Ўзбекистон | 14:15 / 21.07.2021
57971
4 дақиқада ўқилади

Наманганда сел. Кўприклар бузилиб, автомобиллар оқди, уйларга сув тошди

20 июль куни Наманган вилояти ҳудудида кучли ёғингарчиликлар сабабли сув тошқинлари юзага келди, вилоят бўйича иккита катта кўприкка зарар етган, Поп тумани ҳудудида сув автомобилларни олиб кетган, Наманган шаҳри ва Давлатобод туманида аҳолини эвакуация қилиш ишлари олиб борилган.

Интернетда Наманган вилоятида кучли жала ёғиши оқибатида сув тошқини юзага келгани акс этган видеотасвирлар тарқалди. Хусусан, Наманган шаҳридаги кўчаларда, ерости ўтиш йўллари, ошхоналар ва бошқа муассасалар биноларида сув тошган.

Kun.uz мобил мухбирининг хабар беришича, 20 июль куни кечаси Поп туманидаги тоғли ҳудудда жойлашган «Имомота» МФЙда сойдан келган сув бир неча автомобилни оқизиб кетган.

Фото: Telegram / kunuznamanganviloyati
Фото: Telegram / kunuznamanganviloyati

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Косонсой туманидан сел тошқини келиши оқибатида Наманган шаҳар ҳудудидан ўтган 4Р-117 «Тўрақўрғон-Наманган-Чортоқ» автомобил йўлининг 15-километрида жойлашган кўприкка зарар етгани сабаб созлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан ҳаракат тўлиқ чеклангани ҳақида хабар берган.

Фото: ЙҲХББ

Шунингдек, 4Р-112 Фарғона ҳалқа йўли автомобиль йўлининг 73-километрида жойлашган «Ташлама» кўпригига зарар етгани сабаб созлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан ҳаракат қисман (бир томонлама ташкил этилган) чекланди.

Фото: ЙҲХББ

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 20 июль куни Фарғона водийсининг тоғли ҳудудларида кучли ёғингарчилик юзага келиб, Андижон ва Наманган вилоятлари туманларида аҳоли уйларига сув тошиб киргани ҳақида маълумот берди.

«Андижон вилоятининг Қўрғонтепа, Жалақудуқ ва Андижон туманлари, Наманган вилоятининг Наманган шаҳри, Косонсой, Тўрақўрғон, Давлатобод ва Уйчи туманларида жойлашган аҳоли хонадонларининг томорқалари ва ҳовлиларига сув тошиб кириш ҳолатлари кузатилган.

Воқеа жойига Андижон ва Наманган вилоятлари Фавқулодда вазиятлар бошқармалари шунингдек, вилоят ҳокимликлари, ИИБ, МГ раҳбарияти ва шахсий таркиби ҳамда ФВДТ хизматлари куч-воситалари жалб этилиб, сув оқими оқибатларини бартараф этиш ҳамда аҳоли томорқаларидан сувни чиқариш ишлари олиб борилди.

Кучли ёғингарчиликлар натижасида аҳоли яшаш уйларига зарар етмаган ва жабрланганлар йўқ», дейилади хабарда.

Наманган ФВБ матбуот хизмати табиий офат оқибатлари бартараф этилаётгани акс этган суратларни тақдим этди.

«Ёмғир ва дўл ёғиши оқибатида содир бўлган сув сел тошқини натижасида аҳоли яшаш хонадонларида тўпланиб қолган сувларни тортиш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳодиса жойларига махсус автомобиллар ва хизматчилар ёнғин қутқарув қисми шахсий таркиби, шу билан бирга, ҳамкор ташкилотлардан 80та техника ва 584 нафар ишчи ходимлари жалб этилди», дейилади хабарда.

Наманган шаҳри «Юксалиш» МФЙда жойлашган 4,5,6,-кўп қаватли уйларнинг ертўласида сув тўплангани сабабли кўп қаватли уйда яшовчи 100 нафар фуқаро хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиниб, ертўлада тўпланиб қолган сувларни 4та ёнғин қутқарув автомобили ва 8та сув тортиш насослари (мотопомпа) орқали тортиш чоралари кўрилган.

Фото: Наманган вилоят ФВБ матбуот хизмати

Шу билан бир қаторда, Наманган шаҳар Давлатобод тумани «Елихон» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Шишаки сой яқинида жойлашган 7та хонадондаги 32 нафар фуқаро хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган. 

Фото: Наманган вилоят ФВБ матбуот хизмати

Шунингдек, Поп тумани «Имомота» МФЙ ҳудудида кузатилган сел келиши оқибатида зарарланган йўлларда қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. 

Фото: Наманган вилоят ФВБ матбуот хизмати

Мавзуга оид