Жаҳон | 15:27 / 15.07.2021
52223
14 дақиқада ўқилади

Туркия «Толибон»нинг қатъий огоҳлантиришини қандай «ўқиди». Турк ҳарбийлари Афғонистонда нима учун қолмоқда?

Фото: Getty Images

«АҚШ, НАТО ва Туркиянинг Ҳамид Карзай аэропортидаги вазифалари нимадан иборат бўлади, бу ерда нималарни қабул қиламиз-у нималарни қабул қилмаймиз – биз ҳозир бу ҳақда бир қарорга келдик», деди президент Ражаб Тоййиб Эрдўған жума куни Диёрбакирда журналистлар билан бўлган суҳбатда.

Аввалги баёнотлар билан бир қаторда, ушбу чиқишдан Туркиянинг Афғонистон пойтахти Кобул аэропортида қолиш масаласи қатъийлашгани англашилмоқда.

Бироқ ҳали маълум бўлмаган ёки жамоатчиликка маълум қилинмаган кўплаб тафсилотлар мавжуд.

Айни пайтда «Толибон» сешанба куни эълон қилган баёнотида Туркиянинг Кобул халқаро аэропорти хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қадамларини «жирканч» деб таърифлади. «Бу қарор шошилинч қарордир ва у суверенитетимиз, ҳудудий яхлитлигимиз ва миллий манфаатларимизга зиддир», дейилади мазкур баёнотда.

«Толибон»нинг жавоби нимани англатади?

Толибларнинг чет эллик ҳарбийларга қаратилган баёнотини Анқара «Бу ерда биз хўжайинмиз» деган маънода қабул қилмоқда.

Сешанба куни тўғридан тўғри Туркия нишонга олинган баёнот ҳам ушбу баёнотларнинг давоми сифатида талқин қилинмоқда.

Анқара бу муаммони «Толибон» билан музокараларда бартараф этиш мумкинлиги ва ушбу миссия толибларга қарши эмас, балки фақат аэропорт хавфсизлигини таъминлашгагина қаратилганини таъкидламоқда.

Айни масалада маълумот берган Туркия хавфсизлик ходими АҚШ чиқиб кетганидан кейин толиблар халқаро миқёсда тан олинишга уриниши, бунинг учун улар Россия, Эрон ва Хитой билан музокаралар бошлаганликлари, шунинг учун ҳам улар тажовузкор муносабатда бўлмасликларини таъкидлади: «Тўғри, улар америкалик аскарларни босқинчи, деб билишади. Аммо бизнинг алоқамиз бор, улар бизда босқинчилик мақсади йўқлигини билишади. Бу рамзий баёнотлардир. Орқа фонда халқаро ҳамжамиятга қаратилган «Бизнинг айтганимиздан бошқа ҳеч нарса бўлмайди» деган хабар бор. Шунинг учун Туркияга нисбатан тажовузкор муносабатда бўлинади, деб ўйламаймиз».

Турк дипломатик манбалари ҳам бу миссия «афғон халқи манфаати учун» эканлигини таъкидламоқда: «Толибон»нинг мамлакатдаги барча чет эллик аскарларнинг кетишига муносабати яхши маълум. Аммо афғон халқи олдида турган жиддий гуманитар инқироз шароитида кўриб чиқилаётган вазифа барча афғон халқи манфаати учун эканини таъкидлашда давом этади».

Афғонистонда назорат кимда?
Манба: BBC афғон хизмати, 12 июль, 2021 йил

Аэропорт хавфсизлигини таъминлашни Туркиядан ким сўради?

Афғонистонда 2002 йилда бошланган Халқаро хавфсизлик ёрдам кучлари (ISAF) жанговар операцияси 2014 йил охирида якунлангач, Афғонистон 2015 йил бошидан бутун мамлакат хавфсизлиги учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши тўғрисида қарор қабул қилади.

Аммо хавфсизлик, иқтисодий ва таълим кўрган инсон ресурслари етишмовчилиги сабаб Афғонистон аэропортлар хавфсизлигини таъминлай олмади. Шу боис, Ҳамид Карзай халқаро аэропортининг ҳарбий қисмини бошқаришни Туркия ўз зиммасига олади.

Туркиянинг ушбу соҳадаги тажрибаси ва Афғонистондаги кучларга таъсир кўрсатувчи минтақа давлатлари билан ҳам яхши алоқада эканини ҳисобга олган ҳолда, мазкур ғоя илгари сурилди.

Анқарадаги юқори лавозимли расмийнинг таъкидлашича, Туркия ушбу талабдан мамнун.

Дипломатик манбаларга кўра, «Туркия НАТОнинг қатъиятли қўллаб-қувватлаш амалиёти доирасида 2015 йилдан бери Кобулдаги Ҳамид Карзай халқаро аэропортининг хавфсиз ишлаши учун жавобгарликни ўз зиммасига олиб келмоқда ва бу борада катта тажриба тўпланган».

Айни шу манбалар қуйидагича баёнот берди: «НАТО миссияси тугагандан сўнг, Афғонистондаги дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ёрдам ташкилотлари ўз фаолиятини давом эттиришлари нуқтайи назаридан аэропортнинг хавфсиз ишлаши муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, барча афғонлар манфаати учун биз ушбу ишни давом эттириш ниятида эканимизни Афғонистон ҳукуматига билдирдик».

Маълумот учун, аэропорт хавфсизлиги шу кунгача асосан АҚШ раҳбарлиги остида амалга оширилаётган эди.

АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийсининг таъкидлашича, мазкур ҳамкорлик «Мудофаа соҳасидаги АҚШ-Туркия ҳамкорлигига аҳамият берилганини кўрсатади».

Ҳарбийлар қандай шароитда Туркияга қайтарилади, бу ҳақда ким буйруқ беради?

Туркия хавфсизлик ходими миссия НАТО доирасидан чиқарилиши сабабли, турк аскарлари Туркия байроғи остида хизмат қилишини, буйруқлар ҳам Туркия томонидан берилишини таъкидлади.

Америкалик расмий эса аэропорт билан боғлиқ хавфсизлик хавотирлари мавжудлигини ва икки мамлакат у ерда хавфсизликни таъминлаш масаласида «мувофиқлашган бир шаклда ҳаракат қилиши»ни билдирди.

АҚШ разведка хизмати бўйича Кобулдаги аэропортда турк аскарларини қўллаб-қувватлаши кутилмоқда.

Туркия дипломатик манбалари турк аскарларининг белгиланган миссия доирасида вазифасини бажариши учун ҳуқуқий асосларини яратиш бўйича Афғонистон ҳукумати билан музокаралар давом эттираётганини билдирди.

«Табиийки, ушбу миссияни амалга ошириш учун дастлаб Туркия Буюк Миллат Мажлисидан рухсат олиниши лозим. Ҳар ҳолда, миссия жанговар характерга эга бўлмаган ва аэропорт хавфсизлиги билан чекланган йўриқномага эга бўлиши кўзда тутилмоқда, ўзини ҳимоя қилишни талаб қиладиган вазиятлар эса бундан мустасно». 

Ушбу шароитда, худди Ливия билан 2019 йил охирида тузилган битим сингари, Афғонистон ҳукумати билан ёзишмалар олиб борилгандан сўнг, Туркия парламентининг қарори талаб қилинади.

Айни пайтда аэропортга тўғридан тўғри ҳужум қилинмагунча турк аскарларининг ҳеч қандай тарзда урушда қатнашиши режалаштирилмаяпти. Туркия ҳарбийлари аэропорт ҳужумга учраган тақдирда унинг хавфсизлигини таъминлаш учун чекланган жанговар вазифаларни бажарадилар.

Афғонистондаги миссияни амалга оширишда Туркиянинг қандай стратегик манфаати бор?

Бу – Туркия зиммасига оладиган вазифа билан боғлиқ энг муҳим саволлардан биридир.

АҚШ 20 йил давомида олиб борилган кампанияни натижасиз якунламоқда. Эндиликда мамлакатда толиблар тез суръатлар билан кучайиб бормоқда.

АҚШнинг ҳеч қандай шартларсиз чиқиб кетишига амин бўлган толиблар Афғонистон ҳукумати билан музокаралар олиб боришдан бош тортди. Ушбу жараёнда эса Афғонистон ҳукуматининг сиёсий ва ҳарбий назоратни ушлаб туришга қодир кучи йўқлиги аён бўлиб қолди. Ўтган 20 йил ичида аэропорт хавфсизлигини таъминлаш учун афғонларнинг бирор махсус бўлинмаси ёки хавфсизлик кучлари ташкил қилинмади.

Аэропортга номи берилган, АҚШнинг аралашувидан сўнг ташкил этилган, АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган биринчи ҳукумат раҳбари Ҳамид Карзай бу ҳолатни қуйидагича изоҳлади: «Улар радикализмни тугатиш ва барқарорликни тиклаш учун киришди, лекин иккаласига ҳам эришмасдан чекинишмоқда».

НАТО миссияси доирасида Туркиянинг мамлакатда 600га яқин аскари мавжуд эди. Мана шундай бир шароитда Афғонистонга ушбу миссия билан кириб келаётган Туркия нега бу таваккал ва хавфли ишга қўл урмоқда?

Покистон, Эрон, Туркманистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Хитой билан, яъни чегарадош қўшнилар ўртасидаги автомобил ва темир йўллардан ташқари, Афғонистоннинг дунё билан алоқаси ҳаво йўли орқали, асосан, Ҳамид Карзай аэропорти орқали таъминланади. Шу сабабли, Туркия зиммасига оладиган вазифа жуда муҳим.

Туркия хавфсизлик ходими аэропорт уруш майдони бўлмаслиги кераклигини ва чет эл ваколатхоналари, дипломатик ваколатхоналарга кириш ва инвестицияларнинг соғлом ишлаши учун унинг хавфсизлигини таъминлаш лозимлигини айтмоқда.

Турк расмийсининг таъкидлашича, Афғонистонда Туркия Ҳамкорлик ва координация агентлиги (TİKA)нинг сармоялари ва мактаблари бор. Афғонистон билан Истиқлол урушида бошланган тарихий муносабатлар туфайли янги даврда ҳам Туркия ижтимоий тузилмани ривожлантириш ва барқарорликни таъминлашда муҳим рол ўйнайди.

Бу аввалгига қараганда анча катта жанговар вазифа эмаслиги, мамлакатга катта танклар ва самолётлар билан кириб борилмаслиги сабабли Туркия учун бу жуда катта харажатларга сабаб бўлмайди.

Ҳужум содир бўлган тақдирда, турк ҳарбийлари фаол хизматда бўлишлари ва аэропорт хавфсизлигини таъминлашлари керак. Бунинг олдини олиш учун эса Анқара «Толибон» билан алоқани муҳим деб билади.

Шу билан бирга, мамлакатни барқарорлаштириш орқали Афғонистондан йиллар давомида келаётган иммиграция оқимининг олдини олиш мумкин.

«Афғонистондан келиб чиқадиган янги миграция тўлқини нафақат қўшни мамлакатларга, биринчи навбатда, Покистон ва Эронга, балки Туркия ва Европага ҳам таъсир қилиши мумкин. Беқарорликнинг кучайиши ортидан вужудга келадиган хавфсизлик бўшлиғидан фойдаланиб, радикал террористик элементларнинг Афғонистонда бошпана топиш таҳликаси мавжуд», дейди турк дипломатик манбалари.

Туркия хавфсизлик манбалари аэропорт хавфсизлигини таъминлаш учун Афғонистон ҳукумати билан қилинган алоқа етарли бўлмайди, толибларсиз буни амалга ошириш мумкин эмас, деган фикрда: «Толиблар, эҳтимол, мамлакатнинг янада каттароқ қисмларини ўз назорати остига олиши мумкин. Охир-оқибат, уларни тан олиш, бунинг учун яратилиши керак бўлган асослар ва савдолашиш каби масалалар кун тартибига чиқиши эҳтимолдан холи эмас. Ушбу босқичда нима бўлади, қандай ҳукумат тузилади – бу бир муаммо».

АҚШнинг мамлакатни тарк этиш қарори ортида толибларга қарши курашда ҳатто НАТО ожиз келгани ҳам турибди.

Халқаро ҳамкорлик бўладими?

14 июнь куни бўлиб ўтган НАТО саммитидан кейин ўтказган матбуот анжуманида президент Эрдўған АҚШ ва НАТО билан музокара олиб борган махсус гуруҳ доирасида Покистон ва Венгриядан ҳам ёрдам сўраганликларини айтди.

«Биз Туркиянинг жавобгарлиги натижасида ҳосил бўлган қўшимча қийматдан фойдаланувчи халқаро ҳамжамият аъзоларидан ҳам зиммага тушадиган юкларни адолатли равишда тақсимлашга ҳисса қўшишларини кутмоқдамиз», дейди Туркия дипломатик манбалари.

Маълумки, Туркия толиблар билан алоқа ўрнатаётган айни дамларда Покистон ва Қатар ҳам фаол.

«Толибон»га қарши ҳатто АҚШ ҳам ҳеч нарса қила олмади, биз ҳам қилмоқчи эмасмиз. «Толибон» буни амалга ошириб бўлмаслигини 20 йил давомида кўрсатди. Шунинг учун биз улар боғлиқ мамлакатлар билан ҳам алоқадамиз», дейди Туркия хавфсизлик хизмати ходими.

Анқара бу борада Хитой билан ҳам ҳамкорлик қилишини айтмоқда.

Хитой узоқ вақтдан бери Афғонистон ҳукумати билан ҳам, «Толибон» билан ҳам бевосита алоқада. Афғонистон ҳукумати билан турли инфратузилма ва энергетик инвестициялар бўйича келишувларга эга бўлган Пекин ушбу мамлакатни Покистон ва Эрон орқали дунёга очиладиган савдо йўлларининг муҳим қисми, деб билади.

Шунингдек, Хитойнинг «Толибон» билан «Ал-Қоида»га алоқадор Туркистон Ислом партияси аъзоларининг Афғонистонда яширинишига йўл қўйилмаслиги» ҳақидаги келишуви бор.

Асосан, уйғур турклари яшайдиган Шинжон вилояти ва Афғонистон ўртасида 8 километрлик чегара мавжуд.

Хитой матбуотида ўтган ҳафта «Толибон» расмийси Суҳайл Шаҳиннинг толиблар Хитойни дўст давлат деб билишлари ва унинг Афғонистонга сармоя киритиш бўйича мажбуриятини энг қисқа вақт ичида бажариши кутилаётганига оид сўзлари эълон қилинди.

«Толибон» Афғонистон ҳукумати билан имзоланган битимлар улар назорат қилаётган ҳудудларда ҳам амалга қилишини кутмоқда. Шаҳиннинг сўзларига кўра, «Толибон» Шинжондан келадиган уйғур туркларини Афғонистонга киритмайди. Шунингдек, «Ал-Қоида» ва бошқа гуруҳларнинг чегарада Хитойга қарши ҳеч қандай ҳаракатни амалга оширишига йўл қўймайди. Дўст мамлакат Хитой агар ўз сармояларини киритишда давом этса, унинг хавфсизлиги таъминланади.

Афғонистондаги аскарларга қўшимча кучлар юбориладими, АҚШ оғир қуроллар масаласида қўллаб-қувватлайдими?

Хавфсизлик расмийларининг таъкидлашича, АҚШ армияси мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетиш кўп харажатларга сабаб бўлгани боис кўплаб оғир қуролларни қолдириб кетмоқда. Бироқ ушбу қуролларнинг қанчалик стратегик аҳамиятга эга эканлиги ва улардан қандай фойдаланиш ҳақидаги тафсилотлар икки мамлакат мудофаа вазирликлари ўртасида муҳокама қилинмоқда.

Аэропорт хавфсизлигини кучайтириш учун айни пайтда мамлакатда бўлиб турган аскарларнинг позицияларини ўзгартириш масаласига ҳам келгусида америкаликлар билан ўтказиладиган музокаралар доирасида ойдинлик киритилиши кутилмоқда.

Миссия Туркия армиясига тўлиқ топширилгунча, яъни «кўчириш» жараёнида АҚШ туркиялик аскарлар билан ишлаш учун аэропортда тахминан 600 аскарини қолдиради.

Аэропорт ишида бирга ишлаган фуқаролик ишлари экспертлари ва тил зарурати боис биргаликда фаолият олиб борган маҳаллий ходимлар ҳам ўз вазифаларини давом эттиради.

Туркия дипломатик манбаларининг таъкидлашича, улар хавфсизлик, логистика ва молиялаштиришдаги юкларни тақсимлаш бўйича АҚШ билан музокаралар олиб боришмоқда. Президент Эрдўған жума куни қилган баёнотида ушбу тафсилотлар бўйича АҚШ билан келишувга эришилгани тўғрисида хабар берганди.

Афғонистон ҳукумати билан ёзишмалар ҳам шундан сўнг бошланди.

Миссияда иштирок этиши мумкин бўлган бошқа мамлакатлар билан ҳам Мудофаа ва ташқи ишлар вазирликлари доирасида алоқалар давом этмоқда.

Мавзуга оид