Жаҳон | 20:47 / 24.07.2021
11939
5 дақиқада ўқилади

Атамбаев Қирғизистонда оммавий тартибсизликлар ташкил қилганликда айбланмоқда

Алмазбек Атамбаевга янги айблов илгари сурилди. Адвокат Замир Жўшев Facebook’даги саҳифасида Қирғизистоннинг собиқ президенти оммавий тартибсизликларни ташкиллаштирганликда айбланаётганини ёзди.

Гап 2020 йил октябрь ойида кузатилган воқеалар ҳақида бормоқда. Ўшанда парламент сайловларида қайд этилган натижалардан норози бўлган қирғизистонликлар оммавий тартибсизликларни юзага келтирганди.

«Навбатдаги асоссиз, аҳмоқона ва юзсизларча айблов ҳақида Алмазбек Шаршеновичга роппа-роса икки ҳафта олдин хабар берилганди. Бу сафар у 2020 йил 9 октябрда Бишкек шаҳридаги Ала-Тоо майдонидаги оммавий норозиликларни ташкиллаштирганликда айбланмоқда. Айбловнинг бемаънилигидан ақл шошади», – деб ёзади ҳуқуқшунос.

Адвокатнинг қайд этишича, Алмазбек Атамбаевга мазкур иш юзасидан гумондорлик бўйича тақдим қилинган билдиришномада унинг ўз жиноий режасини амалга ошириш ҳамда ҳукуматни эгаллаб олиш мақсадида собиқ бош вазир Омурбек Бабанов, маслаҳатчи Фарид Ниязав ва бошқа шахслар билан тил бириктиргани ҳақида ёзилган.

Замир Жўшев 2020 йил 9 октябрда Бишкекнинг қўшни майдонларида иккита митинг бўлиб ўтганини ёдга олади: Садир Жапаровни қўллаб-қувватлаш учун Ҳукумат уйида ва Aла-Тоо майдонида собиқ президент Aлмазбек Aтамбоев иштирокида. Иштирокчилар ўртасида тўқнашув содир бўлган, Эски майдонда намойишчилар Aла-Тоо майдонидаги акция ташкилотчиларига тош отишган.

«Одамлар Aла-Тоо майдонида йиғилганда, ҳукумат уйидаги тажовузкор намойишчилар у ерга келишган. Бир неча дақиқадан сўнг улар тинч митинг иштирокчиларига ҳужум қилишган. Тартибсизликлар пайтида отишма эшитилган, номаълум шахслар собиқ президент ва Сапар Исоқовнинг машинасига ўқ узишган. Тинч намойиш иштирокчилари тарқалишга мажбур бўлишган. Орадан кўп ўтмай, майдонда деярли ҳеч ким қолмаган, шундан сўнг тартибсизликларнинг асл сабабчилари Ҳукумат уйига қайтиб кетишган», – деб эслайди Замир Жўшев.

Адвокат Алмазбек Атамбаевга нисбатан илгари сурилаётган янги айбловда унинг омма ичига салбий ва тажовузкор кайфият олиб киргани, оқибатда оммавий тартибсизликлар юз бериб, ўқотар қуроллардан фойдаланилгани, тошлар ҳамда бошқа қаттиқ буюмлар улоқтирилгани баён қилинганини билдирган.

«Аслида, 9 октябрь куни Атамбаев ва бошқа сиёсатчилар бош мақсади – мамлакатдаги сиёсий беқарорликни йўқотиш, аввалги қонуний йўлга қайтиш, парламент томонидан муносиб номзодни бош вазир лавозимига сайлаш, шунингдек, ҳукуматни зўравонлик билан эгаллашларига йўл қўймасликни талаб қилиб митинг ўтказганди», – дейди адвокат.

У мазкур иш бўйича Қирғизистон ИИВ тергов бош бошқармасига Омурбек Бабанов ва Омурбек Текебаевни, шунингдек, собиқ президент Сооронбай Жээнбековдан дахлсизлик ҳуқуқини олиб, уни ҳам тергов тадбирларига жалб қилиб, сўроққа чақиришни сўраб, талабнома киритганини маълум қилган.

Аввалроқ Атамбаев туркияликларга ноқонуний равишда қирғиз паспортларини беришда гумонланаётгани хабар қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, Атамбаев 2011 йил декабридан 2017 йил ноябригача мамлакатни бошқарган. У 2005 йилдаги «лола инқилоби» иштирокчиларидан бири бўлган, ўшанда у аввалига вазир, кейин ҳукумат раҳбари лавозимларини эгаллаган. У 2011 йилги президентлик сайловларида ғолиб чиқиб, бош вазирликдан президентликка ўтган. Бу у президентлик сайловида учинчи бор иштирок этиши бўлганди.

2017 йилда ҳокимиятга Атамбаевнинг партиядоши Сооронбай Жээнбеков унинг давомчиси сифатида келди. BBC экспертлари фикрича, икки сиёсатчи ўртасидаги кичик низо кейинчалик жиддий қарама-қаршиликка айланган, Атамбаев жамоасидаги бир неча киши жиноий иш доирасида қўлга олингач зиддият янада кескинлашганди.

Жээнбеков собиқ президентни жиноий жавобгарликка тортишга йўл берувчи қонунни имзолаган. Кўп ўтмай Атамбаевга нисбатан коррупция бўйича айбловлар илгари сурилган. Парламент қарорига кўра ундан дахлсизлик ҳуқуқи олиб қўйилган, у бу жараённи сиёсий сабабларга кўра таъқиб этиш сифатида баҳолаб, сўровларга боришдан бош тортганди.

Миллати чечен бўлган «криминал авторитет» Азиз Батукаев 2004 йил қамалганди. У узоқ йиллик қамоқ жазосини ўтаётган вақтда 2013 йил озодликка чиқарилади. Расмий маълумотларда унинг саломатлигидаги муаммо сабаб озод қилингани айтилади. 2013 йилнинг ўзида Қирғизистонда бу иш бўйича суриштирув бошланган ва асосий айбдор сифатида омбудсман раҳбари Турсунбек Акун айтилганди. Аммо суриштирув ишлари тўхтатиб қўйилган.

2019 йил президент Сооронбай Жээнбеков топшириғи билан суриштирув ишлари тикланиб иш доирасида собиқ соғлиқни сақлаш вазири ва собиқ бош прокурор қўлга олинганди. 2020 йилнинг 8 августида Атамбаев Қўй-Тошдаги уйида Қирғизистон хавфсизлик кучлари ўтказган операция доирасида қўлга олинганди.

Суд Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев жиноятчи Азиз Батукаевни пора эвазига қамоқдан чиқарган деб топиб 11 йил-у 2 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилган. Шунингдек, ундан давлат мукофотлари ҳам олиб қўйилган.

Мавзуга оид