Ўзбекистонда ҳар йили ўртача 200 нафар бола фарзандликка берилмоқда. Навбатда турганлар сони ўн баробар кўп
Фарзанд асраб олиш учун 2018–2019 йилларда 1,9 минг, 2020 йилда эса 1,5 минг киши васийлик ва ҳомийлик органларида навбатда турган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан муҳокама қилинмоқда. Қуйи палата ахборот хизматининг хабар беришича, иккинчи ўқишга тайёрланаётган қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан сиёсий партиялар фракциялари томонидан берилган таклифлар атрофлича ўрганилмоқда.
Муҳокамалар жараёнида бугунги кунда фарзандликка олиш истагида навбатда турганларнинг сони фарзандликка берилаётганларга нисбатан анча юқорилигича қолаётгани алоҳида таъкидланган. Хусусан, фарзанд асраб олиш учун 2018-2019 йилларда 1,9 минг, 2020 йилда эса 1,5 минг нафар фуқаро васийлик ва ҳомийлик органларида навбатда турган. Фарзандликка берилаётганлар эса ҳар йили ўртача 200 нафарни ташкил этади.
Амалдаги қонунчиликка кўра, қасддан содир этган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинган шахслар вояга етмаганни фарзандликка олиши тақиқланган. Мазкур норма ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган, унча оғир ҳамда фарзандликка олишга тўсқинлик қилмайдиган жиноят турлари (иқтисодиёт, экология соҳасидаги жиноятлар ва ҳ.к.) учун ҳам татбиқ қилиниши инсон ҳуқуқларининг чекланишига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, доимий даромадга эга бўлмаган ёки саломатлигига кўра ота-оналик ҳуқуқ ва мажбуриятларини бажара олмайдиган шахсларнинг фарзандликка олиш ҳуқуқларини чеклаш қонунда аниқ белгиланмаган. Оқибатда фуқаролар томонидан ноқонуний йўллар билан фарзанд асраб олиш, шу жумладан бола савдоси каби ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, 2017-2020 йилларда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида чақалоқ савдоси билан боғлиқ 185 та жиноят аниқланган ва ушбу жиноятлар бўйича 286 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Шу муносабат билан «Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси билан Оила кодексида фарзандликка олиши мумкин бўлган шахслар рўйхатини ўзгартириш кўзда тутилмоқда.
Фарзандликка олиш масаласи Олий Мажлис Сенатида ҳам муҳокама қилинган. Парламент юқори палатасининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган етим болаларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, уларга тегишли шарт-шароитлар яратиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилишида шахсга доир маълумотларни сир сақлаган ҳолда талабгорлар учун васийлик ва ҳомийликка бериладиган болалар ҳақидаги маълумотларни онлайн олишни йўлга қўйиш, фарзандликка олишни истовчиларнинг электрон навбатини ишга тушириш илгари сурилган.
Тошкентда 3 мингга яқин фуқаро бола асраб олиш учун навбатда турибди. Тизимни соддалаштириш керакми?
Мавзуга оид
16:16 / 29.11.2024
«Темирйўл транспорти тўғрисида»ги қонун имзоланди
11:50 / 20.11.2024
Президент: 100 та эмас, 5 та қонун қабул қилайлик, лекин халқчил бўлсин, халқимизга хизмат қилсин
17:35 / 18.11.2024
Ўзбекистонда омбудсман тўғрисидаги қонун қабул қилинди
09:59 / 13.11.2024