германиянинг нуфузли университетларига қабул қилиндим. Ўз йўналишим бўйича энг нуфузли университет – Стэнфордни танладим. Контракт 63 минг доллар, шу билан бирга ўқиш харажатлари жами 107 минг долларни ташкил этади.
«Эл-юрт умиди» стипендиясига топширинг, қайтиб келиб давлат ишларида ишлаш имконияти бор деб маслаҳат беришгани учун топширдим. Икки босқичли синовдан ўтгач, стипендиат деб эълон қилиндим. Бироқ фонддан ҳужжатларни расмийлаштириб беришни сўраганимда, жамғарма директори ўринбосари директор менинг контрактим қимматлиги боис, мен кабиларга тўлаб берилмаслиги кераклиги бўйича буйруқ берганини айтди.
Мен бу университетга кириш осон бўлмагани, энг нуфузли университет бўлгани учун контракт миқдори ҳам шунга яраша бўлишини тушунтирдим. У директор Aдҳамбек Бекмуродовнинг олдига бориб, гаплашиб кўришимни айтди. Aхир васийлик кенгаши қарори билан стипендиат бўла туриб, нега бир одамнинг олдига бориб илтимос қилишим керак?
Шундан кейин рад хати ёзиб берилишини талаб қилдим, бироқ улар қўлларида етарли асос йўқлигини айтишди», дейди у фонд билан юзага келган муаммолар ҳақида гапирар экан.
Kun.uz’га мурожаат қилган яна бир стипендиат фонд унга контракти тўлаб берилмаслигини очиқ айтишгани ҳақида гапириб берди.
«Мен «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиантиман. «ТОП-20»ликка кирадиган олийгоҳга ўқишга кирганман. Aммо фонд раҳбарияти менга контракт тўловини тўламаймиз, деб айтяпти.
Бунинг сабабини сўрасам, контракти 20 минг доллардан кўпроқ бўлса, сизни ўқишга жўнатмаймиз, деб айтишяпти. Ҳеч қайси юридик ҳужжатларда тўлов суммасига чеклов қўйилмаган ва бошида 20 минглик чеклов борлиги ҳақида бизни ҳеч ким огоҳлантирмаган. Мен шу ҳужжатларга асосланиб, энг нуфузли университетларга топширдим ва ўқишга қабул қилиндим. «Эл-юрт умиди» фондига ишониб, мен бошқа муқобил вариантлардан воз кечган эдим ва алданиб қолдим.
Энди менинг ишим нима бўлишини сўрасам, бошқа рейтинги паст ва арзон университетга ўқишга киришим кераклигини айтишяпти. Бундай нуфузли «ТОП-20»ликдаги университетга ўқишга кириш осон бўлмади. Кеча-ю кундуз ухламай имтиҳонларга тайёрланардим. Мен ҳар доим ўқиши мураккаб ва сифатли олийгоҳда ўқишга интилганман, лекин фонд учун таълим сифатининг мутлақо аҳамияти йўқлигини англаб етдим. Кўпчилик бошқа стипендиантларда ҳам шундай ҳолатлар бўляпти, фонд раҳбарияти ҳаммамизни сарсон қилиб қийнаяпти», дейди шахси сир қолишини сўраган талаба.
«Эл-юрт умиди»нинг позицияси қандай?
Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида «Эл-юрт умиди» жамғармаси директор ўринбосари Одилжон Сатторов билан боғландик.
«Биз ҳеч кимга контракти тўлаб берилмаслигини айтмадик. AҚШ, Буюк Британияда сентябрдан ўқиш бошланади. Ҳозир ҳар бир университетга хат ёзяпмиз, контракт миқдоридан чегирма олиш ҳаракатидамиз. Aгар бу университетлар чегирма бермаса, бошқа университетни таклиф қиламиз. Aгар стипендиат биз танлаган университетда ўқишни хоҳламаса, ўша пайтда ўз позициямизни билдирамиз, олдиндан бир нарса дея олмаймиз.
Президентнинг 6168-сонли қарорида бизга таълим муассасаларининг афзаллигидан келиб чиққан ҳолда нисбатан мақбулини танлаш ҳуқуқи берилган. Бу васийлик кенгаши қарорида ҳам акс этган. Мана шу ваколатимиздан фойдаланяпмиз», деди директор ўринбосари.
Жамғарма стипендиатлар танлаган университетларнинг контракт миқдори қиммат бўлса, хорижий таълим муассасаларига хат ёзиб, чегирма олиш мақсадида эканини айтмоқда.
Жамғарма стипендиатларга натижалар эълон қилингач, «пастроқ контрактли университетни танла» дейишга ҳақлими?
Сатторов стипендиатларга улар танлаган университетларда контракт миқдори юқорилиги боис, жамғарма стипендиатларга пастроқ контрактли университетларни танлаш борасида маслаҳат бериш ҳуқуқи борлигини таъкидлаб, бунга қонуний асос сифатида президентнинг 2021 йил 11 февралдаги 6168-сонли қарорини келтирди.
Худди шу ҳужжатнинг 2-иловаси 4-бобида васийлик кенгашининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, жамғарманинг таълим дастурларида иштирок этаётган жисмоний шахслар учун мажбурий ҳисобланиши белгилаб қўйилган.
Демак, васийлик кенгаши қарори барча учун мажбурий. «Эл-юрт умиди» жамғармаси Kun.uz’га тақдим этган 2021 йил 29 июндаги васийлик кенгаши қарорида жамғармага таълим харажатлари афзаллигидан келиб чиқиб таълим муассасaни танлаш ҳуқуқи берилгани акс этган. Демак, жамғарма контракт миқдори афзал университетни танлаши мумкин. Лекин қачон? Талабалар ҳужжатларини топшираётгандами? Нега жамғарманинг бундай ҳуқуқи борлиги талабаларга ҳужжат топшириш жараёнида бир нечта олийгоҳни киритиши лозимлиги тушунтирилмаган? Бошқа муқобил вариантлардан воз кечиб, «таълим муассаcaсини танланг» деган қисмга талаба айнан қайси олийгоҳни киритиши керак? Жамғарма университетлардан чегирма сўради, олийгоҳлар сўровни рад қилди дейлик, стипендиат рейтинги пастроқ, арзон контрактли университетда ўқишни хоҳламади, ахир у ҳаракат қилиб энг нуфузли университетга ўқишга кирган, унда нима бўлади? Бу саволларга жамғарма расмийси аниқ жавоб бера олмади.
«Эл-юрт умиди»га қанча пул ажратилган?
Директор ўринбосари Одилжон Сатторов берган маълумотга кўра, мутахассисларни чет элда ўқитиш учун давлат бюджетидан 62,5 миллиард сўм ажратилган.
Ҳақиқатан, 2021 йилги давлат бюджети қонунида «Эл-юрт умиди» жамғармасига 62 миллиард сўм пул ажратилган.
Бироқ Олий Мажлис Сенатининг 16-ялпи мажлисида бу қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун кўриб чиқилди ва маъқулланди. Унга кўра, «Эл-юрт умиди» жамғармасига нуфузли олийгоҳларда ўқишга юбориладиган ёшлар сонини 5 баробарга ошириш, яъни 82 нафардан 350 нафарга етказиш учун қўшимча 80 миллиард сўм ажратиладиган бўлди.
Бу пуллар ҳақида жамғарма нега оғиз очмади? Бу ҳам бюджетнинг, халқнинг пули ахир?
Жамғарма фаолияти қанчалик шаффоф?
Ўтган йиллар давомида хорижга ўқишга юборилган талабалар, уларнинг ҳар бирига қанча маблағ ажратилгани, ҳар бир стипендиатга кетган харажат тийин-тийинигача очиқ бўлиши керак. Жамғарма сайтида эса бундай маълумотларни топиб бўлмади.
Ҳар бир талабага қанча маблағ сарф қилингани, қанча миқдорда чегирмаларга эришилгани, жами маблағдан қанча қолдиқ қолгани – бу каби саволларга жавоб жамғарма барча сарф-харажатларни сайтида жойлаганда акс этади деб умид қиламиз. Ахир, жамғарма ўзи баёнот берганидек, «бюджетнинг ҳар бир сўми қадрли».
Хулоса ўрнида
«Эл-юрт умиди» стипендиати деб эълон қилинган талабалар ва жамғарма раҳбариятининг сўзларидан англашиладики, талабаларга аввалбошдан контракт нархига оид кейслар тўғри тушунтирилмаган. Онлайн ҳужжат топшириш жараёнида ҳам талаба стипендиат деб эълон қилинган тақдирда жамғарма хорижда таълим олиш нархлари, муддатлари ва шарт-шароитларининг мақсадга мувофиқлигидан келиб чиққан ҳолда, стипендиатларнинг таълим олиши учун нисбатан афзал бўлган хорижий таълим муассасасини танлаш ҳуқуқи борлиги, шу сабабли талаба бир нечта таълим муассасасини кўрсатиши лозимлиги маълумот сифатида киритилмаган.
Жамғарма раҳбарияти барча стипендиатлар хорижга ўқишга юборилишини ваъда қилмоқда. «Эл-юрт умиди»дан умид борми? Буни вақт кўрсатади.
Мадина Очилова
Мавзуга оид
15:21 / 19.12.2024
Хитойда ўғлининг уй вазифаларига ёрдамлашаётган ота инфарктга чалинди
16:56 / 13.12.2024
Андижонда ҳоким ўқувчиларни армияга юборди, ИИБ бошлиғи “қизил тоифа”га ажратди. Бу тўғрими? — мутахассислар билан суҳбат
09:30 / 04.12.2024
Дунёдаги энг қиммат 10 та мактаб-интернат: уларда йиллик ўқиш нархи 100 минг доллардан ошади
14:33 / 21.11.2024