Бир вилоятда ўн минглаб «столба» авария ҳолатида. Симёғочлар монополияси тизимнинг «сеҳрли таёқчаси»ми?
Бугунги кунда Ўзбекистонда электр энергиясини сифатли тарзда аҳолига етказиб бериш энг оғриқли масалалардан бири экани шубҳасиз. Умуман, йиллар ортидан йиллар ўтяптики, тизимдан аҳоли рози бўлмаяпти, мўътадиллик йўқ. Соҳада аҳоли ва бизнес вакилларининг энг оддий эҳтиёжларини-да қондириб бера оладиган даражадаги жиддий ислоҳот кузатилмади. Kun.uz электр энергияси таъминотидаги муаммоларга сабаб бўлаётган муаммоларнинг бир бўлаги бўлган – симёғочлар масаласига Самарқанд вилояти мисолида эътибор қаратди.
Афсуски, мамлакатда электр энергиясини ишлаб чиқариш ёки сотиб олишдан ташқари, уни етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар ҳам талайгина. Хусусан, аҳоли электр энергиясидан кўпроқ фойдалана бошласа, узилиш кўпаяди ва соҳа мутасаддиларидан кўпинча бир хил жавоб келади: «Трансформаторлар ва симёғочлар ўтган асрнинг ўрталарида ўрнатилган. Катта босимни кўтара олмаяпти».
Гўёки шу жавоб билан бирор-бир хонадонга ёруғлик кириб борадигандек.
Тизим янгиланмаган бўлса, истеъмолчида нима айб? Аҳоли кўпаяётган бўлса, истеъмолчида нима айб? Бу ҳақда ким ўйлаши керак? Тизим тепасидагиларми ёки аҳоли?
Дарвоқе, Kun.uz’га бўладиган мурожаатларнинг аксарияти симёғочлар ва трансформаторларнинг етишмаслиги билан боғлиқ экани ҳам сир эмас.
Яқинда Фориш тумани электр корхонаси раҳбари бир йилда туманга 100-150тагача симёғоч ажратилишини маълум қилганди. Туман ҳудудида жами 4000та симёғочлар таъмирталаб экан. Бу дегани, Форишдаги симёғочлар тўлиқ соз ҳолатга келгунича яна 25 марта қовун пишади!
Мисол учун, «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти берган маълумотга кўра, вилоятда жами 565 мингдан ортиқ симёғоч мавжуд бўлиб, шундан 245 мингтаси эски, ёғоч устунлар бўлса, 60825таси авария ҳолатида, яъни алмаштирилиши керак.
Ҳозирги вақтда Самарқанд вилоятининг Хишрав қўрғонида битта - «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ темир-бетон таянчлар ишлаб чиқариш цехи фаолият кўрсатмоқда. Бир суткада 60та, бир йилда 16 мингга яқин темир-бетон таянчлар ишлаб чиқарилиши маълум қилинди.
Бундан ташқари, «Ўзқишлоқэлектрқурилиш» АЖга қарашли Қамаши темир-бетон устунлари ишлаб чиқариш заводи томонидан ҳам Самарқандга симёғочлар етказиб берилаётган экан.
Шу ўринда бир таҳлил. Самарқанд вилояти бўйича 2021 йилда 5025 дона темир-бетон устунлари етказиб берилиши режалаштирилган.
Хусусан, жорий йилда Ургут туманига 2197 дона темир-бетон устунлари ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 777 дона темир-бетон устунлари ажратилган.
Эътибор беринг, вилоят миқёсида 60 825та симёғоч авария ҳолатида, 245 мингтаси ёғоч устунлар. Демак, авария ҳолатидаги симёғочларни янгилаб чиқиш учун ҳам ўн йиллар керак.
Жорий йилнинг ўтган олти ой давомида Ургут туманига белгиланган темир-бетон устунларни етказиб бериш режаси 30 фоиз атрофида бажарилганини ҳисобга олсак, вазиятни тасаввур қилиш қийин эмас. Келгуси олти ойда қолган 1420та симёғоч Ургутга етиб борармикан ёки келгуси йиллар дастурларига қолиб кетармикан?
Самарқанд вилоятида қолган 180 мингта ёғоч устунларни янгилаш ҳақида-ку ҳали гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
Қизиқ, мамлакатда электр энергиясини аҳолига мунтазам етказиш, соҳада сифатни ошириш ҳақида гапириляпти-ю ҳали оддийгина симёғоч муаммоси ҳал этилгани йўқ. Шу кетишда бўлса, яқин ўн йилларда ҳам симёғоч муаммоси ҳал бўлмаслиги аниқ.
Талабга жавоб берадиган трансформаторлар билан бутун мамлакатни тўлиқ таъминлаш бу камида Марсга учишдек гап!
Хўп, нега бутун бошли вилоят бўйича темир-бетон устунлар ишлаб чиқарадиган корхона битта бўлиши керак? Бу матоҳни ишлаб чиқариш шунчалик мураккабмики, тадбиркорлар қўлига ўтиши мумкин бўлмаса? Ўн-йигирма йиллик муаммолар, одамларнинг кайфиятини бузаётган, норози қилаётган соҳани наҳотки бир-икки йилда бартараф этишнинг имкони йўқ? Ойдинлашадики, бу борада ҳам МОНОПОЛИЯ бор. Тадбиркор бу соҳага яқинлашолмайди.
Тадбиркорлар бу соҳага яқинлашмаслигининг ўзига яраша сабаблари бор. 2020 йил 28 февралда Вазирлар Маҳкамасининг «Тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига улаш тартибини соддалаштириш ва бизнес муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Мазкур қарорда иқтисодий самарадорликни баҳолаган ҳолда «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг ҳудудий электр тармоқлари ташкилотлари таркибида 2020 йилда темир-бетон таянчлари, металл ва бетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш цехлари ва қурилиш бўлинмаларини ташкил этиш кўзда тутилган. Хусусан, «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти ҳам Хишрав қўрғонидаги цех юқоридаги қарор асосида фаолият кўрсатаётганини маълум қилган.
Хўш, бутун бошли саноати ривожланган катта бир вилоятда темир-бетон устунлари ишлаб чиқарадиган корхона нега битта? Сабаб, «Тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига улаш тартибини соддалаштириш ва бизнес муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор бошқа исталган тадбиркорлик субъектига бу иш билан шуғулланиш ваколатини бермайди. Натижада, бутун мамлакатда симёғоч муаммоси саноқли корхоналарнинг монополияси сабаб яшашда давом этади.
Хулоса шундай: ёки мамлакатда электр энергиясига масъуллар сунъий тарзда симёғоч муаммосини юзага келтириш орқали узилишларни «столба»ларга боғлаб қўйишяпти, ёки бўлмаса «столбалар» савдосидан, бутун бошли вилоятлар, туманларда талабнинг ортиб бораётганидан манфаатдор кимсалар бор.
Хулоса қилиш ҳар кимнинг ўзига. Чуқур таҳлил ва жўяли жавобни соҳа мутахассисларига қолдирамиз.
Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
18:20 / 18.12.2024
Ўзбекистон 2025 йилда ҳам Афғонистонга электр энергиясини етказиб беради
23:12 / 12.12.2024
Самарқандда 5,5 млрд сўмлик электр энергияси талон-торож қилинди
12:18 / 08.12.2024
Самарқандда қаровсиз қолган 14 ёшли қиз вақтинча қариндошлари қаровига топширилди
18:33 / 03.12.2024