Жамият | 19:27 / 16.07.2021
3260
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда спиртли ичимлик ичган ота машина бошқарувини 12 ёшли ўғлига бериб, ЙПХ ходимларидан ўтиб кетмоқчи бўлди

Сурхондарё вилояти Термиз туманида спиртли ичимлик ичган ота машина бошқарувини 12 ёшли ўғлига бериб, ЙПХ ходимларидан ўтиб кетмоқчи бўлган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 15 июль куни вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан Термиз тумани Амир Темур маҳалласи ҳудудида ўтказилган назорат рейди вақтида «Дамас» тўхтатилганда машинани 12 ёшли бола бошқариб келаётгани аниқланган.

Қайд этилишича, «Дамас» ҳайдовчиси спиртли ичимлик истеъмол қилгани туфайли, йўлда ҳаракатланиб келаётганда ЙПХ ходимларини кўриб, машина бошқарувини ўғлига берган. Машинада боланинг онаси ҳам бўлган.

Таъкидланишича, спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳайдовчи отага Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 31-моддаси бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган. Машина вақтинча жарима майдончасига жойлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида 13 ва 16 ёшли болалар «Камаз» юк машинасида ғишт ташиб юрганда ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилгани хабари берилганди.

Мавзуга оид