Бухорода аёллар йўлни тўсди. Ҳодисага вилоят ИИБ изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти Ғиждувон туманида аёллар йўлни тўсиб қўйгани тасвирланган видео тарқалди. Ҳодиса юзасидан вилоят ИИБ муносабат билдирди.
Муносабатда маълум қилинишича, Ғиждувон тумани Чорсу маҳалласида яшовчи 1978 йилда туғилган И.М. туманнинг Қўрғон маҳалласи ҳудудида Ипотека банкидан олган 1 миллиард 275 миллион сўм кредит маблағи ҳисобига 90 ўринга мўлжалланган хусусий боғчани 2018 йил 31 декабргача қуриб, фойдаланишга топшириши лозим бўлган.
Бироқ тадбиркор аёл ўзбошимчалик билан 90 ўринли муассаса ўрнига 150 ўринга мўлжалланган бино қурган. Бундан ташқари, банкдан қўшимча равишда 21 фоизлик 300 миллион сўм кредит маблағларини ҳам олган.
Ҳозирги пайтда катта миқдорда қарзи бўлатуриб, ҳар ойлик фоиз тўловларини тўлай олмаётган бўлишига қарамасдан, у яна банкдан катта миқдорда кредит сўраган. Банк томонидан унга ишончсизлик билдирилган ва кредит ажратилмаган. Шундан сўнг И.М. туман ҳокимлигига кредит маблағларининг тўлаб берилиши тўғрисида ноқонуний талаб қўйган. Талаби инобатга олинмагач, жорий йил 15 июль куни ўз танишлари билан халқаро аҳамиятдаги М-37 Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши халқаро автомобиль йўлининг қатнов қисмига чиқиб, йўлни тўсиб қўйган.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат юзасидан И.М. ва унинг шерикларига нисбатан Ғиждувон тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судига юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судининг 16 июль кунидаги қарори билан И.М. ва унинг 6 нафар шериги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, маъмурий жавобгарликка тортилган.
Жумладан, ҳуқуқбузарлик ташкилотчиси И.М.га 11 сутка, унинг шериги Х.А.га 15 сутка, Ё.Д. ва П.Ф.га 10 сутка, С.Д. ва Қ.М.га 8 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Уларнинг яна бир шериги А.М.га эса БҲМнинг 20 баробари миқдорида, яъни 4 миллион 900 минг сўм жарима жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти Оқдарё туманида яшовчи шахс банклардан бири кредит бермагани учун баланд бинодан ўзини ташлаб, жонига қасд қилишга уринганди. Аниқланишича, унда ҳам тўланмай қолган кредит қарздорлиги бўлгани учун, банк янгитдан қарз беришни хоҳламаган.
Мавзуга оид
17:03 / 15.12.2024
Бухорода ҳайдовчи маст ҳолда автобус бошқариб, одам ташиётганда ушланди
15:29 / 03.12.2024
Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида мотоцикл ва скутер кабиларнинг ҳаракати чекланди
11:04 / 02.12.2024
2025 йилда Россия шаҳрида Бухоро маданияти кунлари ўтказилади
17:27 / 30.11.2024