Спорт | 18:14 / 23.07.2021
14424
6 дақиқада ўқилади

«Қарзга яшаяпмиз» — Шахмат федерацияси ходимлари деярли бир йилдан буён маошсиз ишлаётгани маълум қилинди

Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов икки ой муқаддам бу масала ечилганини айтганди. Аммо федерация ходимлари бу ёлғон маълумот бўлганини таъкидламоқда.

26 май куни бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» тадбирлари доирасида Kun.uz мухбирининг саволларига жавоб берганди. Суҳбат давомида жумладан, Ўзбекистон шахмат федерацияси ходимлари 6 ойдан буён маошларини ололмаётгани масаласи ҳам кўтарилган ҳамда Абдуҳакимов бу масала ўз ечимини топганини маълум қилган.

«Олти ой эмас, сал камроқ. Бу масала ечилди. Ўзим бориб шуғулландим. Биласиз, федерацияда бунгача жуда катта муаммолар бўлган. Бизнинг бир қатор иқтидорли, ёш қизларимизга йўл берилмаган. Бир қанча инсонлар эса фақат ўз яқинларини халқаро турнирларга юбораверган. Биз буни ҳам бартараф этдик», деганди у.

Шахмат федерациясига ҳам раҳбарлик қилиб келаётган Азиз Абдуҳакимовнинг юқоридаги жавобидан кейин масала ечимини топганига ёки ҳеч бўлмаса, шундан кейин ечилишига ишонгандик. Аммо...

Шу кунларда шахмат федерациясида ишловчи масъул ходимларидан бири таҳририят билан маошлар масаласида боғланди. Шахси сир қолишини сўраган манбага кўра, Азиз Абдуҳакимовнинг ойликлар масаласида Kun.uz’га берган жавоблари мутлақо ёлғон. У маошлар масаласини ҳал қилганича йўқ. Ташкилот ходимлари ҳозир ҳам ойлик-маошсиз ишлаб келмоқда.

Азиз Абдуҳакимов

У бу борада бизга яна қуйидагиларни сўзлаб берди:

«Ойлик-маошлар муаммоси федерацияда ўтган йили апрель ойида бошланганди. Ўшанда раҳбарият карантин сабаб, федерация ходимларини иш ҳақи тўланмайдиган тартибда меҳнат таътилига чиқариб юборганди. Аммо шу билан бирга иш онлайн тарзда давом этаверди. Биз шу тартибда апрель ойидан йил охири – декабргача ишладик.

2021 йил январь ойида эса президент Шавкат Мирзиёевнинг «Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчилар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори чиқди. Шу қарор билан Ўзбекистонда шахматни ривожлантириш, шунингдек, федерация ходимларининг ойлиги масаласида сезиларли ишлар ҳам қилина бошланди. Масалан, 2021 йил январида марказий шахмат клубидан қарз олинди ва шу қарз ҳисобидан ходимларга январь-февраль ойи учун маошлар тўлаб берилди. Аммо ходимларга ойлик тўлаш шу икки ойни айтмасак, яна тўхтатилди.

Афсуски, шундан бери, мана 5 ойдирки, ойлик олмай ишлаяпмиз. Рости, кўп ходимлар, жумладан, ўзим ҳам дўст-танишлардан қарз-ҳавола қилиб яшаяпман», дейди федерация ходими.

Унинг қўшимча қилишича, ходимларга ўтган вақт давомида бирор марта мукофот ёки рағбатлантириш пуллари ҳам тўланмаган. Шахмат клубидан олинган пуллар эса федерация бўйнидаги қарзлигича қоляпти.

«Эшитишим бўйича, ойликлар масаласида юқори идораларга кўп бор мурожаат қилиняпти, хатлар чиқариляпти, лекин ечимни кўрганимиз йўқ. Шахматни ривожлантирамиз, оммалаштирамиз, дейилди, лекин федерация ходимларининг ўзи ойлик олмаяпти, шахмат қандай оммалашади?» дея сўзларини якунлади федерация ходими.

Kun.uz мухбири ушбу маълумотлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг туризм ва спорт масалалари котибияти мудири Обид Қудратовдан изоҳ олди.

Обид Қудратов

«Бу масаладан қисман хабарим бор. Лекин бизда Шахмат федерацияси бюджет эмас, нодавлат тарзда очилган ташкилотдир. У ҳомийлик ва ўзи ишлаб топган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. Бизда ҳам шахмат федерациясига ҳомий сифатида «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ, «Алоқабанк» ва Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги бириктирилган. 

Биз бу ташкилотларга шахматни ривожлантиришга кўмак беришни сўраб, топшириқ хатлари чиқарганмиз. Аммо тўловлар чўзиляпти. Тўғриси, бу кўпроқ бизга эмас, бошқа шахслар, ташкилотлар билан боғлиқ жараён. Уларни мажбурлаб бўлмайди, лекин биз бюджетдан тўланадиган харажатларни тўлаб келяпмиз», деди Қудратов.

Айни вақтда Япониянинг Токио шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турган Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати ходими Отабек Эшмаматов билан ҳам боғландик. Унинг айтишича, шахмат федерациясидаги бу ҳолат ташкилотда ўтказилаётган тафтиш ишлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.

«Федерация ходимларига ойлик-маошлар берилмаётганидан хабарим бор. Менимча, бу ташкилотнинг аввалги раҳбарияти фаолиятини тафтиш қилиш мақсадида ойликлар музлатиб қўйилгани билан боғлиқ бўлса керак. Ҳолат яна қўшимча ўрганилади», деди у.

Ўзбекистон шахмат федерацияси

Ўзбекистон шахмат федерациясида штат жадвали бўйича ўн нафар мутахассис ўрни ажратилган. Суриштирув давомида маълум бўлишича, деярли бир йилдан буён ойлик-маошсиз ишлаётган бир неча мутахассислар ташкилотни тарк этиб ҳам бошлаган.

Умид қиламизки, соҳа ва унинг ривожига масъул шахс ҳамда ҳомий ташкилотлар Ўзбекистон шахмат федерациясида ҳукм сураётган оғир ҳолатга ечим топишади. Ташкилотда шундоқ ҳам унча катта бўлмаган маошга ишлаётган ходимлар билан эса қонуний ҳисоб-китоблар тўла қилиниши шарт.

Илёс Сафаров, Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид