Паст Дарғомда тиббиёт ходимларига тажовуз қилган шахсга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди
Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманида беморнинг отаси поликлиникада ва ўз уйида «Тез ёрдам» ходимларини калтаклади. Зўравонга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди ва ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
«Жорий йилнинг 15 июль куни соат тахминан 22:30да Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани «Зарбдор» оилавий шифокорлик пунктида жойлашган тез тиббий ёрдам бўлимига туманнинг Қўшқудуқ маҳалласида яшовчи фуқаро Х.М. маст ҳолда келган ва 22 ёшли ўғли М.Ж. бетоблигини айтиб, шу куни ўз навбатчилигини ўтаётган шифокор Т.Ф. ва фельдшер Н.И.дан тезда унинг яшаш манзилига боришни талаб қилган.
Бироқ бемор манзилига отланган тиббиёт ходимлари биринчи ёрдам қутисини олишга улгурмасдан телефон орқали бошқа бир манзилдан чақирув бўлади.
Навбатчи фельдшер Н.И. телефон орқали чақирувни расмийлаштириш вақтида фуқаро Х.М. бетоқатлик билан фельдшер Н.И.ни ҳақоратлаб, унга қўл кўтаради. Сўнг калтакланган фельдшерни иш жойида қолдириб, шифокор Т.Ф.ни машинасига ўтиришга мажбурлайди.
Яшаш манзилига боргач, хуморидан чиқмаган фуқаро арзимаган баҳоналар билан шифокорни ҳам ҳақорат қила бошлайди. Бунга ҳам қаноат қилмаган муштумзўр тез тиббий ёрдам бўлими шифокори Т.Ф.ни хизмат вазифасини ўтаётган вақтда аёвсиз калтаклайди.
Шундан сўнг шифокор зудлик билан Паст Дарғом туман тиббиёт бирлашмасининг травматология бўлимига олиб келинган.
Тиббий текширув давомида 1988 йилда туғилган Т.Ф.га бош мия жароҳати, жумладан, бош мия чайқалиши, пастки лаб ички юзасида уриб йиртилиши ҳамда кўкрак қафаси юмшоқ тўқмаларнинг лат ейиши ташхиси қўйилган. Айни пайтда унга шифокорлар томонидан стационар шароитда зарур тиббий муолажалар кўрсатилмоқда», дейилади ССВ хабарида.
Шунингдек, 1978 йилда туғилган навбатчи фельдшер Н.И.га бурун суягининг ёпиқ синиши каби жароҳатлар билан туман тиббиёт бирлашмасида тиббий ёрдам кўрсатилган.
Тиббиёт ходимларига тажовуз қилган фуқаро Х.М.га нисбатан эса қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди ва ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, жорий йил 1 март куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали тез тиббий ёрдам шифокори Х.М.га хизмат вақтида фуқаро Д.О. томонидан қилинган тажовуз учун 2021 йил 16 мартдаги суд ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддасининг тегишли қисми билан 5 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган ва ҳозирда фуқаро Д.О. жазо муддатини ўтамоқда.
Мавзуга оид
14:11 / 18.08.2024
Самарқандда пул эвазига қарздорликни ёпиб бермоқчи бўлган туман газ идораси ходими ушланди
12:22 / 26.06.2024
Паст Дарғом туманига янги ҳоким тайинланди
09:20 / 05.12.2022
Паст Дарғомда кекса ногирон аёлни номусига тегиб, ўлимига сабаб бўлган “маняк”ка ҳукм ўқилди
23:03 / 14.11.2022