Жаҳон | 20:58 / 24.07.2021
16790
3 дақиқада ўқилади

Тожикистон 100 минг нафар афғон қочқинларини қабул қилишга тайёр

Мамлакат фавқулодда вазиятлар қўмитаси раиси ўринбосари Имомали Иброҳимзоданинг айтишича, Тожикистон 100 мингга яқин афғон қочқинини қабул қилишга тайёр.

Фото: Андрей Соломонов

Унинг сўзларига кўра, қочқинлар Афғонистон билан чегара яқинида жойлашган Тожикистон Мудофаа вазирлигининг дала-ўқув майдонларига жойлаштирилиши мумкин. Заруратга қараб ундан ҳам кўпроқ афғонистонликларга ёрдам берилиши кўзда тутилган.

“Халқаро ташкилотлар билан биргаликда афғон қочқинларини қабул қилиш бўйича мавжуд имкониятимизни ўрганяпмиз”, дея Имомали Иброҳимзодадан иқтибос келтирмоқда ОАВ.

Тожикистон фавқулодда вазиятлар қўмитаси раиси ўринбосарининг маълум қилишича, тез орада Кушониён ва Хоруғда қочқинлар учун мўлжалланган чодирлар, кўрпа-тўшаклар, гигиена воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари сақланадиган иккита омборхона ташкил этилади. Бундан ташқари, мамлакатда қочқинлар учун махсус лагерлар барпо этилмоқда.

Имомали Иброҳимзоданинг таъкидлашича, июль ойида Тожикистон толиблар ҳужумидан қочиб мамлакат ҳудудига ўтган мингдан ортиқ Aфғонистон фуқароларини қабул қилган. Қочқинларга вақтинчалик уй-жой, тиббий ёрдам, кунига учта иссиқ овқат, чойшаб ва ошхона анжомлари берилган. Мулозим сўнгра афғонистонликлар Кобул ва Мозори-Шарифга ўн битта чартер рейслари билан қайтариб юборилганини маълум қилди.

Аввалроқ Тожикистоннинг Хатлон вилояти ҳудудида афғон қочқинлари учун вақтинчалик база барпо этилиши, бунинг учун вилоятнинг Жайҳун тумани ҳудудидан махсус жой ва ҳудудий бюджетдан керакли сумма ҳам ажратилгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиши ортидан толиблар мамлакат ҳудудларини бирин-кетин эгаллаб олмоқда. Аксарият тўқнашувларда афғон ҳукумат қўшинлари «Толибон»га мағлуб бўлмоқда ва жон сақлаш қолиш учун ҳудуддаги тинч аҳоли билан биргаликда қўшни давлатлар ҳудудига чекинишга мажбур бўлмоқда.

Афғонистон билан энг катта чегара чизиғига эга бўлган Тожикистон ҳудудига қарийб бир ойдан бери афғон қочқинларининг ўтиши давом этмоқда. Маълум қилинишича, тожик чегарачилари инсонпарварлик ва яхши қўшничилик тамойилларига амал қилиб, афғон ҳарбийларига ўз ҳудудига ўтишга рухсат бериб келишяпти. Тожикистон президенти Имомали Раҳмон тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлаш учун 20 минг ҳарбий хизматчини сафарбар қилган.

Афғон қочқинлари Тожикистондан ташқари Ўзбекистон, Покистон ҳудудига ҳам қочиб ўтишган. 16 июль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференцияда Покистон бош вазири Имрон Хон айни пайтда 3 миллиондан ортиқ афғон қочқинлари Покистонда жон сақлаётганини маълум қилган.

БМТ маълумотларига кўра, 5,7 миллион қочқин «Толибон» қулаганидан кейин мамлакатга қайтиб келган, 2,7 миллион қочқин эса Покистон ва Эрон каби давлатларда қолмоқда. 4 миллион ички муҳожир ҳамон ўз уйларидан узоқда.

Bloomberg агентлиги президент Жо Байден маъмурияти Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистондан Америка қуролли кучлари билан ҳамкорлик қилган 9 минг нафар афғонистонликни ўз ҳудудларида вақтинча жойлаштиришни сўраб мурожаат қилгани тўғрисида хабар берганди.

Мавзуга оид