Ўзбекистон | 22:26 / 17.07.2021
51573
2 дақиқада ўқилади

Жаҳонгир Ортиқхўжаев коронавирусга қарши эмлангани хабар қилинди. Саволли масалага ойдинлик киритилди

Тошкент шаҳар ҳокимининг ўзбек-хитой вакцинасини олиш жараёнидан тақдим этилган видео ижтимоий тармоқларда саволлар уйғотгач, ҳокимлик матбуот хизмати Kun.uz сўровига жавобан ҳокимни эмлаш жараёнининг тўлиқроқ видеотасвирини тақдим этди.

Видеодан кадр

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 17 июл куни коронавирусга қарши ўзбек-хитой вакцинаси билан эмланди, деб хабар берди ҳокимлик матбуот хизмати.

Эмлаш жараёнидан эълон қилинган видеодаги бир ҳолат ижтимоий тармоқларда танқидий муҳокамаларни келтириб чиқарди.

Гап шундаки, дастлабки лавҳада вакцина кўк рангли игна орқали шприцга тортиб олингани, аммо ҳокимнинг елкасига вакцинани киритишда қорамтир-кулранг рангли игнадан фойдаланилгани кўринади.

Kun.uz ҳокимлик матбуот хизматидан видеонинг монтаж қилинмаган талқинини тақдим этишни сўради. Ундан кўринишича, вакцинани шприцга олиш ва уни эмланаётган шахсга киритишда турли игналардан фойдаланилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати вакили Дилфуза Расулованинг Kun.uz'га маълум қилишича, вакцина игнаси дорини тортиш учун торлик қилади, шунинг учун бошқа игна билан тортилади.

“Ҳоким елкасида игнанинг қопқоғидек кўринган нарса – шприцнинг “уплотнитель” деб аталувчи қисми. Бу ерда игналарнинг бири кўк, иккинчиси шаффоф “уплотнитель”, – деди Дилфуза Расулова.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сўзларига кўра, у ўзбек-хитой вакцинасининг иккинчи дозасини қабул қилган. Эслатиб ўтамиз, ушбу вакцинанинг тўла курси учта доза қабул қилишни назарда тутади.

Мавзуга оид