Жаҳон | 18:42 / 19.07.2021
7947
2 дақиқада ўқилади

Туркия толиблар билан музокара ўтказиш ниятида эканлигини маълум қилди

Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Туркия ҳарбийларининг Афғонистонда бўлишига кескин қарши чиқишини билдирганди.

Фото: Anadolu Agency

Туркия «Толибон» ҳаракати вакиллари билан Афғонистонда турк ҳарбийлари қолиши бўйича музокара ўтказади. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған маълум қилди.

«Толибон» турк ҳарбийлари қолишини истамаслигини айтгани йўқ, улар бизнинг позициямизни яхши билишади. Бизда режалар бор ва уларни амалга оширмоқдамиз. Ҳозирда ташқи ишлар вазирлиги ва шахсан мен бу қадамларни қўймоқдамиз ҳамда «Толибон» билан музокара ўтказамиз деб умид қиламан. Ундан кейин нима бўлишини кўрамиз», — деди у.

 Эрдўғаннинг фикрича, «Толибон» вакилларининг Афғонистондаги ҳаракатлари нотўғри ва «бир мусулмон иккинчисига нисбатан ўзини қандай тутиши кераклигига» мутлақо тўғри келмайди. У толибларни «ўз биродарларига нисбатан босқинчилик позициясида бўлиш»дан воз кечишга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, май ойи охирларида АҚШ ва Туркия президентлари Жо Байден ва Ражаб Тоййиб Эрдўған НАТОнинг Афғонистондаги миссияси якунланганидан сўнг турк ҳарбийлари Кобул аэропорти хавфсизлигини таъминлаши бўйича келишувга эришганди.

Июнь ойи ўрталарида Эрдўған Туркия АҚШнинг молиявий кўмагида Афғонистондаги ҳарбий контингентини сақлаб қолишга тайёрлигини билдирди.

Шундан сўнг, «Толибон» ҳаракати Туркия ҳарбийларининг Афғонистонда бўлишига кескин қарши чиқишини билдириб, баёнот берди.

Мавзуга оид