Урушларсиз Афғонистон. Тарихда шундай давр бўлган эди
Ҳозирда Афғонистон деган сўз ортидан хаёлга албатта уруш эргашиб келади. Доимий қирғин, нола-ю афғонларга тўла бу давлатнинг номланишидаёқ улкан маънолар мужассам. Лекин Афғонистонда доим ҳам урушлар бўлмаган. Шундай даврлар бўлганки, бу мамлакат кўп жиҳатдан ўрнак бўла олган.
Бир вақтлар Афғонистон ҳудуди Хуросон номи билан мусулмон маданияти, илми ва иқтисоди маркази бўлган. Амир Темур салтанатининг муҳим таянчларидан бири Ҳирот шаҳри эди. Темурийлар низолари йирик давлат парчаланишига олиб келса-да, Хуросон яхлит мамлакат мақомини сақлаб қолган ва юксалишда давом этган. Ҳусайн Бойқаро, Алишер Навоий даврида дунё нигоҳидаги нуқталардан бирига айланган.
Бу кўҳна тарих. Афғонистоннинг фаровон яшаган, илм-фан, маданият, иқтисод ривожланган замонавий тарихи ҳам бор.
1979 йилда совет қўшинлари киритилишини тарихнинг ўзига хос бурилиш нуқтаси деб аташ мумкин ва шундан кейин Афғонистон буткул урушлар гирдобига шўнғиб кетди. Бу сана ҳам шартли албатта, чунки бунга қадар ҳам Афғонистонда тахт талашишлар, давлат бошқарувидаги ўзгаришлар, йирик уруғлар, миллатлараро зиддиятлар мунтазам содир бўлиб келган. Бироқ бу урушлар давлатчилик асоси – умумий тинчлик орқали фаровонликка эришишга жиддий таъсир қилмаган.
1919 йилда отасининг ўлимидан сўнг амакисини ағдариб тахтга чиққан Омонуллахон Афғонистонни Британиядан мустақил деб эълон қилади. Ҳокимиятдан руҳланган Омонуллахон инглизларга қарши уруш бошлаб юборади, аммо қатор мағлубиятларга учрайди. Шунга қарамай, Британия Афғонистон мустақиллигини тан олади.
Ундан кейин турли йилларда Ҳабибулло, Нодиршоҳ, Зоҳиршоҳ, Муҳаммад Довуд каби шахслар давлат тепасига келишади ва уларнинг ҳар бири ўзига хос янги тузум ўрнатишга ҳаракат қилишади. Аммо энг асосий муаммо шунда эдики, давлат раҳбарининг миллий этник келиб чиқишига жиддий қаралар, бошқа миллат ёки элатлар дарҳол ошкора ёки пинҳона мухолифатга киришиб кетишарди.
Тоғлар орасида, чекланган ҳудудларда узоқ вақт ўз қонунлари билан яшаган уруғлар бошқа бировга бўйсунишни тасаввур ҳам қила олишмасди.
Шунга қарамай, иккинчи жаҳон урушидан кейинги ўн йилликларда Афғонистон барқарор давлат сифатида шаклланиб, ривожланиб борди. Қатор университетлар очилди, зиёли одамларнинг нуфузи ошиб борди, ривожланган давлатлар, ҳатто АҚШдан келиб доимий ишловчилар пайдо бўлди. Саноат ривожланди, афғон матолари, гиламлар экспорти кескин ошди (дарвоқе, ҳануз бу йўналиш давлатга тушумларнинг салмоқли қисмини ташкил этади).
Туризм ривожланди, улкан иншоотлар фойдаланишга топширилди. Таълим, тиббиёт ривожланди, афғон жарроҳлари мураккаб операцияларни амалга ошира бошладилар. Аёллар ҳуқуқлари бўйича қатор муваффақиятларга эришилди. Умуман, аёлларнинг бу давлатда эмин-эркин ҳаёт кечирган даври ана шу қисқа вақтга тўғри келади.
Маданият гуллаб-яшнади. Буни бир инсон мисолида тушунтиришнинг ўзи кифоя. Афғон хонандаси Аҳмад Зоҳир айни шу даврда яшаб ижод этди. 33 йилгина яшаб, улкан маданий мерос қолдирган бу ҳофизга машҳурлик борасида ҳалигача форсийда куйловчи бирор санъаткор ета олгани йўқ.
Мана шу 30-40 йил оралиғидагина театр санъати ҳақиқий эркин яшаб олди, кинолар ишланди. Ҳозир буларнинг бари унут бўлган.
Тузумлар алмашса-да, янги ҳукмдорлар пайдо бўлса-да, мамлакатда сўз эркинлиги сақланиб қолди, инсон ҳуқуқларига амал қилинди, болаларнинг болалиги таъминлаб берилди. Шаҳарлар ривожланди, бошқа давлатлар каби Афғонистон ҳам урбанизацияни бошдан кечирди. Дунё ҳамжамиятида бу давлат ҳам ўз овозига эга бўлди.
Ҳа, мана шуларнинг ҳаммаси бугун узлуксиз урушлар гирдобида қолган Афғонистон эди. Яна бу асрлар ошган тарих эмас, нари борса 30-35 йил олдинги гаплар. Аммо ана шу сўнгги 30-40 йил бу сокин мамлакатни ҳаддан ортиқ синовларга дучор қилди. Буёғи ҳаммага маълум...
Қуйидаги суратлар нола-ю афғон мамлакатининг тинч даврлари ҳақида ҳикоя қилади:
Бир асрлик янги тарихида Афғонистон бир неча тузумларни бошдан кечирган:
1. 1919 йилда тахтга чиққан Омонуллахон Афғонистонни дастлаб амирлик деб атаган;
2. Сўнгги амир Ҳабибуллохон 1929 йилда тахтдан ағдарилган ва янги ҳукмдор Нодиршоҳ Афғонистоннинг монархия тузумини ўрнатиб, ўзини шоҳ дея эълон қилган;
3. 1933 йилда, Нодиршоҳ ўлимидан сўнг унинг ўғли – Муҳаммад Зоҳиршоҳ тахтга чиқади. 1973 йилга қадар, яъни 40 йил давомида ҳукмдорлик қилган Зоҳиршоҳ даврини бу давлатнинг ўзига хос олтин даври деб аташ мумкин. Тўғри, ҳар қандай шоҳ сингари уни ҳам ёмон кўрганлар, аёвсиз танқид қилганлар бўлган. Аммо қирқ йиллик барқарорлик давлат ривожида катта ҳисса қўшган. 1973 йилда ўз амакиваччаси Муҳаммад Довуд томонидан тахтдан ағдарилган ва хорижга равона бўлган Зоҳиршоҳ фақат 2002 йилга келибгина ўз юртига қайта олган;
4. 1973 йилдан бошланган Муҳаммад Довуд бошқарувида Афғонистон илк бор Республика мақомини олган бўлса-да, амалда ҳақиқий диктатурани бошдан кечиради. Мана шу даврдан бошлаб ҳамжиҳатликка путур етади, сиёсий талотўплар бошланиб кетади ва кўп ҳолларда улар ҳарбий тўқнашувларгача борди. Давлатни 5 йил бошқарган Муҳаммад Довуд ислоҳотлар ўтказишга уринади, аммо эплай олмайди;
5. 1978 йилда апрель инқилоби (кўп манбаларда Савр инқилоби) амалга оширилди. Унинг натижасида президент Муҳаммад Довуд ўз қароргоҳида оила аъзолари билан бирга отиб ташланади. Ҳукумат тепасига коммунистик ғояларни илгари сурувчи Афғонистон халқ демократик партияси келади;
6. Бошқарувчилар номи демократик партия бўлса-да, амалда давлат демократиядан борган сари узоқлашаверди ва 1979 йилда бу давлатга “чекланган” номи остида совет қўшинлари киритилди. Бундан кейинги қонли тарих ҳаммага маълум.
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
14:12 / 06.11.2024
Ўзбекистон ва ЕИ афғон масаласи бўйича ўзаро маслаҳатлашувни давом эттиради
22:45 / 02.11.2024